Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Хоразм Синов ва сертификатлаш маркази” билан ҳамкорликда вилоят божхона бошқармасида ўқув семинари ўтказилди
450
Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрда “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4059-сонли Қарори қабул қилинди.

Тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш, соғлиқни сақлаш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қарор мазмун моҳиятини кенг тарғиб этиш юзасидан, Хоразм вилояти божхона бошқармасида “Хоразм синов ва сертификатлаш маркази” давлат корхонаси билан ҳамкорликда ўқув семинари ташкил этилди.

Семинарда давлат корхонаси раҳбари, корхона мутахассислари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва божхона ходимлари иштирок этди.

Қарор мазмун-моҳиятини ўрганиш ва унинг самарали ижро этилишини таъминлаш масалаларига қаратилган мазкур ўқув семинарда қарорнинг тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришдаги аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Қарор билан инвестиция лойиҳалари асосида ташкил этилаётган ишлаб чиқариш корхоналари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинаётган товарларни сертификатлаштириш жараёнидаги сарф ҳаражатлар ҳамда оварагарчиликларга чек қўйилади. Бу билан Республикамизда қулай инвестиция муҳитини яратиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини белгиланган муддатларида ишга туширилиб иқтисодиётимизга хизмат қилиши ва маҳсулотларни экспорт салоҳиятини ошишига замин яратади.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб:

Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форумига (IAF) аъзо давлатлар томонидан сертификатланган давлат улуши 50 фоиздан ошмайдиган тадбиркорлар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган республикада ишлаб чиқарилмайдиган қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар, ноозиқ-овқат хом ашёлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинади.

Миллий ўлчаш эталонлари ва миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишувни (CIPM MRA) имзолаган мамлакатларнинг калибрлаш сертификатлари билан тақдим этилган ўлчаш воситаларини метрологик аттестациялаш бир кун муддатда амалга оширилади.

2019 йил 1 январдан бошлаб 22 турли истеъмол товарлари фақат «Ўзстандарт» агентлигининг сертификатлаштириш органлари, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази томонидан янгидан аккредитация қилинган сертификатлаштириш органлари томонидан сертификатланади.

Ушбу товарлар рўйхатида гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, парранда тухумлари, асал, сабзавотлар, мевалар, қаҳва ва чой мавжуд.

Шунингдек, эндиликда мувофиқлик сертификатларини расмийлаштиришда такрорланувчи синовлар ўтказилиши тақиқланади.

Семинарда таъкидланганидек, қарорда санитария-эпидемиология ва фитосанитария вазияти номақбул бўлган давлатларнинг рўйхатига кирувчи мамлакатлардан санитария-эпидемиология ва фитосанитария назоратидан ўтказилиши лозим бўлган маҳсулотларнинг олиб кирилишига тақиқ қўйилгани халқимиз саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Семинар якунида иштирокчилар томонидан берилган барча саволларга корхона мутахассислари томонидан тўлиқ  жавоб олдилар. Берилган таклифлар бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

12.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг