Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона институтида овқатланиш аутсорсинг асосида ташкил этилади
431
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 21 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти шахсий таркибининг овқатланиш тизимини аутсорсинг шартларида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 52 сон қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 ноябрдаги ПҚ–3995-сон қарорига мувофиқ мазкур ҳужжат Божхона институти шахсий таркибининг овқатланиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида қабул қилинган.

Қарор билан тасдиқланган Низомга кўра институт шахсий таркиби Давлат божхона қўмитаси томонидан Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган нормалар асосида овқат билан таъминланади.

Институт шахсий таркибини овқатлантириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • дала ва стационар шароитида озиқ-овқат таъминоти;
  • қуруқ маҳсулотлар таъминоти.

Аутсорсинг хизмати буюртмачининг тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Аутсорсер Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ танланади.

Низомда аутсорсерга талабгорларга нисбатан қўйиладиган талаблар ҳам белгилаб олинган. Аутсорсинг хизматини кўрсатиш бўйича шартнома буютмачи ва аутсорсер ўртасида календарь йил учун ёзма шаклда уч нусхада тузилади. Унда Институт шахсий таркибининг сони, бир нафар овқатланувчи учун тасдиқланган нормалардаги кунлик озиқ-овқат қиймати, календарь куни ва жами йиллик сумма акс эттирилади.

Аутсорсинг хизматлари асосида овқат билан таъминлаш қонун ҳужжатларида белгиланган техника ва ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Низомда аутсорсер ва буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, аутсорсер томонидан буюртмачи мол-мулки ва моддий-техника воситаларидан фойдаланиш, аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш шартлари ҳам келтириб ўтилган.

Қарор 2019 йилнинг 22 январидан бошлаб кучга кирди.

22.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг