Orphus tizimi

Жисмоний шахслар учун

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига дори воситаларини олиб кириш

Шахсий фойдаланиш учун дори-дармонларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш

Жисмоний шахслар томонидан қўллаш мақсадида Ўзбекистон Республикасига бир марта олиб кириш учун рухсат берилган дори воситалари ва тиббий буюмлар нормаси Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом асосида амалга оширилади.

Буни унутманг!!!

Дори-дармон воситаларининг олиб кирилишида таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларига алоҳида ёндошиш талаб этилади. Чунки, жисмоний шахслар олиб кираётган препарат таркибида кам миқдорда бўлса-да гиёҳванд ёки психотроп моддалар мавжуд бўлса ва бу ҳақида божхона баённомасида кўрсатмаса, маъмурий ёки жиноий жавбгарликка тортилиши мумкин.

Психотроп моддалар ва прекурсорлар – бу нима ўзи?

Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлишига оид ижтимоий муносабатларни тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига монелик қилиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлашни мақсадида 1999 йил 19 августда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”қонун қабул қилинган.

Мазкур Қонуннинг 3-моддасида психотроп моддалар ва прекурсорлар тушунчаларига алоҳида таъриф бериллган.

Психотроп моддалар бу — психотроп моддалар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар ҳисобланади.

Прекурсорлар бу - прекурсорлар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддаларга айтилади.

Чекланган психотроп моддалар 81 та!

Юқорида тилга олинган қонунга мувофиқ, муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган психотроп моддалар рўйхати ва прекурсорлар рўйхати мавжуд бўлиб, мазкур рўйхатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикасида чекланган психотроп моддалар рўйхатида 81 турдаги психотроп воситалар келтирилган.

Рўйхатнинг рус тилидаги матни билан танишиб чиқиш учун ушбу ҳаволага ўтинг!

Фақат лицензия асосида...

Юқорида тилган олинган 330-қарор билан Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш, олиб чиқишга сертификат олиш учун рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги Низом амалга киритилган.

Низомга кўра, Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.

Муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхати киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг муомалада бўлишига фақат шифокор кўрсатмаси бўйича тиббий мақсадларда рухсат этилади. Бундан ташқари экспертлик ва тезкор-қидирув фаолиятида хам улардан фойдаланишга рухсат этилади.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш ва олиб чиқиш фаолиятнинг тегишли тури учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган сертификатлар асосида амалга оширилади.

Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисида” 2003 йил 16 июлдаги 315-сонли қарори қабул қилинган.

Хорижликка психотроп керак бўлиб қолса?

Юртимизга кўп сонли сайёҳлар келишади ёки транзит тарзида республикамиз ҳудудидан чет эл фуқаролари ўтишади. Айтайлик, улар соғлиги туфайли таркибида психотроп таблеткаларни ўзлари билан олиб юришга мажбур бўлишса-чи?

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан транзит тарзида ўтаётган беморлар чекланган психотроп моддалар рўйхатига киритилган психотроп моддаларни даволаниш мақсадида юртимиздан олиб ўтишлари мумкин ва бунинг тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган.

Яъни, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрь 472-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни транзит йўловчиларни даволаш учун ташиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит (трансфер) ўтувчи беморлар даволаниш мақсадида, Ўзбекистон Республикасида Давлат назоратида бўлган, етти кун қабул қилишга мўлжалланган дозадан ортиқ бўлмаган миқдорларда гиёҳвандлик воситалари ва 15 кун қабул қилишга мўлжалланган дозадан ортиқ бўлмаган миқдорларда психотроп моддаларни ўзлари билан олиб ўтишлари мумкин.

Бунинг учун беморлар Давлат чегарасидан ўтиш чоғида кириш пунктида ўзларида мавжуд гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар тўғрисида декларация тўлдиришлари ҳамда бемор яшаган мамлакатнинг тиббиёт муассасалари томонидан гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модданинг номи, унинг дори тури, врач томонидан тайинланган гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп моддасини қабул қилиш ва давомийлик муддати кўрсатилган ҳужжати яъни даволовчи врач хулосасини, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар сотиб олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатини яъни рецепт нусхасини ва албатта гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни божхона органларига кўрсатишлари шарт.

Ўз ўрнида божхоначилар ҳам ҳужжатларнинг мавжудлигини, беморда бўлган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларнинг номига ва миқдорига мувофиқлигини белгиланган тартибда назорат қилади.

Агар олиб ўтилаётган психотроп модалар рухсат этилган миқдордан ортиқча бўлса, улар олиб қўйилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади. Агар йўловчи психотроп моддалар тўғрисида декларацияда кўрсатмаган ёки яширин ҳолда ташиган тақдирда қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилигига мувофиқ чоралар қўлланилади.

Врач ташҳиси зарур!

Агар чет эллик бемор Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушланиб қолган ва даволанишни давом эттиришига тўғри келса, у ҳолда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қаердан олади?

Ўзбекистон ҳудудида психотроп таблеткаларни қўшимча сотиб олиш зарурати туғилса, унда улар Ўзбекистон Республикасида берилган рецепт асосида берилади. Рецептлар белгиланган намунадаги бланкаларда, врач кўригидан ўтиб гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар зарурияти сабаб бўлган касаллик ташхиси тасдиқлангандан кейингина берилади.

Транзит тарзида ўтувчи шахс рўйхатдан ўтган жойдаги ҳудудий тиббий муассасаларининг врач-мутахассислари томонидан ёхуд транзит тарзид ўтувчи йўловчилар касаллиги бўйича ихтисослаштирилган тиббий муассасалар врачлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ёзиб берилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар бевосита транзит тарзида ўтувчи беморлар томонидан ўз маблағи ҳисобига Ўзбекистон Республикасининг тегишли дорихона муассасаларидан сотиб олинади.

Почта орқали мумкин эмас!

Халқаро почта Конвенциясига асосан, почта жўнатмалари орқали психотроп ва наркотик воситаларнинг юборилиши қатъиян таъқиқланган. “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 17-моддасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни почта жўнатмаларида, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларида жўнатиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.

Қоидабузарлар ҳам йўқ эмас...

Почта жўнатмалари орқали қонунга ҳилоф равишда таркибида психотроп ва наркотик моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини жўнатиш ҳолатлари учраб туради. Аксарият ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан амалдаги тартибларни билмаслик оқибатида, чет эллардаги таниши ва қариндошларига таркибида психотроп ва наркотик моддалари мавжуд бўлган дори воситаларини почта орқали юбориш ҳақида буюртма бериш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

Аниқланган ҳолатларни таҳлили қилар эканмиз, деярли барча ҳолатларда дорини қабул қилувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари уни ўзи истъмол қилиш учун жўнатилганлиги, қабул қилувчиларнинг кўпчилигини эса қариялар ташкил этиши ва дориларни ҳақиқатдан касалликни даволаш учун истеъмол қилмоқчи бўлганликлари аниқланган.

Ноқонуний равишда олиб ўтишга уринилган психотроп моддаларнинг асосий қисмини Феназепам, Нитрозепам, Лоразепам, Клонидин, Оксезепам, Клотиазепам, Бромозепам, Циклодол ташкил қилаётган бўлса, таркибида наркотик моддалар мавжуд бўлган дори воситаларидан Морфин ва Кодеин-фосфатни олиб ўтиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

Ваҳолангки, таркибида наркотик ёки психотроп моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини республикамизнинг ўзида ўрнатилган тартибда олиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд

Жазо тайин!

Бу каби ҳолатлар аниқланганда кўпинча фуқароларнинг божхона қонунчилигини билмасликларини пеш қилишади. Лекин,оддий ҳақиқат мавжуд - қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди.

Психотроп моддаларни ноқонуний равишда олиб ўтишга уринган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22719-моддасига мувофиқ маъмурий ёки Жиноят кодексининг 246-моддасига мувофиқ жиноий жавбгарликка тортилиши мумкин.


2778

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР