Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандлик божхоначилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўлида
795
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сон фармонига мувофиқ, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилади.
Самарқандлик божхоначилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўлида

Мазкур фармонга асосан, эндиликда маҳаллаларда «Ҳуқуқий ахборот куни» ташкил этилади. Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини таъминлашда ҳуқуқий тарғибот, ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий таълимнинг ўрни катта. Ушбу жараёнда асосий эътиборни фуқаролар кундалик ҳаёти давомида дуч келадиган вазиятлардаги ҳуқуқий масалаларга кўпроқ қаратиш мақсадга мувофиқдир. Бинобарин, аҳолининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардор бўлиб бориш, қабул қилинаётган қонунлар, фармонлар, қарорларнинг мазмун-моҳиятини мутахассислар томонидан шарҳлаб беришни йўлга қўйиш яхши самара беради.

Фармонда белгиланган бандлар ижроси юзасидан Ургут тумани Жартепа маиший хизмат касб-ҳунар коллежида божхона, чегара назорати, профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари ва аҳоли иштирокида ўтказилган учрашув аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот тарзида ўтказилди.

Очиқ-ойдин руҳда ўтган учрашувни коллеж директори А.Жумаев очиб, сўзни Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаевга берди.

– Сўнгги йиллар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда божхона ходимлари ҳам мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, чегараларимиз орқали давлат ва жамият қурилишига раҳна солишга, уруш, терроризм, зўравонлик, экстремизм, порнография ва бошқаларни тарғиб этишга қаратилган ҳар қандай турдаги материалларни кириб келишини олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида бемисл ишлар олиб борилаяпти, – деб  таъкидлади А.Ахлимирзаев.

Хусусан, божхона ходимлари томонидан хизмат фаолияти давомида ўтган 2018 йилда 77 та ҳолатда беҳаёликни тарғиб қилувчи материаллар (видео файллар ва фото суратлар), 5 та ҳолатда диний мазмундаги материаллар, 4 та ҳолатда зўравонликни ва шавқатсизликни тарғиб қилувчи материаллар аниқланган.

Маълумки, ҳозирда паспорт режимида ҳам бир қанча ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тадбир иштирокчилари чегаралар орқали ҳаракатланишда фуқаролик паспорти билан боғлиқ тартиб-қоидалар бўйича чегара назорати хизмати инспектори А.Уразбаевга бир қанча саволлар билан мурожаат этишди ҳамда саволларига аниқ жавоблар олишди.

Шунингдек, учрашувда ўзларининг қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилган тумандаги 91-умумтаълим мактабининг психолог-ўқитувчиси И.Махматқулов, коллеж ўқитувчиси И.Сатторов, “Жартепа” маҳалла раиси Б.Дониёровлар чегара божхона пости орқали товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш нормалари, тадбиркорлик субъектларига берилаётган божхона имтиёзлари тўғрисида маълумотга эга бўлишди.

Учрашувда фуқароларда божхона соҳаси бўйича саволлар туғилганда бошқарманинг 233-63-00 рақамли “ишонч телефони”га мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилди.

5.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг