Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қаршида божхона ходимлари инвестицион лойиҳаларни амалга оширилишида ўз ҳиссаларини қўшмоқда
553
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис Палатасига йўллаган Мурожаатномаси ҳамда жорий йилда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифалардан келиб чиқиб, божхона идоралари томонидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Қаршида божхона ходимлари инвестицион лойиҳаларни амалга оширилишида ўз ҳиссаларини қўшмоқда

Хусусан, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти “Шўртан газ-кимё мажмуасининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” йирик инвестиция лойиҳаси асосида амалга оширилаётган ишларда доимий равишда фаол иштирок этиб, ўзларининг амалий кўмакларини бермоқда.

Куни кеча божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан мазкур лойиҳа доирасидаги ишларни жадаллаштиришда ўз ҳиссаларини қўшиш мақсадида, “Uzbekistan GTL”, инвестиция лойиҳа бош пудратчиси “Hyundai Engineering Co.LTD”, “Enter Engineering Pte Ltd” компаниялари ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилот вакиллари билан учрашув ўтказилди ва божхона назорати ҳамда расмийлаштирувлари бўйича тушунтиришлар берилди.

Маълумот учун, мамлакатимиз раҳбари томонидан Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Ғузор туманидаги қуруқ дашт ўрнида қурилаётган заводга ташрифлари чоғида берилган топшириқлари асосида 135 гектардан зиёд майдонга қурилиш ишлари қизғин тус олиб, мураккаб ускуналарни йиғиш ишлари бошлаб юборилган. Лойиҳа доирасида олиб келинган товарларга 870 миллиард сўмдан ортиқ божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқурликда қайта ишланиб, ЕВРО-5 стандартларига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Булар 311 минг тонна авиакеросин, 743 минг тонна дизель ёнилғиси, 431 минг тонна нафта ҳамда 53 минг тонна суюлтирилган газдир. Эндиликда, табиий газ шунчаки хомашё сифатида эмас, балки қўшимча қийматли маҳсулот сифатида сотилади. Яна бир муҳим жиҳати-завод маҳсулотлари ҳозирда четдан импорт қилинаётган хомашёлар ўрнини қоплайди. Бунинг эвазига йилига нефть маҳсулотларини сотиб олишга кетадиган 1 миллиард доллардан ортиқ валюта маблағлари иқтисод қилинади. Завод ишга тушгач, 1300 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланади.

Мазкур лойиҳалар  амалга оширилиши натижасида мамлакатимизга энг сўнгги технологиялар олиб кирилиши билан бир қаторда импорт ўрнини босувчи экспортбоб товарлар ишлаб чиқарилишини жадаллашишига олиб келади ҳамда янги иш ўринлари яратилади.

 

 

16.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг