Orphus tizimi

Юридик шахслар учун

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товарларни импорт қилиш

1. Ўзбекистон Республикасига товарларни импорт қилиш импорт қилувчининг* импорт контракти (яъни, импорт, марказлаштирилган импорт, биржа ва ярмарка импорт шартномалари) асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ, импорт қилувчи - юридик шахс - товарларни импорт қилишга Ўзбекистон Республикасининг норезиденти билан импорт контракти тузган Ўзбекистон Республикаси резидентидир;
*амалдаги қонунчиликка мувофиқ юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс импорт контракти тузмасдан товарларни импорт қилиши мумкин.
импорт контракти – товарлар импортига импорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контрактдир.
2. Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 55 ва 56-моддаларига мувофиқ, “Эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни ушбу ҳудуддан қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз шу ерда эркин муомалада қолади.
Божхона тўловлари тўланган ва иқтисодий сиёсат чораларига риоя этилган тақдирда товар “Эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига жойлаштирилади ва божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар мақомини олади.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 июлдаги “Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда Давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 197-сон қарорига мувофиқ, «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида олиб кириладиган товарларни божхонада расмийлаштириш учун божхона органига қуйидаги ҳужжатлар (рухсат берувчи ҳужжатлардан ташқари*) тақдим этилиши лозим: 
– божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно;
– Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 майдаги 139-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектлари - импортёрлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ тадбиркорлик субъектлари - импортёрлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган импорт қилинадиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун экспорт божхона юк декларацияси ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат ва бошқа ҳужжатлар;
– транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юкхати) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс);
– товарларнинг келиб чиқиши сертификати (манфаатдор шахснинг хоҳиши бўйича ва унинг зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда). 
*рухсат берувчи ҳужжатлар - рухсат этиш хусусиятига эга, яъни рўйхати қонунчилик билан белгиланган, товарлар божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган, ваколатли органлар томонидан бериладиган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг тегишли тизимига киритиладиган ҳужжатлардир.
Экспорт қилувчи мамлакатнинг экспорт божхона юк декларацияси тақдим этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божидан ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига (2013 йил 20 март рўйхатдан ўтказиш рақами 2436) киритилган товарларнинг божхонада расмийлаштируви давлат божхона хизмати органлари томонидан бир иш куни мобайнида амалга оширилади. Божхона декларацияси тақдим этилмаган тақдирда божхона расмийлаштируви умумий белгиланган тартибда амалга оширилади. 
Товарларнинг, шу жумладан электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначиликлар) томонидан тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида тўловчининг шахсий ҳисоб рақами бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади (божхона тўловларини тўлаш кечиктирилиши ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилиши ҳоллари бундан мустасно). 
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рухсат берувчи тусдаги тегишли ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда давлат божхона хизмати органлари божхона расмийлаштирувини рад этиш ҳуқуқига эгадир. 

4. Импорт қилувчининг (шу жумладан, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахснинг) хоҳиши бўйича божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган барча ҳужжатлар, шу жумладан ваколатли органларнинг ҳужжатлари қоғозда тақдим этилиши мумкин. 
Товарларнинг электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 376-сон қарори билан тасдиқланган “Товарларнинг электрон шаклдаги божхона декларацияланиши тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ амалга оширилади.
Божхона органига Импорт қилувчидан (шу жумладан, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсдан) юқорида келтирилган ҳужжатлардан ташқари ҳамда давлат божхона хизмати органлари ёки давлатнинг бошқа органлари ва давлат хизматлари кўрсатувчи бошқа ташкилотлар тасарруфидаги қўшимча ҳужжатларни талаб этиш тақиқланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 21 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 199-сон қарорига мувофиқ, импорт қилувчи импорт контракти бўйича маълумотларни электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Давлат божхона қўмитасининг Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг божхона постлари импорт қилувчи томонидан ТСОЯЭАТга киритилган контракт маълумотларини божхона юк декларацияси маълумотлари билан солиштирадилар ҳамда фарқлар мавжуд бўлмаганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона юк декларациясини расмийлаштирадилар.

4944

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР