Orphus tizimi

Қонунчиликдаги ўзгаришлар

Янги Фармон божхона тизимини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади

Янги Фармон божхона тизимини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 12 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга имзо чекди.

Фармонда таъкидланганидек, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг шаффофлигини ва улардан эркин фойдаланиш имкониятини, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, экспорт-импорт операцияларининг мутаносиблигини таъминлаш тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш шароити ва сифатини яхшилашнинг энг муҳим шартлари ҳисобланади.

Шу билан бирга, божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари ва узоқ муддатлари, божхона органлари ходимлари ўртасидаги коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг сақланиб қолаётганлиги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда.

Бундан ташқари, ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш соҳасида идоралараро ва халқаро ҳамкорликнинг суст ташкил этилганлиги контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни олиб киришнинг олдини олиш вазифаларини самарали бажариш, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш имконини бермаяпти.

Шу боисдан, умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида божхона органлари фаолиятини ҳамда божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорлик ва туризмни фаол ва жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ушбу Фармон қабул қилинди.

Фармонда қайд этилишича, талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганлик учун божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда.

Фармонга биноан қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади:

биринчидан, божхона органларининг барча даражадаги тузилмалари вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш, шунингдек, божхона органлари марказий ва ҳудудий маҳкамаларининг самарали фаолият кўрсатишини ташкил қилишда соҳавий тузилмаларнинг мувофиқлаштирувчи роли ва услубий кўмагини кучайтириш;

иккинчидан, божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш;

учинчидан, Олий ҳарбий божхона институти фаолиятини, юқори профессионал кўникмага, маънавий-ахлоқий сифатларга ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусига эга бўлган кадрларни тайёрлаш, танлаш ҳамда жой-жойига қўйиш тизимини тубдан такомиллаштириш;

тўртинчидан, товарларни ноқонуний олиб киришнинг асосий шакллари ва услублари ҳамда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемалари ҳақидаги маълумотларни аниқлаш, ўрганиш ва умумлаштириш орқали божхона тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш, бюджетнинг даромад қисмини ошириш;

бешинчидан, “ялпи” божхона назоратини ўтказишдан ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтириш имконини берувчи хавфни бошқариш тизимига ўтиш;

олтинчидан, божхона назоратини амалга оширишнинг замонавий шакллари, услублари ва техник воситаларини татбиқ этиш ҳисобига Давлат чегара ўтказиш пунктларида божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартириш;

еттинчидан, божхона органлари барча таркибий тузилмаларининг фаолияти ва идоралараро ахборот алмашинуви самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

саккизинчидан, хорижий давлатларнинг божхона органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, божхона иши соҳасида илғор тажрибани, халқаро норма ва стандартларни тизимли ўрганиш ва жорий қилиш.

Фармон билан қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди:

божхона органларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар, уларнинг вазифа ва функцияларини оптималлаштириш;

божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

божхона назорати самарадорлигини ошириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

самарали идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, божхона органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш.

Вазирлик ва идоралар, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раҳбарлари Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгиланди.

Фармон билан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб белгиланадики, унга мувофиқ:

товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинади;

бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви (жисмоний хусусияти, сифати, ишлаб чиқарувчиси, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича) даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилади;

айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида карантин рухсатномалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади;

бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга оширилади;

ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга;

импорт товарлари амалда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига етиб келишидан олдин, жумладан, товарларни бевосита чегара ўтказиш пунктларида эркин муомалага чиқариш орқали инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида ушбу товарларни дастлабки декларациялаш амалиёти жорий этилади;

божхона органлари солиқ органлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти органлари билан биргаликда устав капиталида давлат улуши бўлган давлат корхоналари ва ташкилотлари томонидан импорт қилинаётган товарларнинг нархини ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўйича мунтазам равишда мониторинг ўтказади;

божхона омборларида уч йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва улар уч ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолларда суд қарори асосида давлат фойдасига ундирилади, кейинчалик белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан сотилади ёки йўқ қилинади;

божхона органлари тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг уларнинг божхона назоратини амалга оширади;

божхона органлари томонидан етакчи халқаро ташкилотлар услубиёти асосида мунтазам равишда товарлар божхона расмийлаштирувининг ўртача вақти тизимли ўрганиб борилади, уларнинг натижалари эълон қилинади, шунингдек, ушбу соҳадаги кўрсаткичларни изчил яхшилаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилади.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тузилмасида штат бирликларининг умумий сони доирасида қуйидаги янги бошқармалар ташкил этилади:

Божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш бошқармаси,

Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси,

Ташқи савдо операциялари ва божхона статистикаси мониторинги бошқармаси.

Фармонда мазкур бошқармаларнинг вазифалари ҳам кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига бир қатор муҳим топшириқлар юклатилди. Жумладан,

2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда товарларнинг божхона назоратини танлов асосида ўтказишни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатлари нормалари бир хилда қўлланилиши, божхона тартиб-таомиллари самарадорлиги, ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасига мувофиқ товарларни тўғри таснифлаш, уларнинг божхона қийматини тўғри аниқлашни мониторинг қилиш ва баҳолашни назарда тутувчи божхона постлари фаолиятини назорат қилишнинг таъсирчан тизимини ишлаб чиқиш;

“Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти” ва “Тошкент-товар” божхона постларида божхона тартиб-таомилларини максимал даражада соддалаштириш, божхона тўловларининг тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш, товарларнинг ноқонуний импорти ва контрабандани аниқлашга қаратилган божхона маъмуриятчилигининг замонавий услубларини қўллаш бўйича дастлабки лойиҳаларни амалга ошириш ишларини тезлаштириш ҳамда ижобий тажрибани бошқа божхона постларида қўллаш;

моддий рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини мувозанатли қўллаш имконини берувчи божхона постлари ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисига юқори профессионал маҳорат, ахлоқий ва маънавий сифатларга эга, ҳар томонлама етук ва ватанпарвар ёшларни божхона органларига жалб этишга йўналтирилган кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини яратиш, ходимларнинг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, қонунбузилишининг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабат муҳитини яратиш, жамоада соғлом муҳитни шакллантириш, фидокорона хизмат қилаётган ходимларни ҳар томонлама рағбатлантириш, хизмат интизомини ҳамда қонунчилик талабларини қўпол равишда бузган ходимларни интизомий ва бошқа жавобгарликларга тортиш бўйича чоралар кўриш юклатилди.

Фармонда 26 январь - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимларининг куни этиб белгиланди.

Энг муҳим янгиликлардан яна бири шундаки, 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Фармоннинг тўлиқ матни билан матбуот саҳифаларида танишишингиз мумкин.  


13.04.2018 453

 
Муҳокама матни*
Защита от автоматических сообщений
Файл юклаш

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР