Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон-Туркия: божхона соҳасида ҳамкорлик янада такомиллашади
553
2018 йил 30 апрелда Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари ўртасида имзоланган идоралараро протоколга мувофиқ Қўшма Божхона кенгаши ташкил этилди.
  Ўзбекистон-Туркия: божхона  соҳасида ҳамкорлик янада такомиллашади
Ташкил етилган Кенгашнинг вазифаларига божхона масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ва рағбатлантириш, мувофиқлаштириш, шу жумладан, қуйидаги соҳаларда тажриба алмашиш орқали илғор амалиётларни ўрганиш, консультациялар ўтказиш ва икки томонлама янги шартномаларни тузиш киради:
  • кесиб ўтаётган товарлар тўғрисида маълумотларнинг аниқлигини таъминлаш мақсадида, шу билан бирга, энг янги техник воситалар ва замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда божхона жараёнлари ва кўригида фойдаланиладиган технологияларни ривожлантириш;
  • икки мамлакат давлат чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида ўзаро ахборот алмашинувини ташкил етиш орқали божхона назоратининг самарадорлигини ошириш ва божхона жараёнларини тезлаштириш;
  • интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва божхона қонунларини бузилишига йўл қўймаслик, контрабандага қарши курашиш, маданий мулкларни ҳимоя қилиш йўналишида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик.
Имзоланган протокол доирасида халқаро ҳамкорлик ва таълим бўйича ишчи гуруҳ ҳамда божхона соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишда ҳамкорлик бўйича божхонани ривожлантириш юзасидан ишчи гуруҳ тузиш назарда тутилган.

Халқаро шартнома низомларини бажариш мақсадида 2019 йилнинг
28-30 январь кунлари ДБҚ делегациясининг Туркиянинг Анқара шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилишда ҳамкорлик бўйича Ўзбек-Турк ишчи гуруҳлари экспертларининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун ташрифи ташкил қилинди.  

Ташрифдан мақсад - хавфни бошқариш тизимини жорий қилиш, вазиятларни бошқариш назорат марказини ўрганиш, шунингдек, божхона хизматлари ўртасидаги кейинги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш.

ДБҚ делегацияси ташриф давомида Туркия Савдо ва божхона вазирлигининг Хавфларни бошқариш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари Департаментининг функциялари ва вазифалари билан танишди.

Турк томони ўзбек томонига божхона жараёнларида онлайн фойдаланиладиган “BILGE” (компьютерлашган божхона) электрон тизимини таништирди. “BILGE” электрон тизими юк, экспорт ва импорт декларациялари, транзит ва божхона омбори жараёнларини, йиғимларни ундириш, хавфларни таҳлил қилиш ва божхона назоратини ўз ичига олади.

Хавфларни бошқариш тизимини татбиқ этишда божхона назоратининг тўртта даражаси қўлланилади:

- қизил йўлак (қизил чизиқ): Бунда, йўлакдан ўтказиш товарлар билан боғлиқ ҳужжатли ва жисмоний назоратни, тўлиқ ёки қисман назорат, шунингдек, божхона лабораториясида экспертиза ўтказиш учун товарларни олиб қўйишни ўз ичига олади.   

- сариқ йўлак (сариқ чизиқ): сариқ йўлак бўйлаб ҳаракатланиш товарлар билан боғлиқ, яъни, божхона декларацияси билан бирга тақдим этилган ҳужжатларга нисбатан ҳужжатли назоратни амалга оширишни англатади.

- кўк йўлак (кўк чизиқ): юкларни кўк коридор бўйлаб ўтказиш ҳуқуқига "тасдиқланган" шахс мақомига ега фирмалар (асосан, експортчилар) эга бўлишади. Ушбу йўлак бўйлаб ҳаракатланиш турли хил, масалан, алоҳида ҳужжатлар тақдим етилмасдан божхона назорати тугалланиши, шунингдек,  тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари тўланганидан кейин кўрсатилган ташкилот омборларида кейинги божхона назоратини ўтказиш ва тақдим этилган ҳисоб-китоб ҳужжатлари асосида товарларни дарҳол қабул қилиш сингари имтиёзлар билан бирга олиб борилади.
- яшил йўлак (яшил чизиқ): мазкур йўлак орқали олиб ўтиладиган товарларга нисбатан жисмоний ва ҳужжатли назорат амалга оширилмайди. Яшил йўлак орқали энг кам божхона назоратига тортиладиган товарлар олиб ўтилади. Бундай йўлак орқали товарларни олиб ўтиш ҳуқуқига ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга фирмалар, дипломатик идоралар, ташқилотлар ва вазирликлар эга бўлишади.     

Шу билан бирга, Ўзбекистон делегацияси Туркия божхонасининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлими ҳисобланувчи вазиятларни бошқариш назорат мркази фаолияти билан ҳам танишди. Марказ 2016 йилда ташкил топган бўлиб, барча жараёнлар юзасидан таҳлил, мониторинг йўналишида мувофиқлаштирувчи вазифани бажаради. Шунингдек, мамлакат ичкарисида ва ташқарисида юзага келадиган шубҳали вазиятларга тезкор таъсир кўрсатади.

Томонлар Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари ўртасида ҳуқуқни қўллаш, хусусан, контрабанда ва божхона қоидабузилиши билан курашиш ҳамда маълумот алмашиш йўналишида ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган соҳаларни муҳокама қилишди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси 26 январь – халқаро божхоначилар кунига бағишлаб, “Узлуксиз савдо, саёҳат ва ташувлар учун ақилли чегаралар” шиори остида ўтказилган байрам маросимида иштирок этишди.

Тадбир натижалари бўйича Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматларининг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашнинг кейинги масалалри тўғрисида протокол имзоланди.  

 

8.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг