Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция – тараққиёт кушандаси: унга қарши курашишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаро, айниқса ёш авлоднинг фаол иштироки зарурдир
761
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан “Коррупция – тараққиёт кушандаси: унга қарши курашишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаро, айниқса ёш авлоднинг фаол иштироки зарурдир” мавзусида навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.
 Коррупция – тараққиёт кушандаси: унга қарши курашишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаро, айниқса ёш авлоднинг фаол иштироки зарурдир

Тошкент шаҳар Прокуратураси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда бошқармада хизмат олиб бораётган барча ёш ходимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Б.Дадаматов бугунги кунда юртимизда янада жадаллашган кенг кўламдаги ислоҳотларда, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигида очиқлик, шаффофликни мустаҳкамлаш, коррупцияни таг-томири билан йўқотиш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини юксалтириш муҳимлиги, ҳуқуқий демократик давлатни барпо этишда бу каби салбий ижтимоий воқеликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, коррупция ҳар қандай давлатнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади. Давлатнинг конституциявий асослари ва қонун устуворлигини заифлаштириб, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинлигини поймол бўлишига олиб келади.

Коррупция – тараққиёт кушандасидир. Бугун республикамизда бу иллатга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали намойиш қилинаётган кўрсатув ва хабарлар билан танишар экансиз нафақат пора олишга муккасидан кетган амалдорлар, балки, пора бериш ва пора олишда воситачилик қилаётганлар ҳам ўзининг тегишли жазосини олаётганлигига гувоҳ бўлмокдамиз.

Президентимиз Ш.Мирзиеев - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони томонидан 2017 йил 17 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Қарори бошқармада хизмат олиб бораётган ёш ходимларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган тарзда тарбиялаш, шунингдек, уларни ахлоқий негизларини бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан ва бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шартлиги Президентимиз томонидан қўйилган талабни мухимлигини бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Жумладан, божхона соҳасида ҳам коррупцияга қарши курашда нафақат божхона ходимлари, балки уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчиликнинг иштироки ҳам муҳим роль ўйнайди.

Шу мақсадда, жорий йил 9 январь куни “Божхона органлари ходимлари ўртасида коррупция ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатларни содир этилишини олдини олиш, ўтказилаётган профилактик тадбирлар самарадорлигини ҳамда ходимларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 12 апрель куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига  кўрабожхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

2018 йил 18 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши ҳам бу борада катта янгилик бўлди.

Ушбу қонун нормаларига кўра, божхона органи ходими давлат органи вакили ҳисобланади ва давлат ҳимояси остида бўлади. Эндиликда юқори профессионал маҳорат, ахлоқий ва маънавий сифатларга эга ёшларни божхона органларига жалб этишга йўналтирилган кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими яратилади.

Шунингдек, Қонун ўзида божхона органларининг асосий вазифалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, божхона ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг соғлигини сақлаш, меҳнатига ҳақ тўлаш, уй-жой майдони билан таъминлаш, давлат пенсия таъминоти, давлат суғуртаси ва тиббий-ижтимоий таъминоти каби масалаларни ҳам қамраб олди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582 сон Фармони соҳада ислоҳотларнинг янги бир даврини бошлаб берди.

Фармон билан 2018 йил 1 декабрдан бошлаб хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими амалиётга жорий қилинди. Ушбу тизим товар ва транспорт воситаларини, божхона назоратидан ўтказишда  инсон омилини тобора бартараф қилмоқда. Чунки, тизимнинг ўзи божхона назоратининг қўлланиладиган шакли ва даражасини белгилаб бермоқда.

Божхона ходими хавфни автоматлаштирилган бошқариш тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур. Ушбу тизимнинг жорий этилиши ҳалол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантиришга ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Фармондаги энг муҳим жиҳатлардан яна бири бу божхона ходимларини уй-жой билан таъминлаш бўйича ижара компенсациясини қоплаб берилиши, имтиёзли ипотека кредитлари бериш ва ўз иш фаолиятида муваффақиятга эришган ходимларга уй-жой олиш бўйича ссудалар ажратилиши йўлга қўйилди.

Ҳозирда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг 30 нафарга яқин ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик бўйича компенсация пули қоплаб берилаётган бўлса, 10 нафарга яқин уйга мухтож ходимлар хизмат уйлари, шунингдек, 5 нафар ёш ходимларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсиясига асосан “Ёшлар уйлари”дан имтиёзли ипотека кредити асосида квартиралар ажратилди.

Тадбирда асосий эътибор божхона органларида коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишларга қаратилди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Ўз хавфсизлик гуруҳи ва Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти томонидан шахсий таркиб, айниқса хизматга қабул қилинган ёш ходимлар билан январь ойи мобайнида 16 маротаба умумий тартибда (йиғилиш, семинар ва ўқув машғулотлари), 10 дан ортиқ якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилган. Бунга божхона ходимларининг ота-оналари ва оила аъзоларини ҳам жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, ходимларнинг хизмат давомида зиммасига юкланган вазифаларни қай даражада адо этаётганлиги, ҳушёрлиги ва огоҳлигини синовдан ўтказиш мақсадида текширувлар ўтказилган.

Давлат божхона қўмитасининг узлуксиз фаолият юритувчи қисқа 11-08 “Ишонч телефони” рақами жорий қилинган бўлиб, у орқали фуқаролар божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан хабар беришлари мумкин. Ушбу “Ишонч телефони” божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини зудлик билан олдини олиш, мансабдор шахслар ва божхона ходимлари томонидан коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этилишининг олдини олиш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш мақсадида йўлга қўйилган.

Тадбир якунида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг 121 нафар ёш ходимларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

9.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг