Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қонунчиликдаги божхонага доир янгиликлар билан танишинг
297
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2018 йил 18 октябрдаги ЎРҚ-502-сон Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 2 ноябрдаги ПҚ-3995-сон қароридан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 апрелдаги 296-сон қарори билан Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартишлар киритилди, шунингдек, баъзилари ўз кучини йўқотди.

Қарорнинг тўлиқ матни ушбу ҳаволада.

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги «Шиша тола, электр тежамкор иситиш асбоб-ускуналар ва энергиянинг замонавий тежамкор тизимларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-3417-сон қарори билан 2022 йилнинг 1июлига қадар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, хом ашё, материаллар ва махсус транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “Шиша тола, шиша толали буюмлар, композит материаллар, энергия тежамкор иситиш асбоб-ускуналари ва энергия тежашнинг замонавий тизимларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4277-сон қарори билан ушбу муддат 2024 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

 

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5707-сон Фармонига мувофиқ,

дори воситалари ва тиббиёт буюмларини саноатда ишлаб чиқариш ва дорихонада тайёрлаш учун мўлжалланган, импорт қилишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган хом ашёлар рўйхати Агентлик томонидан белгиланган тартибда шакллантирилади ва тасдиқланади, шунингдек, бир йилда камида икки марта янгилаб борилиши ва Агентлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилиши шарт;

2019 йил 1 июлдан бошлаб импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштиришда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилади;

импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштиришда божхона расмийлаштируви учун йиғимнинг 1,0 фоизи Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;

Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ҳамда фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан аптека ичида дори тайёрлаш мақсадида олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, фармацевтика ишлаб чиқариш бинолари учун “тоза хоналар”, сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари, шунингдек, лаборатория ҳайвонларини боқиш, клиник-олди тадқиқотлар ва дори воситалари ишлаб чиқариш (шу жумладан, аптека ичида тайёрлаш) учун ишлатиладиган хом ашё ва материаллар, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистонда Шарда университетини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ-4278-сон Қарорига мувофиқ, ушбу университетни қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун Муассис, Университет ва пудрат ташкилотлари томонидан ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган жиҳозлар, шу жумладан ўқув ва илмий-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, оргтехника, ўқитишнинг техник воситалари, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, инвентарь ва бошқа моддий-техника ресурслари 2022 йил 1 апрелга қадар божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилди.

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4275-сон қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 апрелга қадар ФНҚИЗ томонидан ўз эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, техника, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, асбоблар, технологик жиҳозлар, приборлар, дастурий таъминот, техник ҳужжатлар ва сарф материаллари божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларидан ташқари) озод этилди.

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати

12.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг