Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Армия ва халқ – бир тану бир жон!”
561
Бугун эрта тонгда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Мустақиллик майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига тантанали равишда гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
“Армия ва халқ – бир тану бир жон!”

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати билан бир сафда Давлат божхона қўмитаси вакиллари ҳам  ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйишди.

Аслида бу хайрли ва эзгу анъана замирида халқимиз нақадар тинчликсевар эканлиги, шу боисдан энг бебаҳо неъмат бўлмиш осойишталикни нечоғлик қадрлашимиз мужассам топган.

Муҳтарам Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида таъкидлаганларидек, мана шу байрам кунларида барчамиз Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этмоқдамиз.

Шу куни Давлат божхона қўмитаси ҳовлисидаги мўъжаз хиёбонга Ватанимизнинг иқтисодий хавфсизлиги йўлида жасорат ва мардлик намунасини кўрсатиб, халок бўлган божхоначилар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига ҳам гулчамбар қўйилиб, ҳурмат бажо келтирилди.

Куннинг иккинчи ярмида Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати шахсий таркиби иштирокида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов мамлакатимиз қудратини юксалтиришга ва иқтисодий манфаатларимизни ҳимоя қилиш йўлида ҳисса қўшаётган давлат божхона хизмати органлари ходимларини қизғин муборакбод этди.

Куни кеча эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг«Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси қуролли кучларининг 27 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Андижон вилояти божхона бошқармаси бўлими бошлиғи Алимов Равшан Козимовичнинг ҳам «Шуҳрат» медали билан тақдирлангани республикамиз божхоначилари томонидан олиб борилаётган хизматга билдирилган юксак баҳо бўлди.

Байрам тадбирлари республикамиз бўйлаб барча божхона органларида давом этмоқда.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

14.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг