Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Икки йўлакли тизимга оид савол-жавоблар
3440
2017 йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси божхона чегаралари орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 814-сонли қарори буйича саволлар ва уларнинг жавоблари

Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий қилинаётганидан хабардормисиз?

2017 йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси божхона чегаралари орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 814-сонли қарори қабул қилинди.

Унга кўра 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида божхона ҳудудига кириб келиш ва чиқишда “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий қилинмоқда.

Фуқароларимиз “яшил” ва “қизил” йўлаклардан ўтиш борасида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар билан Давлат божхона қўмитасига мурожаат қилмоқда.

Қуйидаги энг кўп берилаётган саволларга жавобларнинг айримларимини эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Икки йўлакли тизимдан кимлар фойдаланиш ҳуқуқига эга?

Икки йўлакли тизимдан барча жисмоний шахслар фойдаланиш ҳуқуқига эга.

2. “Яшил” ва “қизил” йўлаклар бир-бирларидан нима билан фарқ қилади?

Ушбу йўлакларнинг бир-биридан фарқи бу, олиб ўтилаётган товарларни декларациялаш турида. Яъни, “яшил” йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи товар ва валюта бойликларини оғзаки декларациялайди, “қизил” йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи эса товар ва валюта бойликларини ёзма декларациялайди.

3. “Яшил” йўлак орқали оғзаки декларациялаган ҳолда исталган миқдор ва қийматдаги товар ва валюта бойликларини олиб ўтиш мумкинми?

Йўқ. “Яшил” йўлак орқали жисмоний шахслар нотижорат мақсадда фақатгина Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган қуйидаги товар ва валюта бойликларини олиб ўтишлари мумкин:

– олиб кириш ёки олиб чиқиш тақиқланмаган товарлар;

– қиймати ва (ёки) миқдори божсиз олиб кириш нормасидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан ошмайдиган товарлар;

– ёзма декларациялаш талаб этмайдиган ҳамда олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат этилган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ҳамда хорижий валютасининг чекланган нормалари миқдоридаги маблағлар.

4. “Яшил” йўлакдан ўтишим учун ўзим билан олиб келган багажнинг оғирлиги неча кг.дан ошмаслиги лозим?

“Яшил” йўлак орқали жисмоний шахсларнинг ҳаракатланишида уларнинг багажларининг умумий оғирлиги бўйича божхона органларида чеклов йўқ, бироқ олиб ўтилаётган товар нотижорат мақсадида ва олиб кириш ёки олиб чиқиш тақиқланмаган товарлар ҳамда қиймати ва (ёки) миқдори божсиз олиб кириш нормасидан ҳамда акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан ошмайдиган бўлиши лозим.

5. “Қизил йўлак” орқали ҳаракатлансам, барча товарларим ва валюта бойликларини декларацияда кўрсатишим шартми?

Жисмоний шахслар “қизил йўлак” орқали ҳаракатланишида қуйидаги товар ва валюта бойликларини ёзма декларациялашлари лозим:

– олиб кириш ёки олиб чиқиш тақиқланган товарлар;

– қиймати ва (ёки) миқдори божсиз олиб кириш нормасидан нормасидан ошадиган товарлар 

– ёзма декларациялаш талаб этиладиган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд хорижий валюталар.

Изоҳ: Мисол тариқасида юқорида кўрсатиб ўтилган маҳсулотларни божсиз олиб кириш нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритилганда 2018 йил 1 январдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида ташкил этилаётган “қизил” ва “яшил” йўлаклар олдида жойлашган ахборот ҳудудлари ҳамда Йўловчи божхона декларацияларидаги эслатмалар орқали фуқароларга батафсил маълумотлар берилади)

6. Белгиланган нормадан ортиқча товарларни “яшил йўлак” орқали олиб ўтсам, менга қандай чора кўрилади?

Жисмоний шахснинг “яшил” йўлакдан ўтиши божхона мақсадлари учун божхона органига мазкур шахснинг ёзма декларациялаштириладиган товарлари йўқлиги ҳақида маълум қилиш сифатида кўриб чиқилади.

“Яшил” йўлак орқали ўтадиган шахсда олиб кириш ёки олиб чиқиш тақиқланган ёки чекланган, қиймати ва (ёки) миқдори божсиз олиб кириш нормаси ҳамда акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан, шунингдек ёзма декларациялаштириладиган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ванақд хорижий валютадаги олиб кириш ҳамда олиб чиқишга рухсат этилган маблағларнинг чекланган нормасидан ортадиган товарлар борлиги аниқланган ҳолатларда, бундай шахс Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

7. “Қизил йўлак” орқали ҳаракатланиб, йўловчида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган товарлар аниқланса, қандай чора кўрилади?

“Қизил йўлак” орқали ўтадиган жисмоний шахсда йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган, ёзма равишда декларацияланиши шарт бўлган товарлар борлиги аниқланган ҳолатларда, бундай шахс Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Хусусан, жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2271–моддаси 2-қисми (Товар ва транспорт воситаларини белгиланган тартибни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиш) ёки ушбу кодекснинг 22722-моддаси бўйича (Товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш) маъмурий жавобгарликка ёҳуд шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш)бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Агар сиз ушбу қоидалардан хабардор бўлмасангиз, ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Чунки, божхона ўтказиш пунктларидаги икки йўлакли тизим олдида жисмоний шахсларга божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларни декларациялаш учун тегишли йўлакни онгли равишда танлаш имконини берадиган ахборот ҳудудлари ташкил этилади.

Унда божхона қонунчилиги ва асосий қоидалар, икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби ҳақида қисқача маълумотномалар, шунингдек божхона қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги огоҳлантиришлар жойлаштирилади.

Шундай экан, имкониятдан унумли фойдаланинг!

Божхона тартиб-қоидаларига тўғри ва тўлиқ риоя қилиш орқали вақтингизни тежанг!!!

Агарда сизда республикамиз халқаро аэропортларида жорий этилаётган “яшил” ва “қизил” йўлаклар бўйича қўшимча саволлар бўлса унда Давлат божхона қўмитасининг (0371) 120-76-33ишонч телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз ҳамда info@customs.uz электрон манзилига мурожаатларингизни юборишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз. 

3.04.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг