Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона расмийлаштируви учун қайси постда қанча вақт сарфланмоқда?
1203
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582 сон Фармонида белгиланганидек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси томонидан товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви учун сарфлайдиган вақти божхона постлари ходимлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади.

Шу сабабли Фармон билан божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги статистик ахборот ҳар ойда барча божхона постлари кесимида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланган эди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2019 йилдан бошлаб ҳар ой якуни бўйича ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан товар ва транспорт воситаларининг экспорти ва импортида божхона расмийлаштируви учун сарфланган ўртача вақти ҳақида маълумотлар божхона постлари кесимида Давлат божхона қўмитаси сайтида эълон қилиб борилади. Демак, қуйида 2019 йил январь ойи ҳолатига кўра ушбу маълумотлар билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Экспорт

2019 йил январь ойи якунларига кўра, товарларни "экспорт" божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича республикамиздаги 53 та ташқи иқтисодий фаолият  (ТИФ) божхона постлари орасида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси “Қарши-тола” ТИФ  божхона пости етакчилик қилмоқда. Бу ерда экспорт божхона юк декларацияларини расмийлаштириш учун ўртача 44 дақиқа сарфланган.

Ундан кейинги ўринларни 52 дақиқа 14 сония билан Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Назарбек” ТИФ божхона пости ҳамда 59 дақиқа 7 сония билан Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси “Қамаши-Ғузор” ТИФ  божхона пости эгаллади.

Импорт

2019 йил январь ойи якунларига кўра, товарларни "импорт" божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича республикамиздаги 53 та ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) божхона постлари орасида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси “Улуғбек” ТИФ божхона пости етакчилик қилмоқда. Бу ерда импорт божхона юк декларацияларини расмийлаштириш учун ўртача 2 соат 44 дақиқа 55 сония сарфланган.

Ундан кейинги ўринларни 3 соат 10 дақиқа 36 сония билан ушбу бошқарманинг “Самарқанд” ТИФ божхона пости ҳамда 3 соат 16 дақиқа 27 сония билан Бухоро вилояти божхона бошқармаси “Ғиждувон” ТИФ  божхона пости эгаллади.

Тўлиқ рўйҳат билан ушбу саҳифа орқали танишиб чиқишингиз мумкин.

Ҳусан ТАНГРИЕВ,

ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори

 

6.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг