Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
АҚШлик мутахассислар пойтахтимиздаги темир йўл вагонларини сканер қилувчи инспекцион-кўрик мажмуаси билан танишишди
533
2019 йил 27 февраль куни АҚШ Давлат департаментининг Ҳуқуқ-тартиботни ҳимоя қилиш ва халқаро гиёҳвандликка қарши кураш бўйича Бюроси Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Жорган Эндрюс пойтахтимиздаги “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара-божхона постида бўлди.
АҚШлик мутахассислар пойтахтимиздаги темир йўл вагонларини сканер қилувчи инспекцион-кўрик мажмуаси билан танишишди

Ўзбекистон-Америка сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги давраси доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган меҳмон мазкур постдаги иш жараёнлари ҳамда бу ерга ўрнатилган темир йўл вагонларини сканер қилувчи инспекцион-кўрик мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишди.

Мазкур мажмуа Бирлашган Миллат ташкилоти Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг Контейнер ташувлари устидан назорат Глобал дастури доирасида 2018 йилда ишга туширилган эди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасида божхона постларини катта ҳажмдаги сканер қурилмалари билан жиҳозлаш ишлари узлуксиз равишда ва босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Роппа-роса 1 ой муқаддам бу каби замонавий мажмуа  Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Бекобод” темир йўл чегара божхона постига  ҳам ўрнатилган эди.

Мазкур техник қурилма темир йўл чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган юк поезди вагонларини тўхтатмасдан туриб, ундаги юкларни бир неча сонияда текшириш ва сканердан ўтказиш имконини беради.

Ундан тараладиган рентген нурлари кўмагида 200 мм.гача қалинликдаги пўлат ортидаги буюмларни ҳам кўриш. натижада, контейнер ичидаги товарларнинг ҳужжатларга мослигини текшириш, контрабанда предметлари бор-йўқлигини назорат қилиш мумкин.

Бу эса ўз навбатида божхона кўриги самарадорлигини янада ошириб, божхона кўриги учун кетадиган вақтнинг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилади.

Инспекцион-кўрик мажмуасини самарали қўллашда божхона ходимларидан ҳам зарур касбий малака талаб этилади. Шу мақсадда халқаро дастур доирасида ContainerCom ахборот тармоғи орқали ўқув курсларида иштирок этиб, малака ошириб келмоқдалар.

Учрашув доирасида Давлат божхона қўмитаси вакиллари меҳмонларга постда амалга оширилаётган ишлар, божхона назорати ва расмийлаштирувига жорий қилинган ахборот тизимлари ва инновацион технологиялар ҳақида батафсил ахборотлар беришди.

Хусусан, божхона тизимида ишга туширилган Хавфларни бошқариш тизимининг афзалликлари америкалик мутахассисларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Ҳусан Тангриев,
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати бош инспектори

27.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг