Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар мактаб ўқувчилари билан очиқ мулоқот ўтказишди
119
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Бекобод” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан Бекобод шаҳрида жойлашган 17-сонли ўрта мактабда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон Фармони ҳамда божхона соҳасиги оид қонун ҳужжатлари мазмуни - моҳиятини тушунтириш мақсадида, ушбу мактаб ўқувчилари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Божхоначилар мактаб ўқувчилари билан очиқ мулоқот ўтказишди

Тадбирни “Бекобод” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости инспектори Шерзод Давронов очиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон Фармони қабул қилинганлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.

Шерзод Давронов ўз маърузасини давомида мазкур Фармоннинг энг асосий жиҳатига тўхталиб, ушбу Фармон билан “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Концепцияси” қабул қилинганлигини таъкидалди. Аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришиши, мустаҳкам иродали, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай оладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган фуқароларни тарбиялашнинг кенг қамровли мунтазам тизимини яратиш мазкур Концепциянинг асосий мақсади этиб белгиланди. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида Концепцияда қуйидаги йўналишлар белгиланди: Шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш,жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш,аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, юридик таълимни, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш ҳамдаҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этиш.

Юқорида таҳлил этилган Фармон ва Концепцияда белгиланган нормаларнинг амалга оширилиши натижасида Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг қонунга ва ҳуқуққа бўлган ҳурмат ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Халқимизни, айниқса чегара ҳудудидаги аҳолининг асосий қисми божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш нормалари шунингдек олиб кириш, олиб чиқиш тақиқланган товарларни билмасликлари, айримлари эса мўмай бойлик орттириш мақсадида қонун ҳужжатларини четлаб ўтмоқчи бўлганликлари сабабли қонун ҳужжатлари талабларига асосан жавобгарликка тортилаётганликларини айтиб, ҳар бир фуқаро ўзининг қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган ҳуқуқларини билиши билан биргаликда, қонун ҳужжатларига амал қилишга мажбурлигини таъкидлади. 

Йиғилишда “Одам савдоси” мавзусида ҳам тушунтиришлар берилди. Шерзод Давронов бу мавзуга тўхталар экан, бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарори билан одам савдосига оид ноқонуний ҳаракатларга қарши тадбирлар, давлат ва жамоатчилик органлари томонидан бажариладиган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин.

Зеро, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – кечириб бўлмас жиноят, оғир гуноҳ!

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда.

Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш эҳтиёжини янада кучайтирмоқда.

Шахс эрки ва қонуний манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган тадбирлар орқали амалга ошириб келинмоқда.

Йиғилиш якунида божхона ходимлари иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб бериб, экспорт масаласи шунингдек божхона соҳасига оидсаволлари бўлса “Бекобод” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтишди

Йиғилиш иштирокчиларига божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент вилояти божхона бошқармасининг 71-235-07-61, Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ишонч телефони рақамларига хабар бериш лозимлиги, мурожаатлар анонимлиги кафолатлиниши айтиб ўтилди.

9.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг