Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳазрат Навоийга эҳтиром кўрсатиб
836
Буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг ижоди нафақат адабиёт, балки бошқа фанларнинг ривожи учун ҳам ўз ўрнига эга. Масалан, биргина “Хамса”нинг ўзиёқ фикримизни тасдиғ этади.
Ҳазрат Навоийга эҳтиром кўрсатиб

Бугун Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида сўз мулкининг султони, буюк аллома Алишер Навоий таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Кенг жамоатчилик вакиллари, шоир ва ёзувчилар, профессор-ўқитувчилар, олимлар, таълим муассасаларининг талаба-ёшлари улуғ мутафаккир қолдирган адабий мерос, ижодининг умрбоқийлиги, илмий ва тарбиявий аҳамиятини эътироф этишди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармасида ҳам ўтказилган тадбирда вилоят маънавият ва маърифат маркази тарғибот гуруҳи аъзоси З.Ясанов Алишер Навоийнинг нафақат ўзбек миллий адабиёти, балки жаҳон адабиётидаги ўрни, ўзининг ижоди, инсоний ғоялари билан бутун дунёда эзгуликни, инсонпарварликни, яхшиликни тараннум этгани, тилшунослик равнақига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритди.

Навоий бобомизнинг ҳаёти ва ижодига бефарқ инсон топилмаса керак. Унинг асарларида эзгулик ва комил инсон тарбияси етакчилик қилади.Божхона ходимлари шоирнинг ижоди ва босиб ўтган ҳаёт йўли билан боғлиқ саволлар билан маърузачига мурожаат этишди. 

Ўтган 2018 йилда Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ҳудудида ўзбек ва тожик адабиётининг икки буюк мутафаккири – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали ўрнатилди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида таниқли ҳайкалтарошлар – Ҳ.Ҳусниддинхўжаев ва В.Лунев томонидан қизил гранит тошдан ясалган ушбу ҳайкал илгари Самарқанд шаҳридаги собиқ “Афросиёб” меҳмонхонаси ёнида, кўримсиз жойда эди. Кейинчалик ҳайкал бу ердан кўчирилди.

Самарқандлик зиёлилар ва ижодкорлар, шаҳар жамоатчилигининг таклифи билан ҳайкал учун Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи танланди ва ниҳоятда қисқа муддат ичида ушбу маскан обод этилиб, муҳташам ҳайкал ўрнатилди.

Уларнинг иккиси ҳам ёшлик йилларида илм-маърифат истаб ушбу муаззам шаҳарга келган ва бу икки даҳо ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Шу жиҳатдан Самарқанд шаҳрида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкалининг энг кўркам масканда ўрнатилганлиги халқимиз  орзусининг рўёбидир. Бу, шубҳасиз, азалий ўзбек ва тожик адабиёти анъаналари давом этиб келаётганидан далолат бериб, халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади.

9.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг