Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона: тадбиркорлар учун муҳим янгилик - “яшил” ва “кўк” йўлаклар тўлиқ ишга туширилди
652
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан божхона соҳасида Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими амалиётга жорий этилиб, товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди.
Божхона: тадбиркорлар учун муҳим янгилик - “яшил” ва “кўк” йўлаклар тўлиқ ишга туширилди

Жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ишга туширилган бўлса, 2019 йил 1 мартдан бошлаб “яшил” ва “кўк” йўлаклар жорий этилди.

Ушбу тизимни тўлақонли амалга киритиш орқали “ялпи” божхона назоратини ўтказишдан воз кечган ҳолда, хавф профиллари ёки тасодифий танлов асосида товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати қуйидаги йўлаклардан бирига йўналтирилган ҳолда амалга оширилади:

«яшил йўлак», бунда хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, божхона назорати шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайди.

«қизил йўлак», бунда божхона назорати шакллари хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади.

«сариқ йўлак», бунда божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади.

«кўк йўлак», бунда хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарларга нисбатан божхона назорати шакллари улар чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.

Ушбу тизим товарларни божхона расмийлаштируви юзасидан амалга ошириладиган божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштириш билан бир қаторда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.

Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтиришга, божхона назорати хажмининг камайишига, сифатининг ошишига, ҳалол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Тадбиркорлар эндиликда Давлат божхона қўмитасининг bojxona.uz сайтидаги ушбу ҳавола орқали божхона юк декларациясининг мақоми ҳамдаунинг қайси йўлакка жойлаштирилганлиги тўғрисида реал вақт режимида маълумот олиш имкониятига ҳам эга бўлишди. Бу эса мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш йўналишидаги муҳим янгилик ҳисобланади.

1.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг