Orphus tizimi

Тадбирлар

Навоийда 14 январь -“Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан мусобақа ўтказилди

Навоийда 14 январь -“Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан мусобақа ўтказилди

  Итлар минг йиллар давомида одамлар билан бирга яшаган, унинг содиқ дўсти ва яқин ёрдамчиси ҳисобланган. Итларнинг тез югуриши, ўзига хос ҳид билиш хусусияти, эшитиш, кечаси яхши кўриш қобилияти, ҳар қандай жойда енгил ҳаракатлана олиши, ниҳоятда чидамлилиги каби сифатлари ҳарбий мутаҳассислар томонидан юқори баҳоланади.
 “Кинология асослари” китобида келтирилишича, итлар 500 минггача бўлган турли ҳидларни сезиш ва ажратиш қобилиятига эга эканлар. Ҳаттоки, дамланган чойга аралаштирилган аммиак қоришмаси ҳидини ҳам сеза олар экан.
  Божхона тизими зиммасига фискал вазифалардан ташқари мамлакатимиз сарҳадларидан қурол-аслаҳа, гиёҳванд ва портловчи моддалар ва бошқа контрабанда ашёларини ноқонуний олиб кирилиши ва олиб чиқилишининг олдини олиш вазифаси юклатилган. Бу юмушларни амалга оширишда қурол-аслаҳа, гиёҳванд ва портловчи моддалар, валюта бойликларини қидириш йўналишларида махсус тайёрланган хизмат итлари яқиндан ёрдам бериб келмоқда.
  Хизмат итларини маҳоратини ошириш ва ҳид билиш қобилиятини синовдан ўтказиш мақсадида доимий равишда машқлар ва мусобақалар ўтказилиб турилади.
  Шу каби кўпкураш мусобақалардан бири Навоий вилояти божхона бошқармасида кинологлар ва уларга бириктирилган хизмат итлари ўртасида ўтказилди.
  Тадбирни очар экан, Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қутлимуратов, божхона органларининг тўрт оёқли ёрдамчилари мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашда алоҳида ўринга эга эканлигини таъкидлаб, хизмат итларидан унумли фойдаланиш, божхона қонун бузилиши ва контрабанда ҳолатларини аниқлашда итларни қўллаш борасида ўзининг тегишли тавсияларини берди.
  Ўзбекистон Қуролли кучларининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати ҳарбий-ватанпарварлик фестиваллари доирасида ташкил этилган мазкур мусобақада ғолибликни қўлга киритган “Навоийазот” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости инспектор-кинологи Ойбек Муродов ўзига бириктирилган хизмат итини яхши парваришлашини, унга ўз вақтида тегишли машқларни ўргатиб боришини маълум қилди. Шунинг натижаси бўлса керак, унга бириктирилган гиёҳванд моддаларини қидиришга ўргатилган “Илана” лақабли хизмат ити унинг барча топшириқларни аниқ ва тўғри бажарди, беркитилган гиёҳвандлик моддасини белгиланган вақтдан олдин топиб, ғолибликни қўлга киритди.
  Ташкилотчилар бу каби тадбирларни доимий равишда ташкил этишни режалаштиришди.

Н.Рахмонова
Навоий вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати ходими


12.01.2018 152

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР