Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товарларни экспорт қилиш
1558

1. Ўзбекистон Республикасидан товарларни экспорт қилиш экспорт қилувчининг экспорт контракти (яъни, экспорт, экспорт-консигнация, марказлаштирилган экспорт, биржа ва ярмарка экспорт шартномалари) асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ, экспорт қилувчи - юридик шахс, шунингдек юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс - товарлар экспортига Ўзбекистон Республикаси норезиденти билан экспорт контрактини тузган Ўзбекистон Республикаси резидентидир.

экспорт контракти - товарлар экспортига Ўзбекистон Республикаси резиденти билан норезиденти ўртасида тузилган хўжалик шартномаси, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ экспорт контрактига тенглаштирилган контрактдир.

2. Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 29 ва 30-моддаларига мувофиқ, “Экспорт” божхона режими шундай режимки, бунда Ўзбекистон товари уни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилади.

“Экспорт” божхона режимига жойлаштирилган ва амалда божхона ҳудудидан олиб чиқилган товар Ўзбекистон товари мақомини йўқотади.

Товарни “Экспорт” божхона режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари божхона тўловларини тўлаш ҳамда иқтисодий сиёсат чораларига риоя этишдан иборатдир.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 июлдаги “Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда Давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 197-сон қарорига мувофиқ, «Экспорт» божхона режимида олиб чиқиладиган товарларни божхонада расмийлаштириш учун божхона органига қуйидаги ҳужжатлар (рухсат берувчи ҳужжатлардан ташқари*) тақдим этилиши лозим: 

– контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактлари бундан мустасно:

– божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно:

– транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юкхати) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс).

*рухсат берувчи ҳужжатлар - рухсат этиш хусусиятига эга, яъни рўйхати қонунчилик билан белгиланган, товарлар божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган, ваколатли органлар томонидан бериладиган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг тегишли тизимига киритиладиган ҳужжатлардир.

Товарларнинг, шу жумладан электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначиликлар) томонидан тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида тўловчининг шахсий ҳисоб рақами бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади (божхона тўловларини тўлаш кечиктирилиши ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилиши ҳоллари бундан мустасно). 

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рухсат берувчи тусдаги тегишли ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда давлат божхона хизмати органлари божхона расмийлаштирувини рад этиш ҳуқуқига эгадир. 

4. Экспорт қилувчининг хоҳиши бўйича божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган барча ҳужжатлар, шу жумладан ваколатли органларнинг ҳужжатлари қоғозда тақдим этилиши мумкин. 

Товарларнинг электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 июлдаги 605-сонли «Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Божхона органига экспорт қилувчидан юқорида келтирилган ҳужжатлардан ташқари ҳамда давлат божхона хизмати органлари ёки давлатнинг бошқа органлари ва давлат хизматлари кўрсатувчи бошқа ташкилотлар тасарруфидаги қўшимча ҳужжатларни талаб этиш тақиқланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 21 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 199-сон қарорига мувофиқ, экспорт қилувчи экспорт контракти бўйича маълумотларни электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Давлат божхона қўмитасининг Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг божхона постлари экспорт қилувчи томонидан ТСОЯЭАТга киритилган контракт маълумотларини божхона юк декларацияси маълумотлари билан солиштирадилар ҳамда фарқлар мавжуд бўлмаганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона юк декларациясини расмийлаштирадилар.

26.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг