Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Президент Шавкат Мирзиёев хотин-қизларни байрам билан табриклади
1094
Тошкентда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. 
Президент Шавкат Мирзиёев хотин-қизларни байрам билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз хотин-қизларини байрам билан табриклаб, уларга чуқур ҳурмат-эҳтиром ва энг эзгу тилакларини билдирди.  

– Бугунги қувончли айёмда дунёда “фидойи” деган сўзга энг муносиб бўлган Она сиймоси олдида таъзим қиламиз. Ҳаётимиз қувончи, хонадонларимиз кўрки бўлмиш азиз аёлларимиз шаънига энг гўзал тилакларимизни изҳор этамиз. Аёл сиймоси Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади, – деди давлатимиз раҳбари.

Халқ розилиги аввало, муҳтарама оналар, хотин-қизларнинг розилиги билан боғлиқлиги, уларнинг соғ-саломат бўлиб, бахтли яшашини таъминлаш барча ислоҳотларнинг асосий мақсади ва мезони экани таъкидланди.  

Юртимиз аёллари фарзандлар тарбияси, оила ҳаётидаги фидойилиги билан жамиятимиз мустаҳкамлиги ва эртанги кунига замин яратмоқда.  Шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат, саноат ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшмоқда.  

Президентимизнинг 2019 йил 7 март куни қабул қилинган “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони бунинг муносиб эътирофи бўлди. Фармонга мувофиқ, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини ошириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги муносиб хизматлари учун бир гуруҳ хотин-қизлар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан мукофотланди. Улар орасида атоқли олимлар, шоир ва адибларнинг садоқатли умр йўлдошлари ҳам борлиги алоҳида эътиборга молик. 

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2 мартдаги қарорига мувофиқ йигирма саккиз нафар фаол қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган эди. 

Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди. 

– Сизларнинг мана шундай очилиб, ҳаётдан рози бўлиб юришингиз учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз. Истаймизки, мана шундай қувончли кунларимиз кўп бўлсин, – деди Президент. 

Бугун Шавкат Мирзиёев яна бир муҳим ҳужжат – “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Унда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, маиший ва меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича комплекс вазифалар белгиланган. 

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакилалари тўкин дастурхон атрофида байрамни нишонлади. Тадбирда мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эллик дипломат аёллар, жумладан, Франция Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси элчилари, Бирлашган

Миллатлар Ташкилотининг турли ваколатхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этди.  

Аёл, меҳр, муҳаббат мадҳ этилган концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

7.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг