Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошкент вилояти божхона бошқармасида “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида профилактик тадбир бўлиб ўтди
658
Тошкент вилояти божхона бошқармасида божхона органлари ходимлари ўртасида коррупция ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатларни содир этилишини олдини олиш, ўтказилаётган профилактик тадбирлар самарадорлиги ҳамда ходимларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида тарбиявий-профилактик тадбир ўтказилди.
Тошкент вилояти божхона бошқармасида “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида профилактик тадбир бўлиб ўтди

Тадбирда божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Хамраев сўзга чиқиб, коррупцияга қарши курашиш, энг аввало, мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим воситаларидан бири эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан 2018 йил давомида коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб, 2018 йил давомида Ўз хавфсизлик гуруҳи томонидан шахсий таркиб билан профилактика мақсадида 72 марта йиғилишлар ўтказилганлиги, божхона ходимлари билан 79 марта якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилганлиги, божхона постларида 161 марта ошкора ва 29 марта хуфиёна текширувлар ўтказилганлиги, 71 та хизмат текширувлари ўтказилиб, шундан Ўз хавфсизлик гуруҳи томонидан 45 та ва бошқа таркибий тузилмалар билан ҳамкорликда томонидан 26 та хизмат текширувлари ўтказилганлиги, хизмат текширувлари натижасида айбдор деб топилган ходимларга турли интизомий жазолар эълон қилинганлиги, ходимларнинг келгусида жиноят содир этишининг ҳамда бошқа ножўя иллатларнинг олдини олиш, муҳитни соғломлаштириш ва ножўя ҳаракатларига чек қўйиш мақсадида 40 нафар ходимлар бошқа ҳудудий бошқармаларга ва 18 нафар ходимлар бошқарманинг бошқа таркибий тузилмаларига навбатдан ташқари ротация тартибида ўтказилганлиги айтиб ўтилди.  

Шундан сўнг, тадбирда иштирок этган Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг судьяси А.Жалиловга сўз берди.

У ўз маърузасида, бошқарув тартибига қарши жиноятлар Жиноят кодексининг 5-бўлим 15-бобида келтирилганлиги, яъни 205-229-моддаларини ўз ичига қамраб олиши, ушбу жиноятларнинг деярли барчаси субъектив томондан қасддан содир этилиши, “коррупция” атамаси лотинча “пора эвазига оғдириш” деган маънони бериши, коррупция жаҳон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 1,5-2 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказиши, Ўзбекистон Республикаси 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига, 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши курашишнинг Истанбул режасига қўшилганлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, ҳозирги вақтда коррупцияни кескин камайтириш чораларини кўриб, ривожланган давлат лартажрибаси унга қарши курашиш орқали иқтисодиётни кўтаришга, халкнинг ижтимоий ҳаётини тубдан яхшилашга эришганлигини айтиб, Сингапур, Гонконг, Португалия, Швеция каби давлатлар тажрибасини келтириб ўтди.                

Йиғилишда, Ўз хавфсизлик гуруҳи вакили Ш.Тўраев ҳам сўзга чиқиб, божхона органлари шахсий таркиби ўртасида қонунбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда божхона органлари сафларини нопок ходимлардан тозалаш борасида аниқ йўналишга эга бўлган кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинаётганлиги, келгусида шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, коррупция ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни, яъни:

– божхона органларига хизматга қабул қилишда Кадрлар бўлимига мурожаат қилаётган номзодларни чуқур ўрганиш ва хизматга қабул қилиш жараёни устидан назорат ишларини янада кучайтириш;

–  божхона органлари шахсий таркиби ўртасида коррупцияга ва мансаб жиноятларига қарши курашишда тизимли профилактика ишларини самарали усулларини қўллаш, ҳар бир бўлим ва пост бошлиқлари томонидан қўл остидаги ходим билан бевосита тарбиявий ишларни олиб боришни, унинг оилавий аҳволи, турмуш шарт-шароитларини ўрганишни, ота-онаси ва оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказишни давом эттириш;

– ходимларнинг жиноятчилик ва қонунбузарликка қўл уришининг кескин олдини олиш чораси сифатида кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш, бунда фахрийлар, хотин-қизлар ва касаба уюшмалари, устоз-мураббийлар кенгаши ҳамда Ўртоқлик аҳлоқ судлари имкониятларидан кенг фойдаланиш;

– ходимларнинг хизматни олиб боришда масъулияти ва ҳушёрлигини ошириш мақсадида, божхона постларида хуфиёна ўқув-тадбирларини доимий равишда ўтказиш ва самарадорлигини янада оширишга эътиборни кучайтириш;

– Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасида кўрсатилган коррупцияга қарши курашиш фаолиятини олиб борувчи идоралар билан ҳамкорликда ходимларнинг жиноий ҳаракатлари тўғрисида тезкор маълумотлар алмашишни, тезкор тадбирларни ўтказишда яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлигини айтиб ўтди.

Йиғилишда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

8.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг