Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда божхона органларининг ўрни
511
Бугунги кунда интеллектуал мулк борган сари жаҳон бозорида аҳамиятли товарга айланмоқда. Товар ва хизматларда интеллектуал мулк объектлари (ИМО) уларнинг сифати, нархи ва рақобатбардошлигини ошириб, уларнинг эгаларига бир талай афзалликлар беради.

Шу билан бирга, ушбу объектларнинг ҳуқуқий ҳимояланмаганлиги, товар ва хизматларга доир мутлақ ҳуқуқ эгасининг розилигисиз улардан осонгина нусха кўчирилиши ва тарқатилиши натижасида, мулк эгасининг қонуний даромадлардан маҳрум этади.

Бу каби нохушликларга йўл қўймаслик учун нафақат ўз интеллектуал мулк объектининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш, ўз ҳуқуқларини пухталик билан ҳимоя қилиш ҳам жуда муҳим.

Ҳозирда мамлакатимизда интеллектуал мулкни рўйхатга қўйиш ва унинг ҳимоясини таъминлашга бўлган эътибор кучайиб бормоқда. Жумладан, Интеллектуал мулк агентлиги маълумотларига кўра, 2018 йилда интеллектуал мулк объекти сифатида рўйхатдан ўтиш учун 8 400 дан ортиқ (2017 йилда
8 058 та)
талабномалар қабул қилинган бўлиб, улардан 3 300 дан ортиғи
(2017 йилда 4 625 та) давлат реестрларида интеллектуал мулк объектлари (ИМО) сифатида рўйхатдан ўтказилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январьдаги 400-сон қонун билан қабул қилинган янги таҳрирдаги “Божхона кодекси”нинг 56-бобида Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари белгиланди.

Шу билан бир қаторда, божхона органлари ушбу соҳада ўз ваколатлари доирасида бажаришлари зарур вазифалар белгиланди. Хусусан, божхона органлари Интеллектуал мулк объектларининг реестрини юритиш вазифаси шулар жумласидандир. Ушбу реестр рўйхатида 2019 йил январь ойи ҳолатига кўра жами 149 та товар белгиси киритилган.

Солиштириш учун:Россия федерал божхона хизмати ягона интеллектуал мулк объектлари реестирида 2018 йил холатига кўра 4679 тани, Қозоғистон Республикасида 2018 йил холатига кўра 1500 га яқин, АҚШда 2016 йил маълумотига кўра 46500 та турли товарлар интеллектуал мулк объекти сифатида рўйхатга киритилган.

Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларидан бири, интеллектуал мулк объектларини Давлат божхона қўмитаси томонидан мазкур товарларни Ўзбекистон божхона чегаралари орқали олиб ўтишнинг божхона назоратини амалга ошириш учун юритадиган Реестрда рўйхатдан ўтказиш ҳисобланади.

Ҳозирги кунда, мамлакатимиз ҳудудига ИМОни ўз ичига олган товарларни кириб келиши кун сайин ортиб бормоқда. Божхона органлари томонидан ИМОларини ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқий уни ҳозирги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, такомиллаштиришни тақозо этади.

Хусуан, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш, мамлакат инвестиция жозибадорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4168 сонли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4168-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий ҳимоя олган ва ундан маҳрум бўлганда уларни автоматик равишда тегишлича Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш ва чиқаришни таъминловчи интеллектуал мулк объектларининг ягона ва доимий янгиланиб борадиган интеграциялашган маълумотлар базаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини кучайтириш белгиланди.

Ушбу қарор билан интеллектуал мулкнинг самарали ҳимоясини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу, “Йўл харитаси”нинг 2-бўлимида мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилашга кўмаклашувчи интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро шартнома ва битимларга қўшилиш топшириғи белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилнинг 16 февралдаги қабул қилинган Қонунига асосан, “Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ)нинг ижрочилар ва фонограммалар бўйича шартномаси”га қўшилди.

Ҳозирда, мамлакатимиз интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида 14 та конвенция, шартнома ва битимларга аъзо ҳисобланади.

Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра бундан ташқари, халқаро амалиётда ушбу соҳани тартибга солувчи, Ўзбекистон Республикаси қўшилмаган бир қанча конвенциялар мавжуд.

Хусусан, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ)нинг муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги келишуви;

- ЖИМТнинг Интернет тўғрисидаги шартномаси;

- Товар белгилари ҳуқуқи тўрисидаги Сингапур шартномаси;

- Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага келишуви;

- Кўр, кўриш қобилияти паст ва бошқа имконияти чекланган шахсларга босма асарларни нашр этиш тўғрисидаги Марокаш шартномаси;

- Жаҳон савдо ташкилотининг Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари бўйича (ТРИПС) Келишуви шулар жумласидандир.

Мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, умумлаштириш, синовдан ўтказишни ва бу билан турли халқаро рейтингларда ўринларни яхшилашни тақозо этади.

Аммо, бу борада АҚШ Савдо ваколатхонасининг (The Office of the United States Trade Representative) расмий сайти маълумотларига кўра,
2018 йил апрел ойидаги 301-сонли маҳсус ҳисоботида АҚШ билан савдо иқтисодий алоқа қилувчи давлатларда интеллектуал мулк ҳимоясида катта муаммолари мавжуд “Кузатувдагилар рўйхати”(Watch list)ни эълон қилди. Ушбу кузатувдагилар рўйхатида 24 давлат жумладан, Ўзбекистон ҳам мавжуд. АҚШ Савдо ваколатхонаси томонидан мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасида адолатсиз рақобат ривожланганлиги, шунингдек, халқаро компаниялар маҳсулотларининг дубликатлари ишлаб чиқарилишини келтириб ўтган.

Шу билан бирга, “propertyrightsalliance”расмий сайти маълумотларига кўра, Ўзбекистон мамлакатлар ўртасида халқаро интеллектуал мулк, сиёсий-ҳуқуқий муҳит, шахсий мулк ҳуқуқи ҳимоясини кўрсатиб берувчи Халқаро мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш алъянси (International Intellectual Proerty Alliance) томонидан аниқланадиган “International Property Rights Index” рейтингида иштирок этувчи 125 та давлат орасида мавжуд эмас.

Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда мамлакатимизда божхона органлари томонидан интеллектуал мулк ҳимоясига жиддий эътибор қаратилиб, турли халқаро шартнома ва келишувларда иштирок этиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаб, турли халқаро рейтинглардаги ўринини яхшилаш имкониятини беради.

Ш.Рўзиев,

мустақил тадқиқотчи

21.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг