Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона соҳасида қўлланиладиган оммабоп атамалар луғати
1050

Божхона брокери — божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни декларантнинг ёки ваколатли шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан шартнома асосида амалга оширадиган, тегишли рухсатнома олган Ўзбекистон Республикаси юридик шахси.

Божхона иши — иқтисодий, тартибга солиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш мақсадларига эришишга қаратилган, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлайдиган усуллар ва воситалар мажмуи.

Божхона мақсадлари - божхона мақсадлари божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, товарларни ташиш, сақлаш ва қайта ишлашда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш, божхона тўловлари ўз вақтида ва тўғри тўланишини таъминлаш, иқтисодий сиёсат чораларига, божхона режимларининг талаблари ва шартларига риоя этилишини таъминлаш ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларига чек қўйиш ва уларнинг олдини олишдан иборат.

Божхона операцияси — товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида товарларга ва транспорт воситаларига нисбатан божхона органларининг мансабдор шахси ва (ёки) ваколатли шахс томонидан амалга ошириладиган ҳаракат.

Божхона режими — божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг мақомини божхона мақсадлари учун белгиловчи қоидалар мажмуи.

Божхона тартиб-таомили — божхона мақсадлари учун амалга ошириладиган божхона операцияларининг мажмуи.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш — автотранспорт воситаларининг божхона органлари томонидан божхона назорати остида кузатиб борилиши.

Ваколатли шахс - Товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси ёки товарга ва (ёки) транспорт воситасига нисбатан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатларга эга бўлган ёхуд товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси номидан тегишли шартнома ёки ишончнома асосида иш кўрувчи шахс ваколатли шахсдир.

Декларант — товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ўз номидан декларацияловчи шахс ёхуд унинг номидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётган шахс.

Декларациялаш — божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган ва (ёки) божхона назорати остида турган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари тўғрисидаги зарур маълумотларни божхона органларига маълум қилиш.

Енгиб бўлмас куч таъсири - табиат ҳодисалари (зилзилалар, ер кўчишлари, довуллар, қурғоқчиликлар ва ҳоказо) ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг хоҳиш-иродаси ҳамда хатти-ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар сабабли келиб чиққан, шунинг оқибатида мазкур шахслар қабул қилган мажбуриятларини бажара олмайдиган фавқулодда ва олдини олиб бўлмайдиган, кутилмаган ҳолатлар енгиб бўлмас куч таъсири ҳисобланади.

Иқтисодиёт тармоғи — Ўзбекистон Республикасининг ўхшаш товар ишлаб чиқарувчиларининг барчаси ёки Ўзбекистонда шундай товар ишлаб чиқариш умумий ҳажмида улуши асосий қисмни ташкил этадиган ишлаб чиқарувчиларнинг жами.

Иқтисодиёт тармоғига етказилаётган жиддий зарар — Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига товар импорти кўпайганлиги, демпинг нархларидаги товар импорти ёки субсидия билан таъминланган товар импорти оқибатида иқтисодиёт тармоғининг ишлаб чиқариш, савдо ва молиявий кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайганлиги ёхуд иқтисодиёт тармоғи ривожланишида суръат сезиларли даражада сусайганлиги.

Иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши хавфи — иқтисодиёт тармоғига жиддий зарар етказилиши муқаррар эканлигининг далиллар билан тасдиқланганлиги.

Иқтисодий сиёсат чоралари — товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудига олиб киришга ва ушбу ҳудуддан олиб чиқишга доир чекловлар бўлиб, улар квота белгилашни, лицензиялашни, шунингдек мамлакат иқтисодиётининг жаҳон хўжалиги билан ўзаро ҳамкорлигини тартибга солишнинг бошқа чора-тадбирларини ўз ичига олади.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси - қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси қайта ишлаш жараёнида ишлатиладиган товарлар миқдорининг битта бирлигидан ишлаб чиқариш жараёнига мувофиқ олинадиган қайта ишланган маҳсулотларнинг мутлақ қийматдаги ёки фоиз нисбатидаги миқдори ҳисобланади.

норезидентлар — резидентлар жумласига кирмайдиган шахслар;

Одатдаги савдо жараёни — товарнинг уни ишлаб чиқарувчи мамлакат ёки экспорт қилувчи мамлакатнинг ички бозорида ўртача олинган таннархи ва ўртача фойда нормасидан ёки ўхшаш шароитдаги учинчи мамлакатдан Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган ўхшаш товарларга таққослама нархлардан таркиб топадиган нархдаги олди-сотдиси.

Олдинги давр — текширув ўтказиш тўғрисидаги ариза топширилган кунга қадар кечган ҳамда зарурий статистика маълумотлари бўлган сўнгги уч йил.

резидентлар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

Ташқи иқтисодий фаолият - Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахсларининг хорижий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ўзаро фойдали иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятидир. Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлган ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган жисмоний шахслар ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланишга ҳақлидир. Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишлари мумкин.

Ташқи иқтисодий фаолият объектлари - олди-сотди ёки айирбошлаш объекти бўлган товарлар, ишлар (хизматлар), ҳар қандай мол-мулкка, шу жумладан, қимматли қоғозлар, валюта қимматликларига, электр, иссиқлик энергияси ва бошқа турдаги энергияга, транспорт воситаларига, интеллектуал мулк объектларига нисбатан, ташқи иқтисодий фаолиятда фойдаланилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланганларини истисно этганда, ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилиши мумкин.

Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари - ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ҳисобланадилар.

Ташувчи — божхона назорати остида турган товарлар ташилишини амалга оширувчи ёки транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахс.

Товар ва транспорт воситаси - божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳар қандай кўчар мол-мулк, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси, валюта бойликлари ва бошқа қимматли қоғозлар, электр, иссиқлик энергияси ва энергиянинг бошқа турлари, интеллектуал мулк объектлари, транспорт воситаси товар ҳисобланади, Товарларни ва йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган восита транспорт воситасидир. Транспорт воситаси ҳар қандай сув кемасини, ҳаво кемасини, автотранспорт воситасини, темир йўл транспорт воситасини (темир йўлнинг ҳаракатдаги таркибини, темир йўл ҳаракатдаги таркибининг бир қисмини) ёки контейнерни, шунингдек уларнинг ўз конструкциясига мувофиқ техник паспортларида ёки техник формулярларида назарда тутилган эҳтиёт қисмларни, анжомларни ва ускуналарни, суюқлик сақлаш идишларидаги ёқилғи-мойлаш материалларини, совутувчи ва бошқа хил техник суюқликларни, агар улар мазкур транспорт воситалари билан бирга ташилаётган бўлса, ўз ичига олади.

Товар туркуми — битта олувчининг манзилига битта транспорт ҳужжати бўйича келаётган ёки битта почта юк хати билан жўнатилаётган ёхуд божхона чегараси орқали ўтаётган битта жисмоний шахснинг қўл юкида ва багажида олиб ўтилаётган товар ёки унинг бир қисми.

Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш — товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудига олиб кириш ёхуд ушбу ҳудуддан олиб чиқиш.

Товарларнинг эркин муомаласи — божхона ҳудудида товарларнинг белгиланган тақиқлар ва чекловларсиз айланиши.

Товарни чиқариб юбориш — божхона органларининг божхона расмийлаштирувини якунловчи ва маълум қилинган божхона режими шартларидан келиб чиққан ҳолда товарлардан фойдаланишга ва (ёки) уларни тасарруф этишга рухсат берилганлигини ифодаловчи ҳаракати.

Товарнинг бут сақланишини таъминлашга доир операциялар - товарнинг бут сақланишини таъминлашга доир операциялар жумласига тозалаш, шамоллатиш, қуритиш, шу жумладан илиқ ҳавони вужудга келтириб қуритиш, сақлашнинг мақбул ҳарорат режимини яратиш, шу жумладан совутиш, музлатиш, иситиш, ҳимоя ўровига ўраш, ҳимояловчи мойни ва консервантларни суртиш, занглашдан ҳимоя қилиш учун бўяш, муҳофазаловчи моддалар билан иҳоталаш, коррозияга қарши қоплама суртиш киради. Товарларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, товарнинг бут сақланишини таъминлашга доир операциялар жумласига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турдаги операциялар ҳам киритилиши мумкин.

Товарнинг кузатув ҳужжатлари - Тижорат ва транспорт ҳужжатлари товарнинг кузатув ҳужжатлари ҳисобланади. Тижорат ҳужжатлари жумласига ҳисобварақ-фактура (инвойс), юклаб жўнатиш ва ўров варақлари ҳамда ташқи савдо фаолияти ва ўзга фаолият амалга оширилаётганда божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ битимлар тузилганлигини тасдиқлаш учун фойдаланиладиган бошқа ҳужжатлар киради. Транспорт ҳужжатлари жумласига коносамент, юк хати ёки товарларни ташиш шартномаси борлигини тасдиқловчи ҳамда шундай ташишда кузатиб борувчи бошқа ҳужжат киради.

Товарнинг ўзгармас ҳолати - товарнинг ўзгармас ҳолати товар божхона режимига жойлаштирилаётган пайтдаги барча хоссаларининг божхона режими амал қилишининг тугалланиш пайтида ўша ҳажмларда бут сақланиб қолишидир, бундан товарнинг табиий тарзда эскириши ёки уни ташиш ва (ёки) сақлашнинг нормал шароитларида камайиши оқибатида рўй берган ўзгаришлар мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (божхона органларининг ахборот тизими) — божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона назоратини амалга ошириш учун уларга доир ҳужжатлар ва маълумотларнинг киритилишини, ҳисобга олинишини ҳамда мониторинг қилинишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг автоматлаштирилган тизими.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди ва божхона чегараси - Ўзбекистон Республикасининг қуруқликдаги ҳудуди, ҳудудий ва ички сувлари ҳамда улар устидаги ҳаво ҳудуди Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудини (бундан буён матнда божхона ҳудуди деб юритилади) ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин божхона зоналари ва эркин омборлар бўлиши мумкин, уларнинг ҳудудлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, божхона ҳудудидан ташқарида жойлашган деб қаралади. Божхона ҳудуди сарҳадлари, шунингдек эркин божхона зоналарининг ва эркин омборларнинг тегралари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси ҳисобланади (бундан буён матнда божхона чегараси деб юритилади).

Ўхшаш товар — қандай вазифа бажара олиши ва нимага мўлжалланганлиги, қўлланилиши, сифат ва техник хусусиятларига, шунингдек бошқа асосий хоссаларига кўра импорт қилинаётган товар билан батамом бир хил бўлган ёки бундай товар билан таққослаб бўладиган товар.

чет эл валютаси — муомалада бўлган ҳамда хорижий давлатда қонуний тўлов воситаси ҳисобланган банкнотлар, хазина билетлари ва тангалар кўринишидаги чет эл пул белгилари.

Юк операциялари — божхона назорати остида турган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ташиш, юклаш, тушириш, қайта юклаш, уларнинг бузилган ўровларини тўғрилаш, уларни ўраш, қайта ўраш ва ташиш учун қабул қилиш.

Юридик ва жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган ташкилот, чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган чет эл ташкилоти, Ўзбекистон Республикасининг, чет давлатнинг қонун ҳужжатларига ёки халқаро шартномага мувофиқ ташкил этилган халқаро ташкилот юридик шахс ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар) жисмоний шахслар ҳисобланади.

21.06.2018