Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон ва Афғонистон: иқтисодий муносабатлар янги босқичда
467
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги иқтисодий муносабатлар икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси натижасида савдо, транспорт-коммуникатция, энергетика соҳаларида ҳамда ушбу йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш тизимида янги босқичда ривожланмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон билан амалий, ўзаро манфаатли ва яхши қўшнилик муносабатларини шакллантириш, минтақада хавфсизликни таъминлашни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгиланди.

Шунигдек, 2017 йил 4-6 декабрь кунлари Афғонистон Ислом Республикаси (АИР) Президенти А.Ғанининг Ўзбекистонга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасини таъминлади.

Музокаралар якунида хавфсизлик, энергетика ва транспорт масалалари бўйича 20 та қўшма ҳужжат, шунингдек, Афғонистонга қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, буғдой, маиший техника, транспорт воситалари ва бошқаларни етказиб бериш учун 500 млн. АҚШ доллари қийматидаги 40 та шартнома имзоланди.

Бундан ташқари, икки мамлакат раҳбарлари ўртасида тузилган шартномалар вазирликлараро ва идоралараро алоқаларни ҳам кучайтиришга хизмат қилмоқда. 2017-2018 йилларда Ўзбекистонга Афғонистондан келган 20 дан ортиқ делегациялар ташрифи давомида савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантиришга оид 50 дан ортиқ идоралараро келишувларга эришилди.

Ўзбекистон ва Афғонистоннинг савдо алоқаларида товар айирбошлаш кўрсаткичининг ўсиши билан бир қаторда унинг таркибий қисми ҳам тобора кенгаймоқда.

Хусусан, 2017 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ўзаро савдо айланмаси 617 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 18,7 фоизга кўпдир. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистоннинг Афғонистонга товарлар экспорти ҳажми 614,9 млн АҚШ долларига тенг бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра, 2017 йил бошида иккала мамлакат ўртасида савдо ҳамкорлигини ривожлантириш учун “Йўл харитаси” қабул қилинган бўлиб, унда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш келгуси йилларда товар айланмасини сезиларли даражада оширишга, пировардида унинг ҳажмини 1,5 млрд. АҚШ долларига етказишга имкон беради.

Кобулдаги Ўзбекистон Савдо уйида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли доимий кўргазманинг ҳамда 2017 йил сентябрда Мозори-Шарифда “Узтрейд” шоу-румининг очилиши икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим амалий қадам бўлди.

Биргина “Узтрейд” шоу-румида ҳозирга қадар афғон ҳамкорлари билан қиймати 29 млн. АҚШ долларлик шартномалар тузилди.

Ўзаро савдо ҳамкорлигини самарали амалга оширишда Термизда ташкил этилган божхона терминали билан халқаро логистика марказининг аҳамиятини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Ушбу “Карго-марказ” икки мамлакат ўртасида экспорт-импорт ва транзит учун Европа ва Осиёнинг бозорларига киришни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, Ўзбекистондан Афғонистонга йилига 300 минг тонна минерал ўғитлар, 2 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникалари, 250 минг тоннага яқин буғдой ва афғон бозорида талаб кучли бўлган турли маҳсулотларни етказиб бериш бўйича узоқ муддатли келишувларга эришилди.

Ҳозирда Афғонистон билан автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилмоқда. Афғонистон шимолидаги истиқболли нефт ва газ конларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон экспертлари ўзбек-афғон савдо алоқалариннинг имкониятларини атрофлича ўрганмоқда.

Ўзбекистон Афғонистон билан савдо ҳамкорлигини ривожлантириш учун транспорт-коммуникация соҳасидаги лойиҳаларга катта эътибор бермоқда.

Хусусан, “Мозори-Шариф–Ҳирот” темир йўл лойиҳасининг амалга оширилиши Афғонистон ва Ўзбекистон ташқи савдо айланмасини 50 фоизга оширишга ёрдам беради. Темир йўл линиясининг биринчи босқичи ишга туширилгач, юк ташишнинг прогнозланган ҳажми 5,3 млн. тоннани ташкил этиши назарда тутилмоқда, бу эса ташиладиган юклар ҳажми йилига 15 млн. тоннагача кўпайишини англатади. (Маълумот учун: Осиё Тараққиёт Банкининг ҳисоботига кўра, “Ҳайратон–Мозори-Шариф” темир йўлининг ишга туширилиши билан 1000 дан зиёд киши янги иш билан таъминланди. Афғонистонни темир йўл бўйлаб иш билан таъминлашнинг ўсиш суръати йилига 10-11% ни ташкил этди ва бу 2008 йилга нисбатан иш билан бандликнинг икки баравар кўпайишига имкон берди.)

Шу билан бирга, 2017 йилнинг ноябридан бошлаб Тошкент–Кобул ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “КамЭир” Афғон ҳаво йўллари ўртасида мунтазам қатновлар йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, 2017 йилда Ўзбекистон орқали Афғонистон юкларининг транзит ўтиши 2016 йилга қараганда 70% га ўсди.

Ўзбекистон ва Афғонистон иқтисодий муносабатлари энергетика соҳасида ҳам мунтазам ўсиб бормоқда.

Жумладан, 2002 йилдан бошлаб Ўзбекистон Афғонистонни электр билан таъминлаш соҳасида стратегик ҳамкор бўлиб келмоқда. 2002 йилга нисбатан 2017 йилда Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажми 30 баробар ошди. Шу билан бирга, 2018 йил январидан бошлаб Афғонистонга етказиб бериладиган электр энергиясининг нархи 35% га камайди: 1 киловатт электр токи 7,6 центдан 5 центгача туширилди.

Бундан ташқари, Афғонистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида “Сурхон-Пули-Хумри” электр узатиш линияси лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзоланди. Унинг узунлиги 260 км, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб 45 км. Томонлар ўртасида олиб борилган мунозаралар натижаларига кўра, келажакда лойиҳалаш учун маршрутнинг координаталари келишилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон-Афғонистон қўшма энергетика лойиҳалари кўп жиҳатдан мультипликатив таъсирга эга. Кобулдаги электр узатиш линиясининг қурилиши нафақат аҳолининг энергия жиҳатидан энг заиф қисмини, балки ишлаб чиқариш қувватларини ва иш ўринлари яратиш, АИРда янги корхоналарни ишга тушириш учун қўшимча имкониятларни очади.

Ўзбекистон ва Афғонистон иқтисодий муносабатларининг ривожланишига бевосита таъсир қилувчи кадрлар тайёрлаш тизимида ҳам ҳамкорлик қилмоқдалар.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларини тайёрлаш бўйича ўқув маркази ташкил этилди. (Маълумот учун: Таълим харажатларининг 50 фоизи жўнатувчи томонидан қопланади, қолган қисми эса “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси томонидан қопланади. Ҳозирги кунда Марказда “Ўзбек тили ва адабиёти” мутахассислиги бўйича 100 га яқин талаба таҳсил олмоқда. Ўқиш муддати - 2 йил, ундан кейин бакалавриат дипломи берилади.)

Бундан ташқари, темир йўл транспорти ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ҳам таълим маркази фаолиятининг истиқболли йўналиши сифатида белгиланган. Талабаларни АИР иқтисодиётининг эҳтиёжлари ва ривожланиши учун талаб қилинадиган мутахассисликларга ўргатиш режалаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, 2017-2018 йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон иқтисодий ҳамкорликнинг деярли барча асосий соҳаларида улкан натижаларга эришди.

Ўзбекистон Президентининг сиёсий иродаси ва Афғонистон раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши туфайли Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида янги босқич юзага келди.

Қ.Эргашев,

мустақил тадқиқотчи

21.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг