Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Урганч аэропортида профилактик тадбир бўлиб ўтди
99
Божхона органлари томонидан диний экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш ҳамда бу борада кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамасдан, чет давлатларга ўқиш, ишлашга бориб, телефон, ноутбук ҳамда флешка хотирасига шу турдаги материалларни юклаб қайтаётган айрим фуқаролар учраб турибди.
Урганч аэропортида профилактик тадбир бўлиб ўтди

Ана шундай салбий ҳолатларни олдини олиш, аҳоли ўртасида диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш, жамиятда бағрикенглик, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни катта.

Куни кеча “Урганч аэропорти” чегара божхона пости ходимлари ҳамда Урганч шаҳар имом хатиби ўринбосари Х.Отажанов ва Урганч тумани Мискин бува масжиди имом ноиби З.Собировлар иштирокида чет давлатларда меҳнат қилиш учун кетаётган фуқароларимиз иштирокида профилактик тадбир бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, божхона органлари томонидан мамлакатимиз божхона чегаралари орқали диний экстремизм, терроризм ва бошқа турдаги тақиқланган материалларни кириб келишига қарши курашиш борасида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлар идоралари ва уларнинг худудий бўлимлари билан ўзаро яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш, уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.

Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган матбаа нашрларини, кино, фото, аудио, видео маҳсулотларини ва шу каби бошқа маҳсулотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга олиб келади.      

Бундай адабиётларни тайёрлаш, олиб келиш, сотиш ва тарқатишга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсати билан йўл қўйилиши бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни тақозо этмоқда.

Халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш мақсадга мувофиқдир.

– “Жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлари азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг тарғиб этишимиз зурур – дейди, Урганч шаҳар имом хатиби ўринбосари Хошимжон Отажонов.

Ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантиришдан иборат эканлиги соҳа мутахассислари томонидан таъкидлаб ўтилди. 

Тадбирда фуқароларимиз ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

30.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг