Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона хизмати органларида мажбурий хизматни ўташ ҳақида шартномалар тузилади
573
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 21 январь куни “Давлат божхона хизмати органларида мажбурий хизматни ўташ ҳақидаги шартномаларни тузиш ҳамда шартнома шартлари бажарилмаганда харажатларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом 3125 рақам билан рўйхатга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3995-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтига ўқишга қабул қилинган фуқаролар яъни курсантлар билан давлат божхона хизмати органларида мажбурий хизматни ўташ ҳақидаги шарттномаларни тузиш ва шартнома шартлари бажарилмаганда харажатларни қоплаш тартибини белгилайди.

Эндиликда курсант ўқишни тамомлагандан кейин беш календарь йил мобайнида давлат божхона хизмати органларида, шунингдек ДБҚ томонидан бошқа давлат идораларига юборилганда мажбурий хизмат ўташга мажбур.

Бунинг учун ДБҚ номидан Божхона институти ҳамда курсантлар ва уларнинг ота-онаси (фарзандликка олувчи, васийси) ўртасида шартнома тузилади. Шартнома шартлари бажарилмаслиги сабабли моддий жавобгарлик ҳақида номзод (шунингдек, унинг ота-онаси, фарзандликка олувчи ва васийси) ўқишга киргунига қадар дастлабки танлов даврида ёзма равишда огоҳлантирилади.

Ўқиш учун сарфланган маблағлар бир ўқув йили учун, календарь йил ҳисобида курсантлар сафидан чиқарилган (хизматдан бўшатилган) санада амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг 100 (юз) баробари миқдорида ундирилади. Шартнома тузишни рад этган курсант курсантлар сафидан чиқарилади.

Шартнома муддатидан олдин бекор қилинганда, қопланиши лозим бўлган маблағлар, курсант (ходим):

  • давлат божхона хизмати органларида хизматни ўтаган бўлса, тегишли ДБҚнинг таркибий тузилмалари;
  • бошқа давлат идораларида хизматни ўтаган тақдирда ДБҚ томонидан ҳисобланади.

Курсант (ходим) томонидан шартнома шартлари бажарилмаса, ўқишга сарфланган маблағлар:

  • тўрт йиллик ўқиш даврининг курсантлар сафидан чиқарилгунга қадар бўлган даврига;
  • беш йиллик мажбурий хизматни ўтамаган даврига нисбатан мос равишда ундирилади.

Ўқиш учун сарфланган маблағлар хизматдан бўшатиш ҳақида буйруқ имзоланган санадан бошлаб 30 календарь кун ичида қопланиши лозим. Қопланиши лозим бўлган маблағлар ҳар қандай манфаатдор шахс томонидан тўлаб берилиши мумкин. Бунда маблағлар Давлат бюджети ҳисобидан қопланишига йўл қўйилмайди.

Белгиланган муддатда қопланмаган маблағлар суд орқали ундирилади.

Қопланиши лозим бўлган маблағларни тўлаган ходим хизматга тикланган ёки қайта қабул қилинган тақдирда ундан ундирилган пул маблағлари тўлиқ қайтарилади.

Қўйидаги ҳолларда сарфланган маблағлар қопланмайди:

  • курсант (ходим) вафот этиши, бедарак йўқолган деб топилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги муносабати билан давлат божхона хизмати органлари шахсий таркиби рўйхатидан ўчирилиши кунидан бошлаб;
  • курсант (ходим) давлат божхона хизмати органларидан ҳарбий-тиббий комиссия хулосаси асосида ёки ташкилий-штат ўзгаришлари сабабли бўшатилганда;
  • курсант (ходим)нинг ота-онаси, ака-укалари ёки опа-сингилларидан бири назорат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими ёхуд Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиси бўлиб, хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган тақдирда.
  •  

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

 

22.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг