Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлар божхона юк декларациясини ўзлари тўлдиришлари мумкин
651
Самарқанд вилояти божхона бошқармасида бошқармаси раҳбарияти, бошқарманинг тегишли бўлим ва гуруҳ бошлиқлари, вилоятда фаолият кўрсатувчи экспорт-импорт билан шуғулланувчи йирик ташкилот вакиллари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ҳамда божхона брокерлари иштирокида божхона соҳасига доир қонунчиликдаги янгиликлар, уларнинг фаолиятига оид жорий қилинган янги нормаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув ташкил этилди.
Тадбиркорлар божхона юк декларациясини ўзлари тўлдиришлари мумкин

Тадбирни очар экан, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5414-сон Фармони билан 2018 йил 1 июлдан жорий этилган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш тартиби ҳамда “Электрон божхона расмийлаштируви” ААТ, “Декларацияловчи шахслар рўйхати” ва “Тадбиркорлар томонидан божхона органларига БЮДни тақдим этиш” интерактив хизматлари билан ишлаш тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев  таъкидланганидек, бугунги кунга қадар тадбиркорлар экспорт ва импорт амалиётларини бажариш чоғида божхона юк декларацияларини тўлдириш учун албатта божхона брокерига мурожаат қилар ҳамда ортиқча харажат сарфлаб, шартнома асосида божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар кўмагида ушбу ишни амалга оширишлари зарур эди. 2018 йил 1 июлдан бошлаб ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

Эндиликда, мазкур Фармонга мувофиқ тадбиркорлар интернет ёрдамида божхона юк декларацияларини ўз офисларидан чиқмасдан туриб, мустақил равишда тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш имкониятига эга бўлдилар.

Бунга қадар эса товарларни республикамизга олиб кирмоқчи ёки экспорт қилмоқчи бўлган тадбиркор божхона юк декларациясини тўлдириб бериш ва божхона идораларига тақдим этиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб божхона брокерлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар кўмагидан фойдаланишга мажбур эди.

Энди эса Давлат солиқ қўмитаси томонидан бериладиган электрон рақамли имзога эга бўлган ҳар бир тадбиркор буни амалга оширишга тўла ҳақли.

Бунинг учун у электрон рақамли имзо ёрдамида Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my2.gov.uz) ёки Давлат божхона қўмитасининг расмий веб сайтига (www.bojxona.uz) кириб, дастлаб ўз ташкилоти номидан товарларни декларацияловчи шахслар рўйхатини шакллантиради.

Шундан сўнг “Декларацияловчи шахслар рўйхати” интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда божхона юк декларацияларини реал вақт режимида тўлдириб, божхона органларига тақдим этади.

Бугунги кунда Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг ТИФ божхона постлари орқали экспорт-импорт операцияларини амалга ошираётган жами ТИФ қатнашчилари сони 1 122 нафарни ташкил этади.

/uploads/efcc77f5-32a7-6223-f0a3-4b7a5c222d2f_media_.jpg

Шунингдек, вилоятда жами 26 та юридик шахс божхона брокери сифатида рўйхатдан ўтиб, шулардан 85 нафари божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар фаолият юритиб келмоқда. Улар томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида экспортда 4502 та, импортда 7690 та ва бошқа божхона режимларида эса 5665 та, жами 17857 та божхона юк декларациялари тўлдирилиб, божхона органларига тақдим қилинган.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар фаолиятининг ёритилиши уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, божхона юк декларацияларини  тўлдиришда йўл қўйилаётган асосий камчиликлар ва уларни олдини олиш чоралари, божхона назоратини ташкил этиш йўналиши ҳамда божхона тўловларини тўғри ундирилишида божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан соҳавий бўлимларнинг маърузалари тингланди.

Йиғилиш давомида, кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ижроси юзасидан божхона органлари тизимида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берилди. Сўнгра Қонуннинг 30-моддасига асосан йиғилиш иштирокчиларига социологик сўровномалар тарқатилди.

ТИФ қатнашчисига тўғри маслаҳат ва божхона расмийлаштируви бўйича қонуний таклифлар берилиши катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан бошқарманинг “Ишонч телефони” 233-63-00 рақамига мурожаат этишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтилди.

Йиғилиш якунида божхона қонунчилигида қабул қилинган янги меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишди.

Самарқанд вилоят

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

14.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг