Orphus tizimi

Кинология маркази янгиликлари

МДҲ кинологлари Тошкентда

МДҲ кинологлари Тошкентда

2017 йил 14 сентябрь куни Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази томонидан оммавий ахборот воситалари учун мазкур марказнинг кинология соҳасида халқаро ҳамкорлик борасида амалга ошириётган чора-тадбирлари ва уларнинг самарасига бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинди.

Тадбирнинг айни шу кунларда ўтказилгани бежиз эмас. Боиси, жорий йилнинг 10-16 сентябрь кунлари Миллий кинология маркази Мустақил давлат ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ўртасида кинология соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нуфузли тадбирларга мезбонлик қилмоқда.

Муҳим ҳафталик доирасидаги тадбирларга МДҲ давлатлари божхона хизматлари раҳбарларининг кинология фаолияти бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлинмалари бошлиқлари қўмитаси Ишчи гуруҳининг ўн еттинчи мажлиси, МДҲ давлатлари божхона маъмуриятлари кинология хизматларининг кўпкураш бўйича VII мусобақаси, Наркотик воситаларни излаш учун хизмат итларини тайёрлашга янги замонавий услубларни татбиқ этиш масалалалари бўйича амалий семинар ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь божхонаси кинология хизматлари вакилларининг икки томонлама ишчи учрашувлари киритилган.

Мазкур тадбирларда иштирок этиш учун пойтахтимизга Беларусь, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан вакиллар ташриф буюришди.

Ҳафталикнинг ёрқин тадбирларидан бири МДҲ давлатлари божхона маъмуриятлари кинология хизматларининг кўпкураш бўйича VII мусобақаси бўлиб, бугун ушбу беллашувнинг тантанали ёпилиши ва ғолибларни тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Миллий кинология маркази ва Олий ҳарбий божхона институтининг амалий машғулотлар майдонида 3 кун давомида бўлиб ўтган мазкур мусобақада 13 нафар кинологлар ўз хизмат итлари билан багаж ва қўл юкида, енгил ва юк автотранспорт воситаларида, хоналарда гиёҳванд воситаларни қидириш, буйруқларга бўйсуниш каби бир нечта йўналишларда ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.

5L4A0338.JPG

Кинологларнинг профессионал тайёргарлигига баҳо берилган мазкур мусобақалар шунчаки беллашув эмас, балки хизмат итларини тайёрлашда янги билим ва кўникмаларни намойиш қилишнинг ўзига хос майдончаси вазифасини ҳам бажарди дейиш мумкин.

5L4A0420.JPG

Наркотик воситаларни багажларда излаб топишда Қирғизистон, енгил автомашиналардан излаб топишда Ўзбекистон, юк авттомашиналари, бино ва иншоотларда излаб топишда эса Россия кинологлари тенгсиз эканлиги исботлашди.

Якуний натижаларга кўра, “Қора”, “Майкл” ва “Квикс” лақабли хизмат итлари билан мусобқада иштирок этган 3 нафар кинологдан иборат Ўзбекистон жамоаси 1 ўринни қўлга киритди.

5L4A0456.JPG

Айниқса, Садриддин Ибрагимов ўзининг “Қора” лақабли хизмат ити билан шахсий кўрсаткичларига кўра энг юқори баллни жамлади. Шунингдек, ушбу ит эгасига итоаткорлиги ва буйруқларни аниқ бажариши билан ҳам меҳмонлар эътиборини қозонди.

Мусобақа жадвалининг кейинги ўринларини эса Россия ва Беларусдан келган кинологлар забт этишди. Ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросим давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланди ва фахрий қоровул саф тортди.

Тадбирда сўзга чиққан Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев кинологларнинг мусобақадаги фаол иштироки учун миннатдорчилик билдирди ва эришган ютуқлари билан қизғин муборакбод этди. Маросим давомида ғолибларга мусобақа Кубоги, диплом ва медаллар ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

5L4A0575.JPG

Таъкидлаш жоизки, ҳафталик давомида Беларусь, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон кинология хизматлари раҳбарларининг иштирокида “Гиёҳванд моддаларни қидиришда хизмат итларини янги замонавий услубда тайёрлаш ва божхона органларининг кинология хизматига тадбиқ этиш” мавзусида бўлиб ўтган амалий семинар ҳам ҳафталикнинг энг муҳим тадбирларидан бири сифатида эътироф этилди. Мазкур мулоқот кинология соҳасида янги замонавий билимларни ўзаро ўртоқлашиш ва тажриба алмашишда муҳим роль ўйнаши, шубҳасиз.

Ҳафта якунида эса МДҲ давлатлари божхона хизматлари раҳбарларининг кинология фаолияти бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлинмалари бошлиқлари қўмитаси Ишчи гуруҳининг ўн еттинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда ўзаро ҳамкорликка оид муҳим ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

5L4A0899.JPG

Миллий кинология марказининг халқаро ҳамкорлик бўйича фаолиятида икки томонлама мулоқотлар тобора мунтазамлик касб этиб бормоқда. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, тадбирлар мундарижасига киритилган Ўзбекистон ва Беларусь божхонаси кинология хизматларининг икки томонлама учрашуви ҳам самарали кечиши кутилмоқда.

Ҳафталик маданий тадбирларни ҳам ўз ичига олган бўлиб, меҳмонлар Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуа ҳамда Алишер Навоий номидаги давлат опера ва балет катта академик театрига ҳам ташриф буюришади. Шунингдек, пойтахтимизнинг диққатга созвор гўшалари бўйлаб экскурсиялар ҳам уюштирилади.

Матбуот анжуманида ҳафталикнинг бориши ва якунлари бўйича, шунингдек халқаро ҳамкорлик борасида келгусида режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида Миллий кинология маркази директори А.Турсунов журналистларга батафсил ахборотлар берди.

5L4A1143.JPG

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ташаббуси билан 1996 йилда ташкил қилинган Миллий кинология марказида кинолог мутахассислар ва хизмат итларини тайёрлаш учун яратилган шарт-шароитлар кинология йўналишидаги замоанвий талаблар ва жаҳон андозаларига тўла жавоб беришини инобатга олиб, Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақомига эга бўлган.

Ташкил этилганидан сўнг ўтган 20 йилдан ортиқ муддат давомида марказ нафақат республикамизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида инспектор-кинолог ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланди.

Унинг зиммасига нафақат, Давлат божхона қўмитаси, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар учун малакали кинологлар ва хизмат итларини тайёрлаб бериш, қайта тайёргарликдан ўтказиш, кинологларни малакасини ошириш ва кинология соҳасида ўқув-услубий базани яратиш вазифаси юклатилган.

Миллий кинология марказида ўқув-услубиёт ва таҳлил бўлими ўз фаолиятида ўқув-ўргатув, услубий ва илмий йўналишларни қамраб олади. Ўқув курсларида кинолог курсантлар гиёҳванд моддаларни қидириш, қурол аслаҳа ва портловчи моддаларни қидириш, ҳимоя-қоровул хизмати, из-қидирув, қидирув-қутқарув ва аксил террор йўналишларида назарий ва амалий тайёргарликдан ўтказилади.

Ўтган йиллар мобайнида БМТ Тараққиёт дастури, Европа хавфсизлик ва хамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи комиссиясининг Марказий Осиё давлатлари чегараларини бошқариш ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишининг олдини олишга кўмаклашувчи БОМКА Ривожлантириш дастурининг турли лойиҳалари доирасида Милилй кинология марказида ташкил этилган минтақавий ўқув курсларида нафақат республикамизнинг, балки Афғонистон, Эрон, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизстон, Туркманистон ва Тожикистон каби ўнлаб давлатларнинг 165 нафар кинологлари ўқитилиб, 164 бош хизмат итлари тайёрлаб берилган.

5L4A1487.JPG

Шунингдек, Австрия, АҚШ, Италия, Франция, Россия, Латвия, каби давлатларнинг юқори малакали мутахассислари марказда бўлиб, ўзбек божхонаси кинология хизматининг ишлаш шакл ва усулларини ўрганиш билан бир қаторда, ўз тажрибаларини алмашишди.

Марказнинг 15 нафар инструкторлари Австрия, Венгрия, Россия, Франция, Япония ва Қозоғистонда ўз малакаларини ошириб қайтишди.

Анжуманда марказнинг 2017 йилнинг 8 ой давомида эришган натижалари юзасидан ҳам ахборотлар берилди. Йил бошидан буён Миллий кинология марказида жами 160 нафар маҳаллий кинологлар ўқув курсларида таҳсил олди

Ушбу давр мобайнида давлат божхона хизмати органлари томонидан гиёҳванд воситаларини ноқонуний айланилишини олдини олишда хизмат итлари ёрдамида 105 та ҳолатда 94 кг.дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари аниқланган. 26 та ҳолатда эса 12 та қурол, 34 дона ўқ-дори, 563та гильза, 2450 та капсула, 77,2гр порох ва 50гр дробнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

5L4A1779.JPG

Маълумки, ўтган йилда фаолиятга янги йўналиш яъни хизмат итлари кўмагида валюта қимматликларини излаб топиш ҳам амалиётга жорий қилинган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хизмат итлари кўмагида 7,5 минг АҚШ доллари, шунингдек евро, юан каби бошқа нақд хорижий валюталар ҳам аниқланди.

5L4A1895.JPG

Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.


15.09.2017 176

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР