Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасини юритиш бошқармасига соҳа йўналиши бўйича келиб тушаётган саволлар ва уларнинг жавоблари
1155
Маълумотлар Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасини юритиш бошқармаси томонидан тақдим қилинган.

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни божхона органлари томонидан ҳимоя қилиш бўйича келиб тушаётган саволлар 

САВОЛ:  “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри”га товар белгиларини киритиш учун Давлат божхона қўмитасига қандай маълумотлар тақдим этиш керак? 
ЖАВОБ: Бунинг учун, Давлат божхона қўмитасига интеллектуал мулк объектларини (ИМО) “ИМО божхона реестри”га киритиш тўғрисида ариза берилади.
Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак: 
ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили тўғрисидаги, унинг номини, реквизитларини, шунингдек, агар мавжуд бўлса, электрон почта манзилини кўрсатган ҳолда;
ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаат этаётган интеллектуал мулк объектининг тавсифи (фотосуратлар, расмлар, чизмалар, маҳсулотларнинг паспортлари ва бошқа маълумотлар);
ваколатли орган томонидан берилган ИМОга бўлган ҳуқуқларнинг амал қилиш муддати ҳақидаги;
интеллектуал мулк объекти “ИМО божхона реестри”га қайси муддатга киритилаётган бўлса, ўша муддат ҳақидаги, лекин бу муддат интеллектуал мулк объекти ушбу реестрга киритилган кундан эътиборан уч йилдан кўп бўлмаслиги керак;
Агар “ИМО божхона реестри”га киритиш тўғрисидаги ариза вакил томонидан берилса, ушбу аризага вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилинади.
Шу билан бирга, интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг мавжудлиги ва мансублигини тасдиқловчи мавжуд ҳужжатларнинг (масалан: патентнинг, гувоҳноманинг, лицензия шартномасининг ёки бошқа ҳужжатларнинг) ҳуқуқ эгаси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинади. 

САВОЛ:  Товар белгисининг мутлақ ҳуқуқ эгаси хорижий компания бўлса, “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри”га товар белгисини киритиш учун аризани хорижий компания тақдим этадими ёки ушбу компаниянинг Ўзбекистондаги ваколатли вакили ҳам тақдим этса бўладими?
ЖАВОБ:  Божхона кодексининг 384-моддасида интеллектуал мулк объектига бўлган мутлақ ҳуқуқларга эга шахс ёки унинг ваколатли вакили интеллектуал мулк объектига бўлган мутлақ ҳуқуқ эгаси (ҳуқуқ эгаси) эканлиги қайд этилган.
Божхона кодексининг 385-моддасига асосан ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили Давлат божхона қўмитасига товар белгисини “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри”га киритиш тўғрисида ариза бериши мумкин.

САВОЛ:  Хорижий давлатдан ўз эҳтиёж учун халқаро почта орқали юборилаётган алкогол ичимликларининг товар белгиси ҳуқуқ эгаси томонидан “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри”га киритилган экан. Бундай ҳолатда, товар белгисига нисбатан ваколатга эга шахс божхона органларига ушбу ичимликларни тўхтатиш бўйича ариза берса, божхона органлари томонидан товарларни тўхтатиш бўйича чоралар кўриладими? 
ЖАВОБ:  Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадлар учун, шу жумладан уларнинг манзилига халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган товарларга нисбатан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўрилмайди.

САВОЛ: Божхона органлари томонидан Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш қандай амалга оширилади?
ЖАВОБ: Божхона органлари томонидан интеллектуал мулк объектларига (ИМО) бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари мавжуд бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш Божхона кодексининг 385 ва 388-моддаларида назарда тутилган шартларга риоя этган ҳолда амалга оширилади. 
Яъни ИМО Давлат божхона қўмитасининг “ИМО божхона реестри”га киритилган бўлишлиги ва ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили томонидан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш тўғрисида Божхона кодексининг 388-моддаси асосида Давлат божхона қўмитасига ариза тақдим этиши лозим бўлади.
Давлат божхона қўмитаси аризани кўриб чиқади, аризада қайд этилган моддалар Божхона кодекси талаблари асосида тақдим этилган бўлса товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш тўғрисида ёки Божхона кодекси талабларга мувофиқ бўлмаса уни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

САВОЛ:  Давлат божхона қўмитаси томонидан “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри” юритилаётган экан. Ушбу реестр ва унга киритилган интеллектуал мулк объектлари бўйича маълумотларни қаердан олса бўлади?
ЖАВОБ:  “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри” электрон шаклда, рус тилида юритилмоқда ва ушбу реестр Давлат божхона қўмитасининг расмий вэб-сайтида (www.customs.uz) очиқ маълумотлар бўлимининг, Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри саҳифасига жойлаштирилган. Ушбу веб-сайтда реестр доимий равишда вақти-вақти билан янгилаб борган ҳолда эълон қилинади. Шунингдек, мазкур реестрга суратлар ҳам киритилганлигини инобатга олиб, Excel  (imoreestrexcel) формат кўринишини кўчириб олишни тавсия қиламиз.

Республикага товарларни импорт/экспорт қилишда божхона расмийлаштирувига тақдим этиладиган рухсатнома ҳужжатлари бўйича келиб тушаётган саволлар.

САВОЛ:  Яланғоч қизилмия, коврак, исириқ ва шу каби ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни экспорт қилишда божхона расмийлаштируви учун Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан юқорида қайд этилган ўсимликлардан фойдаланганлик (ғамлаш, тўплаш) учун берилган рухсатномани тақдим этиш шартми?
ЖАВОБ:  Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ёввойи ўсимликларни ғамлаш ва тўплаш учун алоҳида, олиб чиқиш учун алоҳида рухсатнома берилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан четга олиб чиқилаётган ўсимлик дунёси объектларининг божхона расмийлаштируви Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан олиб чиқиш учун берилган рухсатнома асосида амалга оширилади. 

САВОЛ. Ўрта Осиё тошбақаларини экспорт қилиш учун божхона расмийлаштирувига қандай рухсатнома ёки сертификат тақдим этиш керак 
ва ушбу рухсатнома ёки сертификат қайси давлат органидан олинади? 
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси 1997 йилда Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги Конвенцияга қўшилган. Экспорт қилинаётган Ўрта осиё ташбақалари (черепаха степная Testudo Horsfieldi ТИФ ТН коди 0106200090) СITESнинг II Иловасига киритилган, ушбу иловадаги намуналарни чет элга олиб чиқиш учун СITESнинг экспорт рухсатномаси олиниши талаб этилади.
I, II ва III Иловаларга киритилган ҳайвонлар ва ўсимликлар намуналарини экспорт, реэкспорт ва импорт қилиш учун рухсатнома СITES Маъмурий органи деб ҳисобланган Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан берилади. 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.10.2014 йилдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш (CITES) соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ рухсатномасиз ёки ҳақиқий эмас деб ҳисобланадиган сохта рухсатнома билан Конвенциянинг I, II ва III Иловаларига киритилган ҳар қандай ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари намунасини импорт, экспорт ва реэкспорт қилиш ёки импорт, экспорт ва реэкспорт қилишга уриниш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. 

Товарларни ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича таснифлаш ва бу бўйича божхона органлари томонидан дастлабки қарор қабул қилиш ва экспертиза хулосалари бўйича келиб тушаётган саволлар.

САВОЛ:  Республикамизга импорт қилмоқчи бўлаётган товарларга товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор олиш учун божхона органларига қандай ҳужатлар тақдим этиш керак бўлади?
ЖАВОБ: Божхона кодексининг 371–моддасига асосан товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш тўғрисида сўров билан мурожаат қилинади. Ушбу сўровда қуйдаги маълумотлар кўрсатилиши ва тақдим этилиши керак бўлади:
товарларнинг тўлиқ тижорат номи, фирма номи, асосий техник, тижорат тавсифлари ва товарни бир маънода таснифлаш имконини берувчи бошқа маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Зарур ҳолларда, маҳсулотнинг фотосуратлари, расмлари, чизмалари, паспортлари ҳамда ушбу дастлабки қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилади.
Юридик шахсдан келиб тушадиган сўров ташкилот раҳбари томонидан фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳолда имзоланган ҳамда ташкилот жойлашган ер тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак.
Жисмоний шахсдан келиб тушадиган сўров ушбу шахс томонидан имзоланган ва унинг яшаш манзили ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак.

САВОЛ:  Товарларни таснифлаш бўйича қабул қилинган дастлабки қарор бекор қилиниши мумкинми? 
ЖАВОБ:  Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 373-моддасига биноан, агар товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор аризачи томонидан тақдим этилган тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар асосида қабул қилинган бўлса, бундай қарор бекор қилинади. 
Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарор дастлабки қарор берилган шахсга қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай ёзма шаклда юборилади.

Ўзбекистон Республикасига импорт қилинаётган товарларни маркировкалаш бўйича келиб тушаётган саволлар.

САВОЛ:  Ўзбекистон Республикасига импорт қилинаётган товарлар давлат тилида маркировка қилинган бўлса, ушбу маркировканинг матнининг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун ким жавоб беради? 
ЖАВОБ:  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш 
ва божхонада расмийлаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2014 йил 5 февралдаги 22-сон қарори 1-иловаси билан “Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш қоидалари” тасдиқланган. Ушбу қоидаларга асосан товарнинг давлат тилидаги маркировкаси матнининг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун импорт қилувчи ва товарни сертификатлаш ишларини амалга оширган сертификатлаштириш бўйича аккредитация қилинган орган жавоб беради.

САВОЛ:  Ўз эҳтиёж учун олиб келинаётган товарлар давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг рўйхатида қайд этилган бўлса, ушбу товарларни давлат тилидаги маркировкасисиз республикага олиб кириш мумкинми?
ЖАВОБ:  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 127-сон қарорига асосан, истеъмол товарларини ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мажбурий тартибда давлат тилида маркировка қилишга доир талаблар, аҳолига сотиш учун мўлжалланмаган ҳамда юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ва ишлаб чиқариш ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланмаган истеъмол товарларига татбиқ этилмайди.

3.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг