Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сайдахмад Ташходжаев
62
Сайдахмад Ташходжаев

Божхона органларида қисқа муддат ишлаган бўлса-да, марҳум Сайдахмад Ташходжаев ўзидан муносиб ном қолдиришга улгурди.

Сайдахмад Ташходжаев 1953 йил Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида таваллуд топган бўлиб, оиладаги олти нафар фарзанднинг кенжаси бўлган. У 1972-1974 йиллар оралиғида Қуролли кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаб, Тошкент Давлат техника университетида таҳсил олган ва инженер-қурувчи мутахассислигига эга бўлган.

Саидаҳмад Тошхўжаев божхона тизимидаги фаолиятини 1995 йилда бошлаган. У миллий кинология соҳаси шаклланиши ва ривожланишига муносиб ҳисса қўшди. Миллий кинология марказида масъул лавозимларда ишлади. 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ихтисослаштирилган “Тошкент-Аэро” божхона комплексига қарашли Кинология хизмати бош инспектор-кинологи лавозимида меҳнат қилди. Шу йили 29 сентябрь куни махсус топшириқни бажариш учун ҳамкасблари билан Самарқанд вилоятига кетаётганида Сирдарё вилояти ҳудудида автоҳалокатга учраб, оғир жароҳатланди. 1999 йил 25 октябрь куни оғир тан жароҳати туфайли вафот этди.

Таъкидлаш жоизки, марҳум майор Сайдахмад Ташходжаев бугун Марказий Осиёда инспектор-кинолог ва хизмат итларини тайёрловчи ягона муассаса – пойтахтимизадги Миллий кинология марказининг тамал тошини қўйишда, бу ерда портловчи моддаларни қидириш, ҳимоя-қоровул хизмати, из-қидирув, қидирув-қутқарув хизмати ва антитеррор йўналишларига асос солишда улкан ҳисса қўшган инсонлардан бири эди.

Миллий кинология тизимини такомиллаштиришда хориж тажрибасини ўрганишга ва ўзлаштириша алоҳида эътибор қаратган қаҳрамонимиз бир қатор хорижий давлатларда бўлиб қайтган эди. Жумладан, Венгрияда бир неча ой таҳсил олган Саидаҳмад Тошхўжаев ўзи билан хизматда асқотадиган бир нечта зотдор итларни ҳам олиб қайтган эди.

Пойтахтимизнинг Юнусобод тумани, “Боғишамол” кўчасида истиқомат қилувчи Саидаҳмад Тошхўжаевнинг акаси Турсунхўжа Тошхўжаев марҳум укасини хотирлар экан, кўзларида ёш билан энг аввало унинг меҳнатсеварлиги, масъулиятлилиги, бир сўзлигини хурмат билан тилга олди.

– Укам билан шу ҳовлида кўп йиллар бирга яшадик. Ўз ишига масъулиятли, ҳар томонлама кучли йигит эди. Оила аъзолари, яқинларига доимо ғамхўрлик қиларди, – дейди Турсунхўжа Тошхўжаев. – Уни биринчи марта божхоначи кийимида кўрганим ҳали кўз ўнгимда. Ишда эдим. Дераза олдидан ҳарбий либосда бир киши ўтиб кетди. Хонадан чиқиб қарасам, укам жилмайиб турибди. Уни қучоқлаб олдим, хурсандлигимдан йиғлаб юборибман. У Ватанимизга содиқ хизмат қилди. Укамнинг хислатларини фарзандларида кўриб қувонаман. Илоҳим, шу гўзал ҳаётимизга кўз тегмасин, марҳумлар хотирасини абадийлаштираётларнинг иши ўнгидан келсин.

– Шу ҳовлида улғайдим, тоғамдан кўп яхши фазилатларни ўргандим, – дейди Саидаҳмад Тошхўжаевнинг жияни Аҳмад Аҳмедов. – Мендан 9 ёш катта бўлсада, худди тенгқури каби самимий гаплашарди. Бўш вақтларида шахмат ўйнардик. Итга меҳри баланд эди. Улар билан худди одамдек тиллаша оларди. Бу ҳовлида икки тоғам фарзандлари билан яшаган. Бирон марта аразлашиб қолганини эслолмайман. Келинойиларим ҳам тоғаларим каби аҳил-иноқ эди.

Саидахмадни ўз укамдек кўрар эдим, - дейди келинойиси Лаълихон Тошхўжаева. - У ҳеч қачон божхонадаги иш жараёнини ёки хизмат сирларини оилада муҳокама қилган эмас. Айниқса, фарзанд тарбиясида меҳрибонлик ва талабчанликни ўз меъёрида ушлаб турарди. Мана ҳозир бир ўғил ва икки қизи олий маълумотга эга бўлиб, жамиятимиз учун нафи тегадиган кадрлар бўлиб етишишди. Саидаҳмад шахматга меҳр қўйган эди. Акалари билан бўлиб ўтадиган суҳбатлар ҳамиша шахмат ўйини билан ҳамоҳанг кечарди. Венгрия сафаридан қайтишда ўзи билан чиройли ишланган шахмат жамланмасини олиб келган эди. Биз уни кейинчалик Давлат божхона қўмитасида ташкил қилинган “Божхона тарихи” музейига эсдалик сифатида тақдим қилдик.

Қаҳрамонимизнинг ватан олдидаги хизматлари бесамар кетмади. Божхона хизмати майори Ташходжаев Сайдахмад Хидоятович ўзининг юксак касб маҳоратини ва ватанпарварлик бypчига садоқатини намоён қилгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига асосан 2001 йил 25 декабрда таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 10 йил” ва 2006 йил 26 декабрда таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил” эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ҳеч шубҳасиз, Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир”.

Обод юртимиз, бугунги фаровон ҳаётимиз, халқимиз хотиржамлиги йўлида азиз жонини фидо этган қаҳрамонлар ёди унутилмайди. Улар кўрсатган қаҳрамонлик ҳақида эшитиб, китобларда ўқиб фахрланамиз. Уларга муносиб авлод бўлишга интиламиз.

1.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг