Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона омбори фаолиятини лицензиялаш тартиботи
521

Божхона омбори – махсус жиҳозланган ва белгиланган жой бўлиб, биноларнинг ҳудудини ва (ёки) очиқ майдончаларни ўз ичига олади ҳамда товарларни вақтинча сақлаш ва (ёки) божхона омбори режимларида божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган.

Божхона омборида:
Ўзбекистон Республикасига олиб келиш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланган товарларни сақлашга рухсат берилмайди, божхона органлари томонидан олиб қўйилган ва божхона органлари томонидан таъсис этилган божхона омборига жойлаштирилган товарлар бундан мустасно;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айланиши ва сотилиши тақиқланган товарларни сақлашга рухсат берилмайди.

Божхона омборининг нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш учун фойдаланиладиган товарлар (масалан, ортиш-тушириш техникаси, совутиш ускунаси, компьютер техникаси, махсус кийим-бош ва ҳоказолар) божхона режими остида жойлаштирилмайди.

Божхона омборида ва унга туташиб кетган ҳудудда товарлар билан ишлаб чиқариш операциялари ва бошқа тижорат операциялари амалга оширилишига йўл қўйилмайди, тегишли божхона режимида назарда тутилган операциялар бундан мустасно.

Божхона омбори очиқ ёки ёпиқ турда бўлиши мумкин.

Очиқ турдаги божхона омбори — ҳар қандай шахслар фойдаланиши мумкин бўлган божхона омбори.

Ёпиқ турдаги божхона омбори — муайян шахсларнинг, қоидага кўра, омбор эгасининг товарларини сақлашга ёки муайян товарларни, шу жумладан айланиши чекланган товарларни сақлаш учун мўлжалланган божхона омбори. Бундай шахслар ва товарлар божхона омборини таъсис этишда божхона органи билан келишув бўйича божхона омбори эгаси томонидан белгиланиши мумкин.

Очиқ ва ёпиқ турдаги божхона омборларидан сақлашнинг алоҳида шарт-шароитларини талаб этувчи ёки бошқа товарларга зарар етказиши мумкин бўлган товарларнинг айрим турларини сақлаш учун фойдаланилиши мумкин (ихтисослаштирилган божхона омборлари).

Ўзбекистон Республикаси божхона органлари томонидан таъсис этиладиган божхона омборлари очиқ турдаги божхона омборлари ҳисобланади.

Божхона омборида сақланаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви ариза берилган божхона режимларига мувофиқ тегишли божхона режимлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Божхона омборида сақлашни назарда тутмайдиган ўзгача божхона режими остида ариза берилган товарларни божхона омборидан амалда олиб чиқиш танланган божхона режимига мувофиқ бундай товарлар чиқарилиши пайтдан бошлаб уч кундан кечикмай амалга оширилиши керак.

Божхона омбори фаолиятини амалга оширишга лицензия (кейинги ўринларда лицензия деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) омбор ҳудуди, шунингдек, божхона омбори сифатида фойдаланиш мўлжалланаётган омбор ва қўшимча хоналар эгалигида бўлган Ўзбекистон Республикаси юридик шахсига эгаси, божхона омбори ҳудуди ва хонаси ушбу Низом талаблари ва шартларига мувофиқ бўлиши шарти билан берилади.

Агар божхона омбори божхона органи томонидан таъсис этилса, лицензия олиш талаб қилинмайди. Бундай божхона омборини таъсис этиш ва унда товарларни сақлаш тартиби мазкур Низомда белгиланган талаблар ва шартларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Божхона омбори фаолиятини амалга оширишга намунавий (оддий) лицензия берилади.

Лицензияни ёки у бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

Божхона омбори фаолиятини лицензиялашнинг тўлиқ тартиботи билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2003 йил 20 ноябрдаги 523-сон қарори орқали танишиб чиқишингиз мумкин. 

13.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг