Orphus tizimi

Электрон хизматлар

"Ягона ойна" электрон ахборот тизими

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон Фармони билан тасдикланган “Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар” дастурининг 33-бандида Давлат божхона қўмитаси ва бир қатор идораларга жорий йилнинг I чорагида «Ягона ойна» идоралараро ахборот тизимини тўлиқ жорий қилиш юклатилган эди.

Шубҳасиз, жорий этилган “Ягона ойна” тизими ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан экспорт ва импорт товарларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун божхона органига тақдим этилиши лозим бўлган барча рухсатнома сертификатлари ва хулосаларини йиғиш жараёнини тезлаштириш ва бу ишларга сарфланадиган вақтни қисқартириш билан мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

«Ўзстандарт» агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси каби қатор вазирлик ва идораларни қамраб олган мазкур тизим ёрдамида 20 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари, шу жумладан, мувофиқлик сертификати, экологик сертификат, ветеринар гувоҳнома ва бошқа шу каби ҳужжатларни олиш мумкин.

Айтиш мумкинки, “Ягона ойна” ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси божхона тизими учун муҳим аҳамиятга эга бўлган, давлатимиз 1992 йилдан буён тенгҳуқуқули аъзо бўлиб келаётган Жаҳон божхона ташкилоти томонидан тавсия этилаётган халқаро стандартларга тўла жавоб беради.

“Ягона ойна” ахборот тизимининг аҳамияти шундаки, илгари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари экспорт-импорт операцияларини амалга оширишларида, яъни ташқи савдо шартномасини тузишдан бошлаб, товарларни жўнатгунга ёки қабул қилгунга қадар тегишли рухсатномалар олиш учун бир нечта давлат органларига мурожаат қилишлари ва хар бир идора учун алоҳида ҳужжатлар тўпламини тайёрлаб тақдим этишларига тўғри келар эди. Бу эса муайян даражада ортиқча вақт сарфланишига ва молиявий харажатларнинг кўпайишига олиб келар эди.

“Ягона ойна” ахборот тизими эса давлат божхона хизмати органларида товарнинг келиб чиқиш сертификатини, ветеринария, фитосанитария, экологик, санитария-эпидемиологик хулосаларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имконини беради.

Ушбу тизимнинг ишга туширилишидан давлат органларига мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш, турли божхона тўловлари, солиқ ва йиғимларни тўлиқ ҳисоблаш ва ундириш, тадбиркорларнинг фаолиятига аралашмасдан туриб, ташқи иқтисодий жараёнларни мониторингги ва таҳлилини олиб бориш имконини беради.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун эса молиявий ҳаражатларни тежаш, қоғозбозлик ва бюрократик омиллардан халос бўлиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этишга янада камроқ вақт сарфлаш, бу жараёнда мантиқий назорат функциялари кўмагида турли хато ва камчиликлардан ҳоли бўлиш каби қулайликларга эга бўлишади.

Энг муҳими “Ягона ойна” тизими кўмагида ҳар иккала томон фаолиятида ҳам ўзаро шаффофлик янада ортади.

"ЯГОНА ОЙНА" АХБОРОТ ТИЗИМИГА ЎТИШ


1462

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР