Orphus tizimi

Жисмоний шахслар учун

Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби

Йўловчи божхона декларацияси (бундан буён матнда декларация деб юритилади) 16 ёшга тўлган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасини ҳар гал кесиб ўтганда тўлдирилади.

Декларация жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар (бундан буён матнда қимматбаҳо буюмлар деб юритилади), товарлар ҳамда транспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида қўлланилади.

Декларацияда барча бандлар тўлдирилиши ва барча саволларга жавоб берилиши керак.

Декларация қуйидаги тарзда тўлдирилади:

1-бандда шахс тўғрисида маълумотлар (фамилияси, исми, туғилган йили, жинси, паспортининг серияси ва рақами), доимий яшаш мамлакати, фуқаролиги, бирга ҳаракатланаётган 16 ёшга тўлмаган шахслар мавжудлиги ва уларнинг сони кўрсатилади;

2-бандда ҳаракат тури (кириш, чиқиш) ҳамда қайси мамлакатдан келганлиги, қайси мамлакатга бораётганлиги кўрсатилади;

3-бандда сафар мақсади кўрсатилади (хизмат, ўқиш, иш, саёҳат, қариндошларни йўқлаш, даволаниш, доимий яшаш жойи, тижорат);

4-бандда багаж мавжудлиги тўғрисида маълумотлар кўрсатилади;

5-бандда Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари ҳамда қимматбаҳо буюмларнинг мавжудлиги ва миқдори кўрсатилади;

6-бандда товарлар ва транспорт воситаси тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.

16 ёшга тўлмаган шахсларга тегишли бўлган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валюталари, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар, товарлар ва транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар улар билан бирга ҳаракатланаётган ота-оналари, бошқа қариндошлари ёки уларни кузатиб борувчи бошқа шахсларнинг Декларацияларида кўрсатилади.

Декларация Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар, товарлар ҳамда транспорт воситасини божхона назоратига тақдим этишга қадар уни тўлдирган шахс томонидан имзоланиши керак.

Божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун Декларация божхона органи ходими томонидан унда кўрсатилган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар, товарлар ҳамда транспорт воситасини божхона назоратига тақдим этиш билан бир вақтда қабул қилинади.

Декларацияда бўяб тузатишлар ва ўчириб ёзишлар бўлмаслиги лозим. Нотўғри тўлдирилган бандлар аниқланган тақдирда, Декларацияни божхона назоратидан ўтказгунга қадар шахс ушбу бандлардаги хато маълумотларни тўғри чизиқ билан ўчириб, тегишли маълумотларни қўлда ёзиб тўғрилаши мумкин.

Ҳар қандай бундай тўғрилаш Декларацияни тўлдирган шахснинг имзоси ҳамда божхона органи ходимининг шахсий муҳри билан тасдиқланади.

Декларацияни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш божхона органи ходими томонидан Декларациянинг орқа томонига шахсий муҳрини қўйиш билан амалга оширилади.


3448

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР