Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида 2019 йил I чорак якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди
562
2019 йил 13 апрель куни Давлат божхона қўмитасида жорий йил I чорак фаолият якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоселектор шаклида ташкил қилинган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар божхона бошқармалари, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Божхона институти ва Миллий кинология маркази шахсий таркиби иштирок этди.
Давлат божхона қўмитасида 2019 йил I чорак якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди

Тадбирда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига 2018 йил 28 декабрдаги Мурожаатномасида божхона органларига белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, мамлакатимизга инвестицияларни фаол жалб қилиш, илғор технологиялар билан жиҳозланган янги замонавий корхоналар ташкил этиш йўналишида божхона ходимларининг масъулиятли вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш Ҳаракатлар стратегияси доирасида божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, амалиётга жорий этилган ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштириш, божхона расмийлаштирув жараёнларини соддалаштириш ва тўловлар йиғилувчанлигини ошириш ҳамда истиқбол режа кўрсаткичларини сўзсиз бажарилишини таъминлаш йўналишида божхона органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан божхона соҳасида амалиётга жорий этилган Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизимида 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб, товар ва транспорт воситалари учун божхона назоратидаги махсус йўлакларнинг навбатдагилари - “яшил” ва “кўк” йўлаклар ҳам ишга туширилди.

Тизимни тўлақонли ишга туширилиши натижасида “ялпи” божхона назоратини ўтказишдан воз кечган ҳолда, хавф профиллари ёки тасодифий танлов асосида товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати қуйидаги йўлаклардан бирига йўналтирилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Бу эса ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтиришга, божхона назорати хажмининг камайишига, сифатининг ошишига, ҳалол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 апрель куни  2019 йилнинг I чорагида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини таҳлил қилиш, биринчи ярим йилликка доир вазифаларни белгилаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида юклатилган вазифаларни сўзсиз ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Ҳайъат ишида давлат божхона хизмати органларининг 2019 йилнинг I чораги давомидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари муҳокама қилинди.

Ҳисобот даврида давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган божхона тўловлари бўйича белгиланган режа 104 % га бажарилди.

2019 йилнинг I чораги давомида тадбиркорлик субъектларига божхона тўловларидан 12.3 трлн. сўмлик имтиёзлар қўлланилган бўлиб, бу рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, ушбу жараёнларга замонавий техника ва технологияларни татбиқ этиш, ишчи ўринларни кўпайтириш ва инновацион ғоялар устида изланишга хизмат қилмоқда.

Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш  йўналишида ўтказилган тадбирлар натижасида жами 4,7 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 61,7 млрд. сўмлик ноқонуний товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, тизимда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш масалалари чуқур таҳлил қилинди.

Йиғилишда жорий йилнинг I чораги давомида божхона органлари фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар кескин танқид қилиниб, бунга йўл қўйган марказий аппарат ва ҳудудий божхона бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилди.

Ҳайъат йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

15.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг