Orphus tizimi

Юридик шахслар учун

Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби бўйича тушунтириш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 
2016 йил 6 апрелда 2773-сон билан рўйхатдан ўтган 
Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома талаблари асосида БЮДни тўлдириш бўйича тушунтириш
ТУШУНТИРИШЛАР

2016 йил 21 апрель кунидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2016 йил 6 апрелда 2773-сон билан рўйхатдан ўтган Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (бундан бўён мантда – Йўриқнома деб юритилади) кучга кириши муносабати билан амалиётда БЮДнинг айрим графаларини тўлдириш тартиби бўйича баъзи бир саволлар юзага келмоқда. Мазкур саволларга жавоб бериш, Йўриқноманинг амалиётда бир хилда қўлланилишини таъминлаш, келгусида БЮД графаларини тўлдиришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олиш мақсадида қуйида БЮДни тўлдириш бўйича айрим тушунтиришлар берилади.

1. Йўриқноманинг 11-бандига кўра, “товарнинг кузатув ҳужжатларида шахслар, товарлар, транспорт воситалари номланишлари ва бошқа маълумотларнинг лотин ёки бошқа (араб, хитой ва ҳ. к.) алифболар ҳарфларида ёзилганлиги ҳолатлари учраса, у ҳолда бундай маълумотлар БЮДда лотин алифбоси ҳарфлари билан, кирилл алифбосидаги номланишлар кирилл алифбоси ҳарфлари билан ёзилади”.

Масалан: шахснинг номи — «Central global cargo Gmbh», «Xinjiang zhongtai chemical Co., LTD», «Магнитогорский металлургический комбинат», Куприянов Игорь Михайлович;

автотранспорт воситаси номи — техник восита паспорти ёки расмий справочникларга мувофиқ — «Toyota land cruiser», «BMW 523i», «MAN», «КАМАЗ», «МАЗ»;

товар номи — «Mars», «Adidas», «Алёнка», «Русское поле».

Сўнгги йилларда дунёда, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқнинг ҳимоясига алоҳида эътибор ажратилоқда. Бу нарса Божхона кодексининг 56-бобида (Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш) ҳам ўз аксини топган. Ушбу банднинг Йўриқномага киритилиши Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасида божхона органларга юклатилган вазифаларни тўлақонли бажаришга, бундан ташқари БЮДдан ТИФ қатнашчилари, товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумот олишга ёрдам беради.

2. Экспорт божхона режимида товарнинг юк жўнатувчи томонидан ишлаб чиқарилганлиги ёки у томонидан ишлаб чиқарилмаганлиги тўғрисидаги белги (тегишлича “1” ёки “0”), Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида эса товар юкни қабул қилувчининг ўз эҳтиёжи учун мўлжалланганлиги ёки ўз эҳтиёжи учун мўлжалланмаганлиги тўғрисидаги белги (тегишлича “1” ёки “0”) БЮДнинг 1-графаси 3-бўлмасида эмас, балки 43-графасида кўрсатилишига эътибор бериш лозим.

3. Экспорт божхона режимида БЮДнинг 2-графасини (Экспортчи/юкни жўнатувчи) ҳамда Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида БЮДнинг 8-графасини (Импортчи/юкни қабул қилувчи) тўлдириш тартибида жиддий ўзгаришлар бўлганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ушбу ўзгаришларга асосан:

- экспорт божхона режимига расмийлаштирилаётган товарлар бўйича БЮДни тўлдиришда товарларнинг экспортчиси ва юкни жўнатувчи турли шахслар бўлса, яъни жўнатувчи товарни экспортчи ёки бошқа шахснинг топшириғига асосан жўнатаётган бўлса, ёхуд шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда БЮДнинг 2-графасида графада аввал экспортчининг (товарни етказиб бериш тўғрисида топшириқ берган шахснинг) қисқача номи, сўнгра жўнатувчи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Бунда БЮДнинг 2-графасини тўлдириш Йўриқноманинг 22-банди 2-кичик банди талабларига асосан амалга оширилиши лозим;

- эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида БЮДни тўлдиришда агар импортчи ва юкни қабул қилувчи турли шахслар бўлса, яъни қабул қилувчи товарни импортчи ёки бошқа шахснинг топшириғига асосан қабул қилиб олаётган бўлса, ёхуд шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда БЮДнинг 8-графасида аввал импортчининг (товарни қабул қилиб олиш тўғрисида топшириқ берган шахснинг) қисқача номи, сўнгра қабул қилувчи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Бунда БЮДнинг 8-графасини тўлдириш Йўриқноманинг 25-банди 6-кичик банди талабларига асосан амалга оширилиши лозим.

Шунингдек, товарларни Вақтинчалик сақлаш (ИМ70) ва Божхона омбори (ИМ74) божхона режимларига жойлаштиришда товарнинг импортчиси (молиявий тартибга солувчи шахс, якуний истеъмолчи) тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаслиги мумкин, шу сабабли ушбу режимларда БЮДнинг 8-графасини тўлдиришда товарлар импортчиси ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт эмас.

4. Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида БЮДнинг 18-графасини (Жўнатиш/етказиб бериш вақтидаги транспорт воситаси) тўлдиришда шунга эътибор бериш лозимки, Йўриқноманинг 25-банди 14-кичик бандига асосан 18-графада товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудуди бўйлаб ташиган, яъни товарни Ўзбекистон чегарасидаги ўтказиш пунктидан божхона режимига жойлаштириш учун божхона органига етказиб берган транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Масалан, товар Бразилияда денгиз транспортига юкланди. Кейинчалик Россияда темир йўл транспортига қайта юкланиб, Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини темир йўл транспортида кесиб ўтди ва “Каракалпакия” станциясига келиб тушди. “Каракалпакия” станциясида товар автотранспортга қатй юкланди ва “Аркбулоқ” божхона постига юборилди. “Аркбулоқ” божхона постда товар маълум бир божхоа режимига жойлаштирилмоқда (вақтинчалик сақлаш, божхона омбори, эркин муомалага чиқариш ва ҳ.к.). Ушбу ҳолатда БЮДнинг 18-графасида автотранспорт воситаси ҳақида маълумот кўрсатилади.

5. Шунингдек, БЮДнинг 20-графасини (Етказиб бериш шартлари) тўлдириш тартибида ҳам айрим ўзгаришлар бўлганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, ушбу графада товарларни етказиб бериш шартлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда бундан бўён товарларни етказиб бериш шартининг рақамли ва ҳарфли коди, етказиб бериш географик пункти билан бир қаторда, ушбу географик пункт жойлашган мамлакатнинг ҳарфли коди, агар етказиб бериш пункти икки мамлакат чегарасида жойлашган бўлса мазкур иккита мамлакатнинг ҳарфли кодлари ҳам кўрсатилиши белгиланган. Ушбу ўзгартириш товарларнинг статистик қиймати тўғри белгилаш, амалиётда бу борада юзага келаётган айрим мунозарали ҳолатларга барҳам бериш мақсадида киритилган.

6. Йўриқномада қўшимча равишда 30-графанинг тўлдирилиши белгиланган. Ушбу графада БЮДни тақдим этиш вақтида товарлар назорати остида турган божхона постининг коди (товар аввал божхона режимига жойлаштирилмаган бўлса божхона кўригини амалга оширадиган пост ёҳуд вақтинчалик сақлаш ёки божхона омбори режимларига жойлаштирган пост) ҳамда БЮДни тақдим этиш вақтида товарлар турган жой ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Агар БЮДни тақдим этиш вақтида товар божхона омборида турган бўлса, товар вақтинчалик сақлаш ёки божхона омбори божхона режимларига жойлаштирилган ёки ушбу божхона режимларига жойлаштирилмаганлигидан қатъий назар божхона омборини таъсис этиш учун берилган лицензия рақами ва санаси кўрсатилади.

7. БЮДнинг 31-графасини (Юк жойлари ва товар тавсифи) тўлдирилиши тартибига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Ушбу графага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар товар тўғрисида имкон қадар тўлиқ ва тўғри маълумот олишга қаратилган. БЮДнинг 31-графасидаги маълумотлар товарнинг ТИФ ТН кодининг тўғри белгиланишига, божхона қиймати тўғри белгиланиши ва божхона тўловларининг тўғри ҳисобланишига, товарларни олиб кириш ва олиб чиқишга доир таъқиқ ва чекловларга риоя этилишига бевосита боғлиқлигини эътиборга олиб, мазкур графа Йўриқнома талабларига қатъий риоя этилган ҳолда тўлдирилиши муҳим аҳамиятга эга. Йўриқномада БЮДнинг 31-графасида товарнинг номи, товар белгиси, маркаси, модели, бренди, артикуллари, навлари, стандартлари ва бошқа техник ва тижорий тавсифлари, товарнинг миқдорий ва сифат таркиби тўғрисидаги маълумотлар, маркировкалари, ўрамлари, товар ташилган контейнерлар ҳамда товар бўйича божхона тўловлари ҳисобланиши, иқтисодий сиёсат чораларининг қўлланилиши учун зарур бўлган кўрсаткичлари ва товар ҳақидаги бошқа маълумотлар батафсил кўрсатилиши белгиланган.

Шунингдек, БЮДнинг 31-графасини тўлдиришда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

а) БЮДнинг 31-графасида “1”, “2”, “4”, “5” тартиб рақамлари остида остида кўрсатиладиган маълумотлар, 31-графа детализациясида эмас, балки электрон БЮДда бевосита товар ҳақида умумий маълумотларни киритиш учун ажратилган майдончада кўрсатилади. Келгусида Йўриқнома талабларидан ҳамда амалиётда юзага келаётган муаммоларда келиб чиққан ҳолда БЮД 31-графаси тузилмаси такомиллаштирилиши мумкин;

б) 31-графанинг пастки чап бурчагида экспортда товар ишлаб чиқарувчисининг ёки импортда товар истеъмолчисининг КТУТ коди кўрсатилади. Агар товар ишлаб чиқарувчиси ёки истеъмолчиси номаълум бўлса, ёки улар бир нечта бўлса, экспортда экспортчининг ёки импорта импортчининг КТУТ коди кўрсатилади. Экспортёр ёки импортёр деганда молиявий тартибга солиш учун жавобгар шахс (контракт эгаси), юк жўнатувчига юкни жўнатиш, юкни қабул қилувчига юкни қабул қилиш тўғрисида топшириқ берган шахсни тушуниш лозим.

8. БЮДнинг 36-графасини (Преференция) тўлдиришда:

а) агар импорт қилинаётган товарга нисбатан Савдо иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими бериш тўғрисидаги битим доирасида преференция берилаётган (импорт божхона божи белгиланган ставка бўйича ундирилаётган) бўлса, бундай ҳолатда божхона тўловларидан имтиёзлар ҳисобланмаганлиги сабабли импорт божхона божини тўлаш хусусиятининг коди – “О” кўрсатилади;

б) агар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига асосан товарга нисбатан акциз солиғи ставкаси белгиланмаган бўлса акциз солиғини тўлаш хусусияти коди – “О” кўрсатилади;

в) агар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ товарга нисбатан “0” ставкада божхона тўловлари белгиланган бўлса, тегишли божхона тўловини тўлаш хусусиятининг коди – “О” кўрсатилади;

г) импорт қилинаётган товарга нисбатан Эркин садо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги Битим доираида преференция қўлланилаётган бўлса (товар импорт божхона божини тўлашдан озод этилаётган бўлса):

- импорт божхона божини тўлаш хусусиятининг коди ­– “Е” кўрсатилади;

- импорт божхона божи бўйича берилган преференциядан келиб чиққан ҳолда, қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳам қисман имтиёзлар ҳисобланганлиги сабабли ҚҚСни тўлаш хусусиятининг коди ҳам - “Е” кўрсатилади;

д) товарларни Божхона кодексига мувофиқ божхона тўловларини тўлашдан озод этиладиган ёки шартли озод этиладиган божхона режимларига жойлаштиришда (масалан, божхона омбори, божхона ҳудудида қайта ишлаш, реэкспорт ва ҳ.к.) божхона тўловларини тўлаш хусусиятининг коди – “О” кўрсатилади;

е) товарларни экспорт божхона режимига мувофиқ олиб чиқишда божхона тўловларини тўлаш хусусиятининг коди – “О” кўрсатилади.

9. БЮДнинг 37-графасини (Процедура) тўлдиришда:

- маҳсулотларни тақсимлаш бўйича битимлар (соглашения о разделе продукций - СРП) доирасида олиб ўтилаётган товарлар бўйича товарларни олиб ўтиш хусусияти коди – “062” кўрсатилади;

- вақтинчалик олиб кириш ёки вақтинчалик олиб чиқиш божхона режимларига жойлаштирилаётган ҳамда вақтинчалик олиб кириш божхона режимидан сўнг қайтариб олиб чиқиб кетилаётган ёки вақтинчалик олиб чиқиш божхона режимидан сўнг қайтариб олиб кирилаётган товарлар бўйича уларнинг муддатига қараб тегишлича “023”, “024”, “123”, “223”, “124”, “224” олиб ўтиш хусусиятлари кодларидан бири қўйилади.

10. Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида БЮДнинг 40-графасини тўлдириш тартибига ҳам айрим ўзгартиришлар киритилган. Жумладан:

- товарлар баён этилаётган божхона режимидан аввал бошқа божхона режимига жойлаштирилган бўлса, графада товарларни аввалги божхона режимига жойлаштириш учун асос бўлган БЮД ҳақида;

- товарларга нисбатан аввал БЮД тақдим этилмаган бўлса, графада товарларни божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун ички божхона органига етказиб бериш учун асос бўлган етказиб беришни назорат қилиш ҳужжатлари (юкни етказиб беришни назорат қилиш китобчаси, МДП китобчаси) ҳақидаги маълумотлар Йўриқномада белгиланган тартибда кўрсатилиши лозим.

11. БЮДнинг 44-графасини (Қўшимча маълумотлар/тақдим этилаётган ҳужжатлар) тўлдиришда БЮДни тўлдиришга асос бўлган ҳар бир ҳужжат тўғрисидаги маълумотлар Йўриқноманинг 12-иловасида келтирилган Божхона юк декларациясини тўлдиришда фойдаланиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар турлари таснифлагичига мувофиқ ҳужжатнинг тартиб рақами ва ҳарфли кодини қўйган ҳолда кўрсатилиши лозимлигига эътиборни қаратиш лозим.

Бундан ташқари, БЮДнинг 44-графасини тўлдириша қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

а) агар товарлар маҳсулот тақсимотига доир битим (СРП) доирасида олиб ўтилаётган бўлса, маҳсулот тақсимотига доир битим ҳамда товарларни етказиб бериш (олиб кириш) бўйича келишув (контракт) тўғрисидаги маълумотлар ҳар бири алоҳида БЮДнинг 44-графасига “301” тартиб рақами остида “КНТ” коди билан кўрсатилади;

б) БЮДни тўлдиришда фойдаланилган, лекин Йўриқноманинг 12-иловасида келтирилган Таснифлагичда келтирилмаган ҳужжатлар ва маълумотлар БЮДнинг 44-графасида 899 тартиб рақами ва “ДРГДОК” ҳарфли коди остида кўрсатилиши лозим. Бунда ҳужжатнинг тўлиқ номи электрон БЮДда изоҳлар учун алоҳида ажратилган майдончада кўрсатилиши мумкин.

12. БЮДнинг 46-графасини тўлдиришда товарларнинг статистик қиймати минг АҚШ долларида кўрсатилиши ва вергулдан сўнг уч белгигача аниқликда яхлитланиши лозимлигини таъкидлаб ўтиш керак.

13. Амалиётда юзага келаётган айрим муаммоларни ҳар этиш мақсадида БЮДнинг 54-графасини (Жой ва сана) тўлдириш тартибига ҳам айрим ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, ушбу графада қўшимча равишда:

- божхона брокери ва декларант (юк эгаси) ўртасидаги битим мавжудлигини тасдиқлаш мақсадида божхона брокери ва топшириғига асосан БЮД тақдим этилаётган шахс ўртасидаги битим рақами ва санаси кўрсатилиши;

- амалиётда битта товар бўйича техник хатоликлар туфайли бир нечта БЮДларнинг расмийлаштириб юборилганлиги ҳолатлари юзага келаётганлигини эътиборга олиб, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мутахассис томонидан БЮДга берилган тартиб рақами кўрсатилиши белгиланган.

Масалан, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис божхона постига маълуб бир тартиб рақами остида (000012) БЮДни юборди. Маълум вақт ўтгач мутахассис БЮДда хато мавжудлигини аниқлади. Бу ҳолда мутахассис хатони тўғрилаб, БЮДни ҳудди шу тартиб рақами билан (000012) божхона постига қатадан юбориши керак. Мазкур ҳолатда, АСОД дастури:

- агар БЮД тақсимланмаган ёки рўйхатга олинмаган бўлса, автоматик тарзда аввалги БЮДни “қайтарилган” мақомига ўтказади ва унинг ўрнига тўғриланган БЮДни қабул қилади;

- агар БЮД рўйхатга олинган бўлса, мутахассис бу ҳақида тегишли хабарнома олади. Бундай ҳолатда мутахассис ўрнатилган тартибда божхона постига мурожаат қилиши лозим.

14. Йўриқноманинг 35-бандига асосан аввал вақтинчалик олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайтариб олиб чиқиб кетиш реэкспорт божхона режимига мувофиқ амалга оширилади.

15. Йўриқноманинг 39-бандига асосан аввал вақтинчалик олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайтариб олиб кириш реимпорт божхона режимига мувофиқ амалга оширилади.

16. Товарларни Божхона омбори божхона режимига жойлаштиришда товарнинг божхона қийматини аниқлаш ва БЮДнинг 45-графасини тўлдириш масаласи узоқ вақтлардан бўён баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган эди.

Бундай баҳс-мунозаларга қонун ҳужатларида товарнинг божхона қиймати - божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қиймати сифатида белгилаб қўйилганлиги (Божхона кодексининг аввалги таҳрири 106 моддасида ҳамда янги таҳрирдаги Божхона кодексининг 301-моддаси), бироқ товарларни Божхона омбори божхона режимига жойлаштириш вақтида аксарият ҳолатларда зарур ҳужжатлар етарли бўлмаганлиги учун божхона қийматини аниқлаш имконияти мавжуд эмаслиги сабаб бўлаётган эди.

Шу сабабли, бундай баҳс-мунозараларга чек қўйиш мақсадида Йўриқноманинг 45-банди 2-кичик бандида Божхона омбори божхона режимида тўлдирилаётган БЮДнинг 45-графасида товарнинг божхона қиймати сифатида БЮДнинг 42-графасида кўрсатилган фактура қиймати қабул қилиниши белгилаб қўйилди.

17. Товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлагандан сўнг қайтариб олиб киришда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимидан сўнг қайта ишлаш маҳсулотларини ҳамда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарларнинг чиқиндиларини қайтариб олиб кириш эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида (Божхона кодекси 53-моддаси ва Йўриқноманинг 72-банди);

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарни ҳамда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарнинг қолдиқларини қайтариб олиб кириш реимпорт божхона режимида амалга оширилади (Божхона кодекси 52-моддаси ва Йўриқноманинг 74-банди).

18. Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимидан сўнг қайта ишлаш маҳсулотларини, божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилган товар, товарнинг чиқиндилари ва қолдиқларини қайтариб олиб чиқиб кетиш реэкспорт божхона режимига мувофиқ амалга оширилади (Божхона кодекси 32-моддаси ва Йўриқноманинг 79-банди).

19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида”ги 1999 йил 30 апрелдаги 204-сон қарорининг иловасига мувофиқ товарларни божхона расмийлаштируви учун йиғим:

а) “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида товарларни қайташ ишлаш бўйича хизматлар қийматидан 0,1 фоиз, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;

б) “божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш” божхона режимида товарларни қайташ ишлаш бўйича хизматлар қийматидан 0,2 фоиз, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, товарларни беғараз (тўловсиз) асосда қайта ишлашда, қайта ишлаш бўйича хизматлар бепул кўрсатилаётганлигини инобатга олиб, божхона расмийлаштируви учун йиғим энг кам ойлик иш ҳақининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

20. БЮДда қиймат кўрсаткичлари кўрсатиладиган графалар сони чекланганлиги сабабли, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимидан сўнг олиб кирилаётган қайта ишлаш маҳсулотларини эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришда қайта ишлаш бўйича операциялар қиймати БЮДнинг 31-графасида кўрсатилиши мумкин. Шу билан бирга, Йўриқноманинг 73-бандига асосан 42-графада қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати, 45-графада қайта ишлаш бўйича операциялар қийматини ҳисобга олган ҳолда товарнинг божхона қиймати, 46-графада товарнинг божхна қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган статистик қиймати кўрсатилади.

21. Йўриқноманинг 75-банди 1-кичик бандига асосан илгари божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарларни ҳамда қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарнинг қолдиқларини реимпорт режимига мувофиқ қайтариб олиб киришда БЮДнинг 42-графасида ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) валютасида 31-графада, қайта ишлаш амалга оширилган ёки амалга оширилмаганлигидан қатъий назар, декларацияланаётган товарни қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати кўрсатилади. Ушбу тартиб ТСОЯЭАТда контрактларнинг ҳисобини тўғри юритилишини таъминлаш мақсадида киритилган.


2234

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР