Orphus tizimi

Тезкор хабарлар

Йўталга қарши “дори” билан ушланган навбатдаги ҳуқуқбузар – афғонистонлик талаба бўлди

Йўталга қарши “дори” билан ушланган навбатдаги ҳуқуқбузар – афғонистонлик талаба бўлди

Бир фурсат аввал Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Айритом” чегара божхона комплексида афғонистонлик гиламдўз Ўзбекистонлик бемор дўсти учун “кўкнор” ўсимлигининг қуриган бошоқларини олиб ўтаётганида, божхоначилар томонидан тўхтатилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Олиб борилган тарғибот тушунтириш ишларига қарамасдан, худди шу мавзудаги қонунбузилиш ҳолати яна бир бор қайд этилди. Галдаги ҳуқуқбузар Қозоғистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бирида таҳсил олувчи афғонистонлик талаба томонидан содир этилди. 

Афғонистон Ислом Давлатидан Ўзбекистон Республикасининг “Айритом” чегара божхона комплексининг кириш фуқаролар залига кириб келган талабанинг таъкидлашича, унинг ёнида 300 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридан ошадиган буюмлар ҳамда 2000 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридан ошадиган валюта қимматликлари мавжуд бўлмаганлиги учун у йўловчи божхона декларациясини тўлдирмаган ҳамда божхона ходимининг: “Ўзингиз билан тақиқланган буюмларни олиб ўтмаяпсизми?”, - деган саволига эса “йўқ”, дея жавоб қайтарган. 

Талабанинг қўл юклари назорат ренген аппаратида текширилганда эса, ундаги шубҳали тасвирлар божхоначиларни сергак тортишига сабаб бўлди. 29 ёшли афғон йигитининг йўл сумкаси божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичидан “Cough” ёзуви бўлган қоғоз қути ичидаги оқ рангли целлофан пакет ўрамида турли хил шифобахш гиёҳ ўсимликлари орасида кўкнор ўсимлигининг қуритилган бошоқлари топилди. Гиёҳлар электрон тарозида ўлчанганда, уларнинг оғирлиги 47,30 гр.ни ташкил қилиши аниқланди. 

Афғонистонлик талаба ўз тушунтиришида ушбу гиёхвандлик воситасини томоғи оғриганлиги туфайли жорий йилнинг 7 апрелида Мозори Шариф шаҳрида жойлашган бозордан қўл бола дори ўтларини тайёрловчи табибдан 50 афғонийга сотиб олган бўлса-да, ҳали истеъмол қилишга улгурмаганини айтди. Унинг ахборотига кўра, кўкнор ўсимлигининг қуритилган бошоқлари Афғонистонда очиқ сотилиши ҳамда уларни харид қилишга ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги боис, уни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтиш мумкин эмаслигини билмаганлигини айтди. 

Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 

 Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги 330-сонли Қарорининг 4-иловасида Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатда кўкнор (маковая солома) гиёҳвандлик воситаси ҳам бор.

Г.Махмудхонова, 
Сурхондарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати


14.04.2018 143

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР