Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона маънавият маркази ҳақида
1095
Божхона маънавият маркази ҳақида

Мамлакатимиз мустақиликка эришгач, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини асраш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада божхона органлари зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юкланди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1996 йил 9 февралда 227-сонли рақам билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ноёб маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши устидан назорат олиб бориш тўғрисида”ги муваққат Йўриқнома асосида божхона органлари томонидан ноёб маданий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига қарши кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилди.

Таъкидлаш жоизки, айни шу йўналишда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида давлат фойдасига мусодара қилинган ноёб маданий бойликларни кенг жамоатчиликка намойиш қилиш ва шу орқали божхоначиларнинг шарафли хизматини эътироф этишнинг энг самарали усулларидан бири бу – музей ташкил қилиш эди.

Айни шу зарурат туртки бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Бош божхона бошқармасининг “Божхона тарихи музейини ташкил қилиш тўғрисида” 1996 йил 20 августдаги 181-сонли буйруғи билан республика божхона хизмати тарихи музейи ташкил қилинди. Мазкур музейни ташкил қилиш бўйича асосий масъул этиб, Тошкент божхона ўқув маркази белгиланди.

Аммо, бу музей фақатгина мусодара қилинган ноёб маданий бойликлар ёҳуд турли қурол-аслаҳаларни намойиш қилиш учун кўзланмаган эди. Эндиликда у божхона хизматининг давлат иқтисодий хавфсизлигини муҳофаза қилиш, ички бозор ва инсон ҳуқуқлари, саломатлиги ва маънавиятини ҳимоя этишдаги ролини инобатга олиб ҳамда божхона ходимларини ватанпарварлик, ўз касбига чуқур садоқат руҳида тарбиялашни бош мақсад қилиб қўйган эди.

Давлат божхона қўмитасининг “Божхона музейи фаолиятини янада такомиллаштириш ҳақида” 2001 йил 13 майдаги 178-сонли буйруғи билан Давлат божхона қўмитасининг ҳозирги биносида “Божхона тарихи” музейи янгидан ташкил қилинди. Мазкур буйруқ билан музейдаги экспонатларни рўйхатдан ўтказиш ва моддий жавобгарликни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айни шу йилдан бошлаб, “Божхона тарихи” музейи учун масъулият ва жавобгарлик ДБҚнинг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлимига юклатилди.

Ўша пайтда музей ҳисобидаги турли экспонат, адабиётлар ва материалллар 1200 дан ошар эди. Музей экспозициясидан кўпроқ хорижий ҳамкорлар томонидан тақдим қилинган эсдалик совғалар, альбом ва китоблар, контрабанда ва божхона қоидабузилишлари давомида мусодара қилинган ашёвий далилларнинг муляжлари, ноёб маданий бойликларнинг нусхалари ва қурол-аслаҳалар жой олган эди.

2008 йил 12 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши республикамизда музейларнинг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажара бошлади. Хусусан, қонун музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш, уларда сақланаётган ноёб экспонатларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этишга хизмат қилмоқда.

Божхона тарихи музейи фаолиятини мазкур қонун талаблари асосида йўлга қўйиш мақсадида 2009 йил 11 июлда ДБҚнинг “Давлат божхона қўмитаси “Божхона тарихи” музейи фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” 184-сонли буйруғи тасдиқланди. Мазкур буйруқ Ўзбекистон божхонаси тарихи ва бой тажрибасини давр талаблари асосида кенг жорий қилиш, музей экспонатларини янгилаш каби масалаларни ўзида қамраб олган эди.

Буйруққа мувофиқ, музей фаолиятини янги маълумотлар ва экспонатлар асосида такомиллаштириб бориш бўйича Музей Кенгаши таъсис этилиб, унинг таркибига ДБҚ марказий аппарати бош бошқармалари ва бошқармалари бошлиқлари киритилди.

Энг муҳим жиҳатлардан яна бир шундаки, музей ташкил этилганидан 13 йил ўтиб, илк бор “Божхона тарихи” музейининг Низоми тасдиқланди. Низомда музейнинг асосий мақсад ва вазифалари, музей таркиби ва унинг фаолият юритиш тартиби, музей ходимининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил назарда тутилган эди.

Мазкур омилларни инобатга олиб, Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари Уюшмаси ноёб ечимни тақдим қилди. Уюшманинг 2013 йил март ойида Давлат божхона қўмитаси Раисига йўллаган мурожаатида “Божхона тарихи” музейи негизида миллий ва жаҳон амалиётида кузатилмаган, шакл ва мазмун жиҳатидан бутунлай янги муассаса – “Божхона маънавият маркази”ни ташкил қилиш таклифи илгари сурилди.

Айни пайтда мазкур марказни ташкил этиш ишлари якунига етказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг “Божхона маънавият маркази” ҳам мамлакатимиз божхонасининг шонли тарихи, яқин ўтмиши ва мустақиллик йилларидаги тараққиётидан ҳикоя қилади. 

26.02.2018