Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Бугундан “фронт-офис”лар ишга тушди
868
2019 йил 1 февралидан бошлаб, Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ҳамда “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг бир қатор божхона постларида республикамизда илк маротаба “фронт-офис”лар ўз фаолиятини бошлади.
Бугундан “фронт-офис”лар ишга тушди

Мазкур дастлабки лойиҳани амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582 сон Фармонида назарда тутилган эди.

Фармон ижроси доирасида ўтган қисқа муддат давомида Давлат божхона қўмитаси томонидан тегишли ташкилий-ҳуқуқий ишлар амалга оширилди. Фронт офислар фаолият юритишлари  учун божхона постларида алоҳида иш жойлари, компьютер техникалари ва бошқа зарур анжомлар муҳайё қилинди. Дастлабки босқичда юзлаб номзодлар орасидан танлов асосида 60 га яқин фронт офис хизматчилари саралаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳани ишга тушириш жараёнида  Озарбайжон, Грузия, Россия ва Беларус каби давлатларнинг тажрибалари чуқур ўрганилди.

Хўш, фронт офис нима ўзи?

“Фронт-офис”лар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона юк декларациясини тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатувчи махсус шахслар гуруҳи бўлиб, улар ҳудудий божхона бошқармалари билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида фаолият кўрсатадилар.

“Фронт-офис” хизматчилари асосан тадбиркорнинг мурожаатлари асосида божхона юк декларациясини тўлдириш ва тадбиркорга ўз ваколати доирасида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини таништириш билан шуғулланишади.

Бу жараёнда улар божхона назорати зонасига кириш, божхона масалалари бўйича божхона ходимларидан белгиланган тартибда маслаҳатлар ва маълумотлар олиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.

Содда қилиб айтганда тадбиркор божхона юк декларациясини тўлдириш учун тўғридан тўғри “фронт-офис” хизматчиларига мурожаат қилиб, бу жараёнда зарур бўладиган ҳужжатларни, шунингдек товар кодлари ҳамда божхона қиймати тўғрисида маълумотларни тақдим этса, кифоя.

Бунда “фронт-офис” хизматчиси декларацияни электрон дастурда тўлдиради. Сўнгра тадбиркор тайёр декларацияни ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаган ҳолда тегишли ахборот тизими орқали божхона органларига тақдим қилади.

Ваҳоланки, 2018 йилнинг 1 июлига қадар божхона юк декларацияларини фақатгина тегишли малака аттестатига эга бўлган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларгина тўлдириш ва божхона органларига тақдим қилиш ҳуқуқига эга эди. Бу эса тадбиркорлар божхона брокерлиги идораларига мурожаат этишга ва бунинг учун озми-кўпми харажат қилишга мажбур бўлишар эди.

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб эса, тадбиркорларимизга ҳам мустақил равишда божхона юк декларациясини тўлдириш ва божхона органларига тақдим қилиш ҳуқуқи берилди. Лекин барча тадбиркорлар ҳам бу борада бирдек салоҳиятга эга эмаслигини инобатга олсак, “фронт офис”лар фаолияти ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, бизнес вакиллари учун айни муддаодир.

“Фронт-офис” хизматчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида уларнинг Давлат божхона қўмитаси Божхона институтида 1 ойлик ўқув курсларида малака оширишлари ҳам назарда тутилган.

Дастлабки лойиҳа доирасида божхона юк декларациясини тўлдириш учун тақдим этилган маълумот ва ҳужжатлар ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисига юкланади. Лойиҳа натижаларидан келиб чиқиб, кейинчалик бошқа ҳудудий божхона бошқармаларида ҳам жорий этилиши назарда тутилган.

Фронт офислар фаолиятининг давлатимиз томонидан молиялаштирилиши тадбиркорларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг навбатдаги намунаси бўлди дейишимиз мумкин.

Ҳусан ТАНГРИЕВ

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати бош инспектори

1.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг