Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Навоийда коррупцияга қарши курашда кенг жамоатчилик иштироки зарурлиги таъкидланди
78
Юртимизда азал-азалдан ўзгаларга нисбатан хушмуомалалик қилишга, барчага бирдек ширинсўз бўлишга алоҳида эътибор қаратиб келинган.
Навоийда коррупцияга қарши курашда кенг жамоатчилик иштироки зарурлиги таъкидланди

Жумладан, доно халқимизнинг бу тўғрисида “Тилга эътибор, элга эътибор”, “Буғдой нонинг бўлмасин, буғдой сўзинг бўлсин”, “Аччиқ тил заҳари илон, чучук тилга жон қурбон”, “Беморга ширин сўз керак, ақлсизга кўз”, “Гапнинг қисқаси яхши, қисқасидан ҳиссаси яхши” каби ҳикматлари бежизга айтилмаган. Зеро, инсоннинг маънавий баркамоллигини белгилайдиган, бошқа одамлар билан муносабатида муҳим омил саналадиган восита бу унинг муомала маданиятидир. Хўп, ширинсўзлик кишининг инсонийлик сифатларидан бири экан, қандай қилиб бунга эришиш мумкин?

Хушмуомала, ширинсўз инсонлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайдилар. Улар ҳам шу жамиятда камол топади. Бунда уларнинг оиласи, қариндош-уруғлари, ёру-дўстлари, яшаб турган муҳити катта аҳамият касб этади. Зеро, халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бор. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон ўз хатти-ҳаракатлари, инсоний фазилатлари билан оила аъзоларига, фарзандларига ўрнак бўлиши керак. Бундан ташқари, муомала маданияти юксалишида китобнинг ўрни ҳам беқиёс.

Навоий вилояти бошхона бошқармасида шахсий таркиб ўртасида  ўтказилган навбатдаги маънавият-маърифат машғулоти ҳам айни мавзуга бағишланди. Унда Навоий шаҳар бош имом хатиби Дилшод Эргашев иштирок этиб, ширинсўзлик, хушмуомалалик ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу борада ҳам муқаддас динимизда келтирилган ояту-карималар, ривоятлар, ҳадислардан мисоллар келтирилди. Шунингдек, хушмуомалалик айниқса божхона ходими иш фаолиятининг асосий мезонларидан бири бўлиши шартлиги алоҳида таъкидланди. Чунки, ватан остонадан бошланади. Юртимизда ташриф буюрган ҳар қандай инсон аввало божхона ходимлари билан мулоқотда бўлиб, айни шу мулоқот натижаси ўлароқ уларда Ўзбекистон, унинг халқи ва маданиятига нисбатан илк тасаввурлар шаклланади.

Бундан ташқари тадбирда Ўз хавфсизлик гуруҳи вакили Е.Ибрагимов ҳам сўзга чиқиб, “Коррупция-тараққиёт кушандаси: унга қарши курашишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг иштироки зарур” мавзусида фикр юритди. Коррупцияга қарши курашда айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юқори масъулият юкланиши, шунинг учун ҳам ҳар бир божхона ходими ўзининг ҳалол хизмати, намунали хулқи билан жамиятга ўрнак бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Суҳбат давомида шаҳар имом хатиб томонидан муқаддас ислом динида тамагирлик каби салбий одатлар нақадар қораланиши ҳикматли сўзлар, ҳадислар ёрдамида тушунтириб ўтилди.

Ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли, самимий ўтган ушбу тадбирда ходимларни қизиқтирган барча саволларга ҳаётий мисоллар ёрдамида жавоб берилди.

1.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг