Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Бухорода очиқ мулоқот
759
Бугунги кунда жамияти ривожида халқ билан бевосита мулоқотнинг йўлга қўйилганлиги катта аҳамияти касб этмоқда. Хусусан, божхона соҳасининг тараққиётида ҳам тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотларининг мунтазам равишда ташкил этилиши мамлакатимиз экспорт салоҳиятининг ўсишига ва иқтисодиётимизнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлмоқда. Худди шундай тадбирлардан бири куни кеча Бухоро вилояти божхона бошқармасида бўлиб ўтди.
Бухорода очиқ мулоқот

Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 100 га яқин тадбиркорлик субъектлари иштирокида ташкил этилган тадбир очиқ мулоқот тарзида олиб борилди. Йиғин аввалида сўзга чиққан бошқарма бошлиғи  Дониёр Салимов ҳамда  Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Анвар Асамовлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси талабларидан келиб чиқиб, жорий йилда юртимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да нафақат тадбиркорлик субъектларига енгиллик ва қулайликлар яратиш, балки уларга ўз фаолиятларини амалга оширишда яқиндан ёрдам бериш, турли хилдаги тартиб-таомилларни соддалаштириш орқали мавжуд муаммоларни ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш тадбирнинг асосий мақсади эканлигини таъкидлаб ўтишди. Шундан келиб чиққан ҳолда,  божхона тартиб тамойилларини соддалаштириш йўналишида амалиётга жорий этилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун моҳияти йиғин иштирокчиларига таништириб борилди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил  22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг  жорий йилнинг 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарори тадбиркорларнинг қизғин баҳс ва мунозараларига сабаб бўлди. Эндиликда  Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланди. Унга мувофиқ, 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникаларини 1 календарь ойида  фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкинлиги белгиланган. Шунингдек, рўйхатда бошқа турдаги товарлар учун ҳам нормалар белгиланиб, эндиликда ҳар куни олиб ўтилаётган ҳар бир номдаги товардан 2 кг.гача рухсат этилиши, аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги зарур.

Очиқ мулоқот давомида божхона соҳаси мутахассислари билан бир қаторда, вилоят Прокуратураси,  вилоят давлат солиқ бошқармаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Давлат санитария эпидемиология назорати маркази сертификатлаштириш идораси, Ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси каби бир қатор тегишли ташкилотларнинг вакиллари ҳам иштирок этишди. Бунинг натижасида, қатнашчилар ўзларини қийнаб келаётган соҳага оид муаммоларига қонун доирасида жавоб олишди.

Шунингдек, тадбир давомида коррупцияга қарши курашиш мақсадида тадбиркорларга маърузалар қилинди. Божхона органларида бу каби салбий иллатларга қарши ҳамиша кураш олиб борилиши таъкидланди. Агарда, божхона ходимлари томонидан порахўрлик иллатига йўл қўйилса, ҳеч иккиланмасдан Бухоро вилояти божхона бошқармасининг  ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтилди.   

Бухоро вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

9.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг