Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳар бир мурожаат эътиборда
823
Давлат божхона қўмитаси томонидан фуқароларнинг ҳар қандай мурожаатлари эътиборсиз қолдирилмай, унда тилга олинган муаммо ва камчиликларга ўз вақтида ечим топилмоқда.

Муҳими шундаки, билдирилаётган ҳар қандай фикр ва эътирозлар энг аввало холислик ва ҳаққонийлик тамойилларига хизмат қилиши керак.

Куни кеча хорижий оммавий ахборот воситаларида ўзбекистонлик божхоначиларнинг ҳаракатларидан шикоят қилган қўшни давлат фуқаросининг аудио интервьюси асосидаги “Афғонистонлик тадбиркор: божхоначилар чегарада соатлаб куттирмоқда” сарлавҳали материал эълон қилинди.

Унда арз қилинишича, гўёки элликдан ортиқ ҳайдовчилар қарийб бир ойдан буён асоссиз равишда чегарада 3-4 соатга тўхтатилаётганлиги ва бунинг сабаби изоҳланмаётганлиги айтилган.

Мазкур хабарнинг нечоғлик ҳаққоний ва холислигини аниқлаш мақсадида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постида ушбу шахсинг божхона назоратидан ўтиши “Автомобиль рақамини аниқлаш” ахборот тизими ва видеокузатув тизими маълумотлари асосида таҳлил қилинди.

Интервью берган тадбиркор (Фуқаронинг шахси ҳақидаги маълумотлар Давлат божхона қўмитасига маълум. Аммо, журналистик этика қоидаларидан келиб чиқиб эълон қилинмайди) 2017-2018 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини жами 956 маротаба кесиб ўтган. Натижада, чегарадан ўтиб-қайтишда босиладиган муҳрлардан саҳифалари тўлганлиги сабабли фуқаролик паспортини охирги 2 йилда 5 маротаба янгилаган.

Ушбу шахснинг ҳаракатланиш даврийлиги таҳлил қилинганда, у асосан 2018 йилнинг 6 февралидан бошлаб, яъни жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш меъёрлари кучга кирганидан сўнг янада фаоллашган.

У товарларни гўёки ўз эҳтиёжи учун, аслида эса тижорат мақсадида божсиз олиб киришни, содда қилиб айтганда ташмачиликни ўзига касб қилиб олган. Асосан газланган ичимликлар, уй-рўзғор буюмларини олиб ўтиш фаолияти билан шуғулланган.

2018 йилнинг 16 октябридан яъни жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларига ўзгартиришлар киритилганидан сўнг ҳам ушбу шахс яна бир неча бор товарлар олиб кирган.

Бу жараёнда товарларнинг миқдори рухсат этилган меъёрлардан ортиқча бўлган ҳолатларда давлат бюджетига белгиланган тартибда 5,5 млн. сўмдан ортиқ божхона тўловлари ундирилган.

Хабарда келтирилган чегарада 3-4 соатлаб кутиш ҳақидаги эътирозга тўхталсак. Чегара-божхона постидаги мавжуд ахборотлар ва видеокузатув тизимидан олинган маълумотлар асосида ушбу шахс ўтиб-қайтган кунларнинг исталган бирини танлаб, мавжуд вазиятни таҳлил қилдик.

Масалан, 2019 йил 25 январь ушбу шахснинг божхона назоратидан ўтиши учун  20 дақиқа вақт сарфланган холос. Бунда автотранспорт воситаси назорат-техник воситалари ва хизмат ити кўмагида божхона кўригидан ўтказилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, божхона соҳасига доир турли камчиликлар, эътироз ва танқидлар асосида тайёрланган материалларни  эълон қилишда фақат бир томоннинг фикри билан кифояланмасдан, бу жараёнда холислик ва ҳаққонийликни таъминлаш учун иккинчи томоннинг (ушбу ҳолатда давлат божхона хизмати органларининг) ҳам фикрларини инобатга олишни тавсия қиламиз.

Ўз навбатида Давлат божхона қўмитаси соҳа фаолиятини ёритишга хизмат қилаётган барча оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилади.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

28.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг