Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ёшлар – коррупцияга қарши!
428
Бугунги кунда жамият ривожи, юрт тараққиётига таҳдид солувчи ижтимоий хавфли иллатлардан бири бу коррупциядир.
Ёшлар – коррупцияга қарши!

Коррупциянинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, мазкур иллат мансабдор шахсларнинг жиноятчилар билан тил бириктириши натижасида жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий инқирозга юз тутишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай хавфли қилмиш давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб бериши тўғрисида келажагимиз бўлган ёшларда тушунчалар ҳосил қилиш ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Шу мақсадда, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Амузанг” темир йўл чегара божхона пости ходимлари ташаббуси билан “Термиз Банк коллежи”да “Ёшлар коррупцияга қарши” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Амузанг” темир йўл чегара божхона пости ходимлари, коллеж ўқитувчилари, ўқувчи-ёшлар ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир ташкилотчилари томонидан коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг вазифамиз эканлиги, инсонни қийин аҳволга туширадиган, руҳан эзадиган ҳолатлар ичида энг оғири адолатсизлик бўлиб, унинг бир илдизи коррупцияга боғлиқлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта муҳим масала саналиб, бунга масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзини дахлдор ҳис этса, бу борадаги муаммоларнинг ечими топилиб, мақсадга эришиш имкони пайдо бўлиши ҳақида сўз юритилди.  Чунки, ҳар қандай қонунбузарлик содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда кишининг бефарқлиги, лоқайдлиги сабаб бўлиши, бунда барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши  турли хил иллатларга барҳам бериши мумкин бўлар экан.

Айтиш жоизки, коррупция жинояти нафақат хуфиёна, балки коррупцияга доир муносабатларга киришган томонларнинг ўзаро келишувига биноан ҳам содир этилади. Шу билан бирга, коррупция бошқа кўпгина салбий ижтимоий ҳодисалар сингари ўзининг кенг илдиз отишига замин яратиши, бу ўз-ўзидан ўсиб келаётган ёш авлодларга, уларнинг эртанги кунига бўлган ишончига кучли таъсир кўрсатиши, оқибатда бу иллат давлатнинг олдига қўйган мақсадларига эришишида катта тўсиқ  бўлиши мумкинлигига алоҳида урғу берилди.

Шунингдек, тадбирда бугун мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар  тўғрисида ҳам тушунчалар берилди.

Давра суҳбатида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган мавзуга оид саволлари билан фаол қатнашиб, уларда коррупцияга қарши муросасизлик кайфияти шакллантирилди. Жумладан, коллеж ўқувчиси Маржона Тошмуродова бугунги тадбир ҳақида ўз таассуротларини билдириб, – “Бугун ва келажакда коррупцияга қарши курашда муносиб ҳиссасини кўшиши ва давлатимиз ҳамда жамиятимиз ривожида коррупцияга мутлақо ўрин йўқлигини” –  айтди.

Бир сўз билан айтганда, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан коррупцияга қарши курашишда аҳолини ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш мақсадида амалга ошириб келинаётган бу каби тадбирлар ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга садоқат, касбига фидойилик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

31.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг