Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қонунбузарнинг қинғир иши фош этилди
843
Божхона расмийлаштирувида божхона органи ходими божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатларни, уларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида текширади ва бу жараёнда тегишли зарур божхона тартиб-таомилларини бажаради.
Қонунбузарнинг қинғир иши фош этилди

Айни шу жараёнда эса айрим ҳолатларда божхона тўловларидан қочиш мақсадида товарларни декларацияловчи шахслар томонидан божхона расмийлаштирувига лозим даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатларни тақдим этиш каби ҳолатлар учраб турибди.

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ана шундай қоидабузарликлардан бирини бартараф  этишди. Жумладан, “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида божхона қоидабузарлиги фош қилинди.

Пойтахтимизда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган хориждан салкам 127 тонна оғирликдаги “Суньий  ва вискоз толали матолар”га доир божхона юк декларациялари ва унга тегишли ҳужжатларни божхона органларига электрон тарзда тақдим қилиш жараёнида декларацияловчи шахс Г.К. “уддабуронлик”ка қўл урди. Яъни, божхона расмийлаштирувига тақдим этилган товар ишлаб чиқарилган мамлакатнинг “Товарнинг келиб чиқиш сертификати”да кўрсатилган товар ҳақидаги маълумотлар кириб келган товарларга мос эмаслиги маълум бўлди. Аслида “Товарнинг келиб чиқиш сертификати”да кўрсатилган товарнинг номига мос келмаганлиги туфайли божхона божи ставкалари икки баробар миқдорда тўланиши лозим эди. Лекин, лозим даражада расмийлаштирилмаган “Товарнинг келиб чиқиш сертификати” билан у давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 318,5 млн. сўм божхона тўловларини “тежаб” қолмоқчи бўлган экан.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлар интернет ёрдамида божхона юк декларацияларини ўз офисларидан чиқмасдан туриб, мустақил равишда тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш имкониятига эга бўлдилар. Бунга қадар эса товарларни республикамизга олиб кирмоқчи ёки экспорт қилмоқчи бўлган тадбиркор божхона юк декларациясини тўлдириб бериш ва божхона идораларига тақдим этиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб божхона брокерлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар кўмагидан фойдаланишга мажбур эди. Энди эса Давлат солиқ қўмитаси томонидан бериладиган электрон рақамли имзога эга бўлган ҳар бир тадбиркор буни амалга оширишга тўла ҳақли. Бунинг учун у электрон рақамли имзо ёрдамида Ягона интерактив давлат хизматлари ёки Давлат божхона қўмитасининг расмий веб сайтига кириб, дастлаб ўз ташкилоти номидан товарларни декларацияловчи шахслар рўйхатини шакллантиради. Шундан сўнг “Декларацияловчи шахслар рўйхати” интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда божхона юк декларацияларини реал вақт режимида тўлдириб, божхона органларига тақдим этади.

2019 йил 1 февралидан бошлаб эса, Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ҳамда “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида “фронт-офис”лар ўз фаолиятини бошлади.

Хўш, фронт офис нима ўзи?

“Фронт-офис”лар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона юк декларациясини тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатувчи махсус шахслар гуруҳи бўлиб, улар ҳудудий божхона бошқармалари билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида фаолият кўрсатадилар.

“Фронт-офис” хизматчилари асосан тадбиркорнинг мурожаатлари асосида божхона юк декларациясини тўлдириш ва тадбиркорга ўз ваколати доирасида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини таништириш билан шуғулланишади.

Бу жараёнда улар божхона назорати зонасига кириш, божхона масалалари бўйича божхона ходимларидан белгиланган тартибда маслаҳатлар ва маълумотлар олиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.

Содда қилиб айтганда тадбиркор божхона юк декларациясини тўлдириш учун тўғридан тўғри “фронт-офис” хизматчиларига мурожаат қилиб, бу жараёнда зарур бўладиган ҳужжатларни, шунингдек товар кодлари ҳамда божхона қиймати тўғрисида маълумотларни тақдим этса, кифоя.

Бунда “фронт-офис” хизматчиси декларацияни электрон дастурда тўлдиради. Сўнгра тадбиркор тайёр декларацияни ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаган ҳолда тегишли ахборот тизими орқали божхона органларига тақдим қилади.

Дастлабки лойиҳа доирасида божхона юк декларациясини тўлдириш учун тақдим этилган маълумот ва ҳужжатлар ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисига юкланади. Лойиҳа натижаларидан келиб чиқиб, кейинчалик бошқа ҳудудий божхона бошқармаларида ҳам жорий этилиши назарда тутилган.

Фронт офислар фаолиятининг давлатимиз томонидан молиялаштирилиши тадбиркорларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг навбатдаги намунаси бўлди дейишимиз мумкин.

9.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг