Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона соҳасидаги ислоҳотлар – тадбиркорлик ривожи йўлидаги кўприк демакдир
282
Мамлакатимиз иқтисодиётига фаол инвестицияларни жалб этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш ва ушбу йўналишда Қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган имкониятларини ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига етказиш мақсадида Наманган вилояти божхона бошқармасида тадбиркорлик субъектлари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Божхона соҳасидаги ислоҳотлар – тадбиркорлик ривожи йўлидаги кўприк демакдир

Тадбирда, вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган экспортёр-корхоналар вакиллари учун божхона соҳасида амалга оширилган сўнгги ислоҳотлар ва янгиликлар билан бир қаторда, ташқи иқтисодий фаолият, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт-импорт йўналишидаги ҳамкорлик ишларини келгусида янада самарали ташкил этиш, экспорт масалаларида юзага келаётган муаммоли масалалар кенг муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармонига мувофиқ, божхона соҳасида хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими жорий қилиниши ва эришилган натижалар хусусида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва божхона расмийлаштируви мутахассисларига божхона органларида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, божхона соҳасига оид қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ҳамда коррупция иллатининг салбий оқибатлари, амалдаги қонунчилигимизга кўра, мазкур жиноятга белгиланган жавобгарлик тўғрисида кенг қамровли изоҳ келтириб ўтилди.

Тадбиркорларнинг фикрлари тингланиши билан бир қаторда, божхона органлари ва экспортёрларнинг самарали ҳамкорлигини ташкил этиш ҳамда иш унумдорлигига эришиш мақсадида тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Тадбир давомида шунингдек, Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан 2019 йил 1-чораги якуни бўйича фуқароларнинг мурожаатлари таҳлилига ҳам тўхталиб ўтилди. Тегишли ҳужжатлар талабларига мувофиқ ўтган давр мобайнида бошқарма томонидан жами 19 та мурожаатлар кўриб чиқилганлиги, мазкур мурожаатларнинг 7 таси кадрлар масаласи, 4 таси божхона назорати ва расмийлаштируви масаласи, 8 таси бошқа масалалар йўналишида бўлганлиги йиғилиш қатнашчиларига етказилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга келгусида ўзларини қизиқтирган муаммо ва саволлар юзага келган тақдирда, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ёки Наманган вилояти божхона бошқармасининг 234-33-01 рақамли “ишонч телефон”и орқали мурожаат қилиши мумкинлиги эслатиб ўтилди.

17.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг