Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
0 (371) 120-76-33
Хорижий инвестиция қанча бўлди?
42
Самарқанд вилоят ҳокимлигида вилоят, туман ва шаҳарларда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлили ҳамда 2018 йил учун тасдиқланган инвестиция лойиҳалари ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан жорий йил иккинчи ярим йиллигида амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифаларга бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Хорижий инвестиция қанча бўлди?

Уни вилоят ҳокими Т.Жўраев олиб борди.

Йиғилиш видеоселектор тарзида шаҳарлар ва туманлар студиялари билан боғланган ҳолда ўтказилди. Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, божхона бошқармаси раҳбарияти, ҳуқуқ-тартибот идоралари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқармалар бошлиқлари, шаҳарлар ва туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари иштирок этди.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 21 июнь куни тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида юртбошимиз кенг имкониятлари бўлишига қарамай, Самарқандда хорижий инвестициялар иштирокида етарлича лойиҳалар амалга оширилмаётганини алоҳида таъкидлаб, бу борада олдимизга аниқ вазифаларни белгилаб берди, - дейди Т.Жўраев. – Дарҳақиқат, вилоятимизда инвестиция муҳити яхшиланган, бунинг учун зарур қонуний ҳужжатлар мавжуд бўлса-да, натижаларимиз кўнгилдагидек эмас. Масалан, 2018 йилнинг биринчи ярмида вилоятимиз бўйича умумий қиймати 355,7 миллиард сўм бўлган 446 та лойиҳани ишга тушириш ҳамда 2 774 та иш ўрни яратиш белгиланган эди. Бироқ ҳисобот даврида қиймати 298,1 миллиард сўм бўлган 402 та лойиҳа фойдаланишга топширилди, 2450 та иш ўрни яратилди, холос. Мазкур лойиҳалар доирасида 5,2 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция, 109,2 миллиард сўм банк кредити, 165,9 миллиард сўм ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан инвестициялар ўзлаштирилди.

Қиймати 57,7 миллиард сўм бўлган 44 та лойиҳа ишга туширилмасдан қолди. Жумладан, саноат йўналишида 48,5 миллиард сўмлик 16 та, хизмат кўрсатиш йўналишида 3,8 миллиард сўмлик 17 та, қишлоқ хўжалиги йўналишида 5,3 миллиард сўмлик 11 та лойиҳа ишга туширилмади.

Юртбошимиз 2018 йилдан барча туман, шаҳарлар ҳоким ва сектор раҳбарларига ҳудудига ҳар ойда 1 миллион доллардан хорижий инвестицияни жалб қилиш лозимлигини топширган эди. Шундан келиб чиқиб, вилоят делегацияси Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Тожикистон, БАА, Индонезия, Малайзия, Сингапур каби бир қатор давлатларга ташрифлар амалга оширди. 21 та турли давлатларнинг ишбилармон доира вакиллари эса вилоятимизга ташриф буюрди.

Биргина жорий йил 7-11 апрель кунлари вилоят делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида умумий қиймати 205,3 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича 44 та меморандум ва келишувлар имзоланиб, қиймати 44 миллион доллар бўлган        2 та лойиҳа бўйича ишлар бошланди. Натижада ўтган 6 ойликда вилоятнинг 9 та ҳудудида 59 та қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг сони 345 тага етди.

Бу яхши, албатта. Аммо ўтган 6 ойда вилоятнинг 7 та ҳудуди - Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон, Булунғур, Қўшработ, Пахтачи, Нуробод ва Нарпай туманларида бирорта ҳам хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ташкил этилмади.

Шунингдек, йиғилишда вилоятда туризмни ривожлантириш ва бу борада ҳам инвестиция жалб этилиши билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди.

Таъкидландики, ўтган 6 ой давомида вилоятимизга 115 минг хорижий ва қарийб 1 миллион маҳаллий сайёҳлар жалб этилди. Бу ўтган йилга нисбатан 2-3 баробар кўп, дегани. Туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида 34 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шундан 350 ўринга мўлжалланган 6 та меҳмонхона ишга туширилди.

Бироқ Самарқанд шаҳрида ҳунармандчилик, кийим-трикотаж, сувенир ва бошқа маҳсулотлар сотуви учун мўлжалланган янги маҳсулотлар турини намойиш этиш учун “шоу рум” (show room) залларини ичида мужассам этган анъанавий шарқона меъморчилик услубидаги ёпиқ савдо мажмуасини барпо этиш лойиҳаси, Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой кўчасида 100 ўринга мўлжалланган тўрт юлдузли меҳмонхона ташкил этиш лойиҳаси, буюк алломалар Бурхониддин Марғиноний ва Абу Лайс Самарқандийнинг дафн қилинган масканлари ҳудудида зиёратчилар учун барча шарт-шароитни назарда тутувчи комплекс лойиҳалар ҳанузгача амалга оширилгани йўқ.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида Туркиянинг “АПЕАС” ва Кореянинг “Янгон Корпорейшн” корхоналари иштирокида қурилиши режалаштирилган 2 та меҳмонхона учун ажратилган ер майдонларида бино ва иншоотларни бузиш ҳамда ер майдонини тозалаш ишлари ҳамон кечикаётгани таъкидланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосарлари – Ш.Худойбердиев, О.Бобоев, М.Восеев, К.Қурбонов, Иштихон, Қўшработ, Ургут, Булунғур туманлари ва Каттақўрғон шаҳрининг тўртта сектор раҳбарлари ҳисоботи тингланди. Улардан хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича белгиланган топшириқлар ижроси сўралди, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширилишига тўсиқ бўлган жиҳатлар таҳлил қилинди.

Йиғилиш якунида ҳудудларга инвестиция киритиш ишларини кескин фаоллаштириш лозимлиги, бунда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарларининг масъулиятини ошириш, шунингдек, секторлар раҳбарларининг ҳар бири ўз ҳудудига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этишга ҳисса қўшиши зарурлиги айтилди. Инвестиция таклифларини шакллантириш, инвесторлар топиш, лойиҳалар ишлаб чиқиш, экспертиза қилиш, молиялаштириш ва амалга ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ҳам ҳудудларга инвестиция киритиш ишларида фаол иштирок этиш мақсадида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифаларни белгилаб олди.

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

11.07.2018