Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар тадбиркорларга таянч бўлмоқда
229
Божхона соҳасидаги ўзгаришлар, янги қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига тушунтириш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мутасадди ходимлари томонидан “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида учрашув ташкил этилди.
Божхоначилар  тадбиркорларга таянч бўлмоқда

Тадбирда божхона соҳасида тадбиркорларга яратилган қулайликлар ва енгилликлар ҳақида сўз кетар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги  “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5600-сон Фармонига тўхталиб ўтилди.

Фармонга асосан, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришнинг шарти сифатида фаолият бошланганидан кейин иккинчи молиявий йили якунларига кўра икки йил давомида йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 25 фоизидан кам бўлмаган, кейинги йилларда 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда экспорт қилиш белгиланади. Мазкур шартлар бажарилмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектининг эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми ҳамда аввал тақдим этилган имтиёзлар бекор қилинади.

Шунингдек, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда импорт қилинган товарларнинг божхона расмийлаштируви товарлар рўйхатини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича “Лойиҳалар ва импорт контрактларини коплекс экспертиза қилиш маркази”нинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши тўғрисида айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 октябрдаги “Тадбиркорлик учун шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3970-сонли Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 январдаги “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-2731-сон қарорининг 4-бандига ўзгартириш киритилиб, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой ва Кегейли туманларида жойлашган тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва фақатгина ушбу туманларда фойдаланиладиган махсус техника, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, металл конструкциялар учун 2020 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилганлиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш якунида бу йўналишдаги ишлар давом эттирилиши, тадбиркорларга яратилаётган қулайликлардан фойдаланишда, шунингдек, божхона бошқармаси ҳар бир мурожаатни қонуний ҳал қилишда амалий ёрдам беришга тайёр эканлиги таъкидланди.

1.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг