Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Журналистлар учун медиа-тур: “Бош почтамт” ТИФ божхона пости билан танишув
644
Медиа тур давомида журналистлар пойтахтимиздаги “Бош почтамт” ташқи иқтисоий фаолият божхона постида ҳам бўлишди.
Журналистлар учун медиа-тур: “Бош почтамт” ТИФ божхона пости билан танишув

Бугун дунё бўйлаб электрон савдо, Интернет орқали харидлар кўлами кенгайиб борар экан, бу халқаро почта ва курьерлик жуўнатмаларини йўллаш ҳам тобора оммалашаётганини англатади. Бу жараённинг қанчалик қисқа ва самарали кечиши бир ҳисобдан божхоначиларга ҳам боғлиқ. Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати ва расмийлаштируви нечоғлик тез ва сифатли амалга оширилса, бу жўнатманинг кўзланган манзилга тезроқ етишини таъминлайди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонга ҳамда юртимизда хорижга юборилаётган халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари сони йилдан йилга ошиб бораётгани ҳам ушбу фикримизни тасдиқлайди. Масалан, 2016 йилда 2884 тонна, 2017 йилда эса 6200 тоннадан ортиқ почта жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 7900 тоннадан ортди. Республикамизга халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари асосан Туркия, АҚШ, БАА, Жанубий Корея каби давлатлардан юборилмоқда.

Хорижий давлатларидан Ўзбекистон Республикасига жўнатилган ёки республикамиздан хорижга йўлланган халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг асосий қисмининг божхона назорати “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида амалга оширилади.

Бундан 26 йил муқаддам ташкил қилинган “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости эндиликда янги замонавий логистика марказида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Аввалги бино билан таққослаганда, бу ерда божхона кўриги учун ажратилган ҳудуд қарийб 3 баробарга катталашди. Илгари бунинг учун 240 м2 жой ажратилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич   758 м2 кв.ни ташкил қилмоқда.

Эски бино билан қиёслаганда илгари бир вақтнинг фақат 2 та партиядаги юкларни божхона кўригидан ўтказиш мумкин эди. Бу эса ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг кутиб қолишлари ва ортиқча вақт йўқотишларига сабаб бўлаётган эди. Энди эса бу ерда бир вақтнинг ўзида 5 та партиядаги юкларни қабул қилиш имконияти туғилди.

Натижада, ҳозирда янги бинода кунига 2600 дан ортиқ почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати амалга оширилмоқда. Бу эса ҳар бир почта жўнатмасининг божхона расмийлаштирувига узоғи билан 20 дақиқа сарфланаётганини англатади.

Медиа тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

17.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг