Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш ва божхона статистикасига доир савол-жавоблар
3329
Маълумотлар Ташқи савдо операцияларини мониторинги ва божхона статистикаси бошқармаси томонидан тақдим қилинган.

Маълум бир даврда товарларнинг экспорти ва импорти тўғрисидаги маълумотлар қандай шакллантирилади?

Адлия вазирлигида 20.09.2007 йилда 1717-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Давлат ва божхона ташқи савдо статистикаси маълумотларини йиғиш ва қайта ишлаш услубияти тўғрисида Низом”нинг 9-бандига асосан Ташқи савдо бўйича якуний жамланма маълумотларни шакллантириш, уларни нашр қилиш ва фойдаланувчиларга зарур кесимларда тақдим этиш Давлат статистика қўмитаси томонидан ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

Божхона юк декларацияси қандай тўлдирилади?

Божхона юк декларацияси Адлия вазирлигидан 2016 йил 6 апрелда 2773-рақам билан рўйхатдан ўтган “Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома талаблари асосида тўлдирилади.

Божхона юк декларациясига ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш мумкинми?

Ҳа. Адлия вазирлигидан 2016 йил 10 майда 2784-рақам билан рўйхатдан ўтган “Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Низом талаблари асосида божхона юк декларациясига тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш мумкин.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона органларига божхона юк декларациясини тақдим этиш ҳуқуқига эгами?

Ҳа. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5414-сонли Фармонига асосан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Товарларни экспорт қилишда божхона органларига қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 июлдаги 197-сонли қарори билан тасдиқланган экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига асосан “экспорт” божхона режимида олиб чиқиб кетилаётган товарни божхонада расмийлаштиришда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

- контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактлари бундан мустасно;

(Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 21 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 199-сонли қарорига асосан тадбиркорлик фаолияти субъектлари ташқи савдо контрактлари
бўйича маълумотларни электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда киритадилар).

- божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно;

- транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юкхати) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс).

Хўжалик юритувчи субъектлар ташқи савдо шартномалари ҳақидаги маълумотларни Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига қачон киритиши керак?

Адлия вазирлигидан 1999 йил 15 октябрда 832-рақам билан рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси божхона органларида контрактлар (шартномалар) ва битимларни ҳисобга қўйиш тартибига асосан хўжалик юритувчи субъектлар электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига қуйидаги маълумотларни киритиши лозим:

божхона органларида рўйхатга қўйилиши керак бўлган ташқи савдо шартномалари ва қўшимча келишувлар бўйича, шартномани рўйхатга қўйиш бўйича бериладиган аризадан олдин;

бошқа ташқи савдо шартномалари ва қўшимча келишувлар бўйича божхона органига божхона юк декларациясини тақдим этишдан олдин.

3.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг