Orphus tizimi

Жисмоний шахслар учун

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган жисмоний шахслар учун божхона қоидалари

Ўзбекистон Республикасига кириш жойи ва вақти

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари республиканинг барча чегара божхона постлари орқали республикага кириб келишлари мумкин.
Хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар республиканинг халқаро мақомга эга бўлган чегара божхона постлари орқали кириб келишлари мумкин. Шу билан бирга, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон фуқаролари мазкур давлатлар билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимларга асосан белгиланган иккитомонлама чегара божхона постлари орқали харакатланишларига ҳам рухсат этилган.
- халқаро мақомга эга бўлган чегара божхона постлари – барча давлат фуқаролари ва транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин бўлган чегара божхона постлари.
- икки томонлама чегара божхона постлари – қўшни давлатлар билан имзоланган келишувларга мувофиқ белгиланган ва фақатгина аҳдлашувчи давлатлар фуқаролари ва транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин бўлган чегара божхона пости.
Аэропорт ва чегара темир йўл чегара божхона постлари орқали барча давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳаракатланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳамда божхона постида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги муносабати билан божхона постлари орқали шахсларнинг ҳаракати чекланиши ёки вақтинчалик тўхтатилиши мумкин.
Чегара божхона постларининг иш вақтига қараб, шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига куннинг фақат ёруғ вақтида ёки сутка давомида кириб келишлари мумкин. Чегара божхона постларининг иш вақти Ўзбекистон Республикасининг қўшни давлатлар билан имзоланган ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимларига асосан белгиланади. Чегара божхона постлари дам олиш ва байрам кунлари ҳам белгиланган тартибда фаолият олиб боради.

Божхона идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар

Божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган шахс томонидан божхона ходимига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахслар учун тегишли гувоҳнома);
- белгиланган тартибда тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси.
Йўловчи божхона декларацияси – жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган қонун ҳужжатларига мувофиқ ёзма декларацияланиши лозим бўлган товарлар, транспорт воситалари ва Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси, чет эл валютаси, валюта бойликлари ҳамда бошқа предметларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш мақсадида божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжат.

Божхона расмийлаштируви

Шахснинг қўл юкларини расмийлаштирувчи божхона пости ходими томонидан йўловчи божхона декларациясидаги маълумотлар ҳамда божхона назоратини амалга ошириш натижалари текширилиб, шахсий муҳр ва имзо қўйган ҳолда расмийлаштирилади.
Расмийлаштирилган йўловчи божхона декларацияси “Йўловчи божхона декларацияси” ААТ дастурига киритилади.

БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ

Божсиз олиб кириш меъёрларидан ошган товарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган ставкалар бўйича божхона божи, акциз солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимлари ундирилиши лозим.

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ТАЛАБЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Божхона тўловлари ундирилмаган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг қиймат ва миқдорий чекланган меъёрларидан ошган товарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган ставкалар бўйича божхона божи, акциз солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимлари ундирилиши лозим.

Тариф бошқарув

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларга қонун ҳужжатларига кўра божсиз олиб кириш меъёрларидан ҳамда акциз солиғига тортилмайдиган меъёрлардан ортиқ олиб кириладиган товарларга белгиланган ставкалар бўйича божхона тўловлари ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 6 февраль куни “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3512 сонли қарори билан жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган қуйидаги чекланган меъёрлари тасдиқланди. Унга кўра:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 2000 (икки минг) АҚШ доллари миқдорида;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдорида;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдорида;

халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар манзилига келаётган товарлар учун бир календарь ой мобайнида – 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдори белгиланди.

Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан айрим турдаги товарларнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган олиб кириш меъёрлари ҳам белгиланди. Хусусан:

Алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача.

Шуни унутмаслик керакки, мазкур товарларни олиб кириш чоғида унинг қиймати фуқароларнинг халқаро аэропортлар, темир йўл, дарё ўтказиш пунктлари ёки автомобиль йўлида жойлашган ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишига боғлиқ равишда мазкур қарорда белгиланган божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрлар доирасида амалга оширилади.

Нотариф бошқарув

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига шахслар томонидан олиб кирилаётган товар моддий бойликлар чегара божхона пости орқали олиб ўтилганда давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарларни республика ҳудудига олиб кирилиши чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.
Шунингдек, шахслар республика ҳудудига кириб келаётганда олиб кирилиши учун ваколатли органларнинг рухсатномалари талаб этиладиган товарларга тегишли рухсатномалар (лицензиялар) мавжудлиги назорати олиб борилади.
Қуйидаги товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланади:
- - Ўзбекистон Республикаси ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверенитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашриёт маҳсулотлари, қўлёзмалар, клише, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний нафрат, расизм ва унинг турларини (антисемитизм, фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материаллар;
- этил спирти;
- Учувчисиз учиш аппаратлари (ТИФ ТН коди 8802 20 000 0) ва лазер нурли кўрсаткичлар сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқатгичлар (ТИФ ТН коди 9013 20 000 0);
- пиротехника маҳсулотлари;
- пул ютуғига эга бўлган ўйин автоматлари;
- “М2”, “М3” ва “N2” категориядаги олдин фойдаланувда бўлган автотранспорт воситалари;
- заҳарлилик даражаси “Евро-3” экологик синфи талабларига жавоб бермайдиган, бензин ёки дизел ёқилғисида ҳаракатланадиган янги автотранспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8703 ва 8705 бўлиб, махсус мақсадлар учун фойдаланиладиганлардан ташқари);
- Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Румыния, Болгария ва Туркиядан етиштирилган хонаки тирик парранда, хонаки тирик парранда гўшти, тухуми ва улардан тайёрланган иккиламчи маҳсулотлар;
- Буюк Британиядан қорамол, мол гўшти, гўшт-сут ва уларни қайта ишлашдан олинган ҳамда озиқ-овқат, ветеринария, тиббиёт, фармацевтика ва парфюмер-косметика ишлаб чиқаришда ишлатиладиган маҳсулотлар;
Албания, Ангола, Андорра, Армения, Афғонистон, Бутан, Гаити, Гвинея-Бисау, Джибути, Заир, Ироқ, Кабо-Верде, Камбоджа, Қирғизистон, Оман, Палау, Руанда, Сан-Марино, Сан-Томе ва Принсини, Сомали, Сьерра-Леоне давлатларидан Озон қатламини емирувчи нарса ва таркибида бўлган маҳсулотлар.
Қуйидаги товарларни олиб киришда ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари (лицензиялар) талаб этилади:
- гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кирилаётганда Гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат комиссиясининг тегишли рухсатномаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган сертификатлар;
- озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар;
- саноат мақсадидаги портловчи материалларни, алюминий кукуни ва қурумини (ТИФ ТН кодлари 7603100000, 7603200000) Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётганда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан бериладиган рухсатномалар;
- Ўқотар қурол ва патронларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳуқуқини берувчи Президент Хавфсизлиги Хизмати томонидан берилган рухсатномалар;
- Ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаника коллекциялари, ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, ўлжалар, тулумлари Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётганда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига томонидан бериладиган рухсатномалар;
- радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали ускуналар товарларни олиб кирилаётганда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Электромагнит мослашуви маркази томонидан бериладиган рухсатнома;
- Экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётганда унга берилган экологик сертификат.
Шу билан бирга, чегара божхона пости орқали олиб ўтилаётган айрим товарларга нисбатан ҳалқаро битимлар, амалдаги қонунчилик асосида бошқа чеклов ёки тақиқлар қўлланиши мумкин.

Божхона назорати

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган шахс ва унинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилиши лозим.
Шахс ва унинг қўл юкларини божхона назоратидан ўтказишда божхона ходими қуйидаги божхона назорати шаклларининг барчасидан ёки бир нечтасидан фойдаланади (бунда, танланган шакл божхона қонунчилиги талабларига риоя этилишини таъминлаш учун етарли бўлиши лозим):
- божхона мақсадлари учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш (йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни текшириш);
- оғзаки сўраб-суриштириш (шахснинг ўзи билан бирга ёки қўл юклари орасида олиб кириш тақиқланган, чегараланган товарлар мавжуд ёхуд мавжуд эмаслигини, декларацияда кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини сўраб-суриштириш);
- божхона кўригидан ўтказиш (Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши тақиқланган ва чегараланган товарларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида шахс ва унинг қўл юкларини бевосита ва/ёки хизмат итлари ҳамда божхона назоратининг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда кўрикдан ўтказиш);
- шахсни кўздан кечириш (Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши тақиқланган ва декларацияда кўрсатилмаган товарларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида бевосита шахсни кўздан кечириш);
- ҳисобга олиш ("Йўловчи божхона декларациялар” ААТ дастурига шахс тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали ҳисобга олиш).
Шунингдек, божхона ходими божхона кўригини амалга оширишда божхона назоратининг техник воситаларидан (рентген, металлодетектор ва бошқалар) фойдаланилади.

Валюта назорати

Нақд хорижий валюта бўйича
Жисмоний шахсга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда чекланмаган миқдорда нақд хорижий валюта олиб киришга рухсат этилади.
Жисмоний шахс томонидан олиб кирилаётган 2000 (икки минг) АҚШ доллари эквивалентидан ортиқча миқдордаги нақд хорижий валюта унга декларация тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади.
Бунда йўловчи божхона декларациясида олиб кирилаётган нақд хорижий валютанинг жами суммаси кўрсатилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган нақд хорижий валюта йўловчи божхона декларациясининг 5-бандида кўрсатилади.
Жисмоний шахснинг ҳохишига кўра:
– эквиваленти 2 000 (икки минг) АКШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валюта декларацияланиши мумкин;
– нақд хорижий валюта ТС-21 квитанцияси бўйича сақлаш учун божхона органига топширилиши мумкин. ТС-21 квитанцияси биринчи нусхаси жисмоний шахсга топширилади.
Нақд миллий валюта “сўм” бўйича
Жисмоний шахслар томонидан нақд миллий валюта “сўм”ни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 50 бараваридан ошмайдиган суммада рухсат этилади.
Бунда энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан ортиқ миқдордаги нақд миллий валюта унга декларация тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган нақд миллий валюта йўловчи божхона декларациясининг 5-бандида кўрсатилади.
Жисмоний шахснинг хоҳишига кўра нақд хорижий валюта ТС-21 квитанцияси бўйича сақлаш учун божхона органига топширилиши мумкин. ТС-21 квитанцияси биринчи нусхаси жисмоний шахсга топширилади.
Жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасини кесиб ўтаётганда нақд хорижий ва миллий валюталарни ишончли ва тўғри декларацияланиши учун жавобгардир.
Жисмоний шахс божхона органларининг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

6515

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР