Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Буюк бобокалонимиз номи мангу барҳаёт!
554
Улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саҳоват, меҳр-мурувват зиёсини таратиб келмоқда.
Буюк бобокалонимиз номи мангу барҳаёт!

Мутафаккирнинг асарларида инсонга мухаббат, эзгулик, тўғрилик, халоллик, илм-ҳунар ўрганиш, ота-онага меҳр, катталарга, айниқса, устозга эҳтиром сингари олижаноб фазилатлар талқин этилади. Алишер Навоий ўз асарларида ёшларни тарихни билишга, Ватанга садоқатли, фидойи бўлишга, керак бўлганда жасорат кўрсатишга чорлайди. Маълумки, Навоий нафақат улуғ шоир, балки давлат арбоби, мамлакат тараққиётига фаол таъсир кўрсатган шахсдир. У қарийб ўттиз йилдан ортиқ умрини давлат бошқарувига сарфлади, яъни султон Ҳусайн Бойқаронинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида фаолият юритди. Навоийнинг ҳаёти Хуросоннинг XV аср иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий ҳамда маданий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Шоирнинг барча асарларида ҳаёт, адолат ва хақиқат улуғланади, ҳалол меҳнат, ақл ва билим билан бахт топиш қадрланади. Шу боисдан мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатиш, асарларини ўрганиш уни дунёда кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Бу йил шоир таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан бобокалонимиз шарафига аталган Навоий вилоятида хам тадбирлар ўтказиб келинмокда. Хусусан, 4-6 февраль кунлари Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида III халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Мазкур конференция доирасида вилоят миқёсида ёш навоийхонлар танлови ҳам анъанавий тарзда ўтказилиб, танлов ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Бугун эса Навоий шаҳридаги “Алишер Навоий” хиёбонида вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ташкилот ва идоралар навоийшунос олимлар, адиб ва шоирлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида улуғ мутафаккир сиймоси яна бир бор ёд этилиб шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Вилоят бўйлаб шоир таваллудига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

9.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг